Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЗИКРУ ТАСБЕҲДАДИР БАРЧА ҲАЛОВАТ

ЗИКРУ ТАСБЕҲДАДИР БАРЧА ҲАЛОВАТ

Бугунги серташвиш дунёда кўпчилик бойлик орттириш, мол-дунё тўплаш, баланд-баланд иморатлар қуриш, қиммат машиналар миниш билан андармон бўлиб қолди. Кимдан сўрасангиз, орзуларига ета олмаётганидан, кўнгли хотиржам эмаслигидан, ҳузур-ҳаловат йўқлигидан нолийди.

Аслида, ризқ-рўз ҳам, мол-дунё ва фаровон ҳаёт ҳам иймон қувватида, ибодат ва тоатлар, тасбеҳ ва зикрлар бардавомлигидадир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бежиз: «Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)», демаган (Раъд сураси, 28-оят).

Қалбимиз зикр ва тасбеҳлар билан ором олади. Чунки Буюк Раббимиз кўплаб ояти карималарда – Ҳадид, Ҳашр, Саф суралари 1-оятларида «Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур», деб марҳамат қилган бўлса, Жумъа ва Тағобун сураларининг 1-оятларида «Осмонлардаги ва Ердаги (ҳамма) нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур», дейилган.

Шунингдек, Исро сураси 44-, Нур сураси 36-, 41-, Ҳашр сураси 24-оятларида ҳам етти осмон, Ер ва улардаги барча мавжудот ва махлуқот Парвардигоримизга тасбеҳ айтиши баён этилган.

Буюк саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир кунда 12 минг марта тасбеҳ айтган. У зотнинг оқ ипи бўлиб, унда мингта тугун бўлган. Шу ипни ҳар доим ёнида олиб юрган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобадир. У зотлар Набий алайҳиссаломнинг тарбияларини олган, набавий ахлоқ билан хулқланган эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтади: “Мен ҳар куни нафсим қарзини узиш учун (Аллоҳ яратганига шукр келтириш учун) 12 минг марта тасбеҳ айтаман” (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).

Демак, ҳар дарднинг давоси бор. Кўнгил хотиржамлигининг давоси зикр қилиш, тасбеҳ айтишдир.

Дониёр домла ИКРОМОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]