Оила Аллоҳ таоло Ўз ҳоҳиш-иродаси ила жорий қилган улкан тарбия маскани эканини яхши англаб олишимиз лозим. Инсон зотининг яратилишида оила муҳим бўғин экани Қуръони каримда баён этилган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Раббингиздан қўрқинглар!» (Нисо сураси, 1-оят).
Исломда эр-хотинга ота-она сифатида фарзанд тарбиясидек шарафли ва масъулиятли бурч юклатилган. Негаки, солиҳ фарзандлар тарбия қилинган оилалардан салоҳиятли жамият қурилади. Аксинча, бетарбия фарзандлар етиштирган оилалардан маънан бузуқ жамият вужудга келади. Шунинг учун ҳам динимизда фарзанд тарбия қилиш ибодат даражасига кўтарилган.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши фарзандини одобли этиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни ярим соъ садақа қилишдан яхшироқдир”, дедила (Имом Термизий ривояти).
Ҳадисда келтирилган “соъ” ўлчов бирлиги икки килограм донга тўғри келиб, очарчилик ёки тақчиллик вақтида ярим соъ дон садақа қилиш катта миқдордаги садақа бўлиши ҳеч кимга сир эмас.
Тарбия билан фарзандда гўзал хулқ шаклланади. Гўзал хулқли инсон эса икки дунёда улкан мартабаларга эришади.
Эрали САРИЕВ,
Бекобод тумани “Туркман” жоме масжиди имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги