Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / САХОВАТ ВА МЕҲР-МУРУВВАТ АЙЁМИ

САХОВАТ ВА МЕҲР-МУРУВВАТ АЙЁМИ

Ҳайит муборак бўлсин!

Халқимиз меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик сингари ўзига хос ззгу фазилатларни асрлар давомида қадрлаб келади. Айниқса, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашдек эзгу амаллар сўнгги йилларда янада ривожланиб, тараққий этиб, янгича маъно-мазмун касб этиб бормоқда.

Эртага, 2025 йил 30 март куни мамлакатимизда Рамазон ҳайити кенг нишонланади. Рамазон ойи халқимизнинг маънавий-руҳий ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 26 мартдаги «Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига биноан юртимизда бу фазилатли кунлар миллий анъана ва урф-одатларимизга мос тарзда ўтказилади.

Рамазон ойи жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос эзгу хислатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашда муҳим аҳамиятга эга.

Муқаддас ислом динининг беш фарзидан бири бўлган бу файзли ой ўзининг шукуҳ ва таровати билан кишиларни ҳидоятга чорлайди. Рамазон ҳайити юртимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши муқаддас динимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Муҳтарам Президентимизнинг «Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи» ғояси асосида Рамазон ойида Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларида саховат тадбирлари амалга оширилди. Бу жараёнда маҳаллаларда истиқомат қилаётган ўзга миллат ва бошқа дин вакилларига алоҳида эътибор қаратилиб, кўнгли ўксик инсонларга қувончлар улашилди.

Кўплаб кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга ифторлик дастурхонлари ёзиб берилди. Хайрия тадбирлари доирасида вилоятдаги барча туманларда истиқомат қилувчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга ҳомийларни жалб қилган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ушбу айём миллатимиз маънавиятига хос меҳр-оқибат, аҳиллик, ўзаро ҳурмат-иззат сингари фазилатларни юртдошларимиз қалбида янада мустаҳкамлаб, ёш авлод онгига сингдириб эртанги кунимизнинг янада чароғон бўлишини, эзгу мақсадларимиз ижобатини таъмин этиш учун қулай фурсатдир. Шу боис, энг катта бойлик – тинчликни мустаҳкамлаш, уни доимо асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Имом-хатиблар ҳамда маҳаллалар ходимларини жалб этган ҳолда, аҳоли ўртасида муборак Рамазон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини тарғиб этиш, ёш авлодни истиқлол ғоясига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Рамазон ҳайитини саранжом-саришталикда, юртимизни янада обод этган ҳолда кутиб олиш халқимизнинг азалий қадриятларидандир. Ҳайит арафасида вилоятимиздаги барча масжидлар, зиёратгоҳлар, табаррук қадамжолар ободонлаштирилди.

Барча юртдошларимизни муборак Рамазон ҳайити билан самимий қутлайман. Аллоҳ таоло бу улуғ ойда қилинган хатми Қуръонлар шарофатидан юртимизга файз, барака ёғдирсин. Юртимизни тинч, осмонимизни муссаффо, халқимиз ҳаётини, турмушини бундан-да маъмур вва фаровон айласин. Келаси Рамазон ойига тинчлик-хотиржамлик, ҳузур-ҳаловватда, бағрибутунликда етиб олайлик.

Дониёр домла ИКРОМОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]