Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Bo'limsiz / МУСТАҚИЛЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ

МУСТАҚИЛЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ

Юртимиз яна байрам оғушида. Мамлакатимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа – юртимизнинг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 34 йил тўлди. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди.

Ислом динида мустақилликнинг ўзига хос аҳамияти бор, чунки Аллоҳ таоло инсонни эркин қилиб яратган ва унга ўз танловини қилишда масъулият юклаган. Инсоннинг мустақиллиги Аллоҳнинг иродасига мувофиқ тарзда ҳаёт кечириш ва ўз ҳаёти учун жавобгар бўлишини англатади.

Дунёнинг айрим мамлакатларида нотинчлик ҳукм сурмоқда. Ўз юртидан бошқа диёрларга кетаётган қочқинлар кўпайган, бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилмоқда. Шундай даврда биз ўз юртимизда соғ-саломат, тинч-хотиржам яшашимизнинг ўзи катта неъмат. 

Умуман айтганда, барча неъматлар учун Аллоҳ таолога қанча шукр қилсак, шунча оз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “… агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз,  албатта, (уларни янада) зиёда қиламан…” (Иброҳим сураси, 7-оят).

– Мустақиллик  натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди;

– Мустақиллик  сабаб жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити кучайтирилди;

– Мустақиллик  туфайли юртимизни жаҳон ҳамжамияти таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати-ю, ёшларимизнинг ҳар соҳадаги ютуқлари, ғайрати ва азму шижоати туфайли ватанимизнинг шон-шуҳрати оламга ёйилди;

– Мустақиллик сабаб собиқ иттифоқ даврида зўравонлик йўли билан йўқ қилинган миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз, маросим ва байрамларимиз яна халққа қайтарилди;

– Мустақиллик шарофатидан муқаддас ҳаж ва умра амалларини бажаришга шарт-шароит яратилди;

– Мустақиллик сабаб жадидчи ота-боболаримизнинг номи тикланди;– Мустақиллик эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиши, қадр-қимматини англаши, муносиб ҳаёт кечириши, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиши каби имкониятларни яратди.

Ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқарган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётган, биз ёшлар келажагига мустаҳкам замин яратаётган Мустақиллигимиз бардавом бўлсин! Бу кун инсонларни Аллоҳнинг неъматларини эслаб, шукроналик қилишга, бир-бирларига яхшиликлар қилишга ундайди. Аллоҳнинг раҳмати остида, эркин ва мустақил яшаш – бу ҳар бир инсон ва миллат учун улуғ бахтдир.

Аллоҳ таолодан истиқлолимизнинг бардавом бўлишини сўраш баробарида шундай айём кунларида барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва икки дунё саодатини тилаймиз.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийул тумани «Қирсадақ» жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]