Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фиқҳ ва фатволар / Фитрнинг вожиб бўлиш шартлари

Фитрнинг вожиб бўлиш шартлари

Садақаи фитр хур, мусулмон ва ўсмаса хам закот нисобига молик бўлган одамга вожиб бўлади. Бир кишининг нисобга етган моли бўлиб, у ўсадиган бўлса, закот берар эди. Аммо садақаи фитрда молнинг ўсиши шарт эмас. Нисобга етса, бўлди. Ўсмаса ҳам, садақаи фитр бериши вожиб бўлаверади. Чунки фитр садақаси бериш имкони борга вожиб қилинган. Нисоб ила унга садақа олиш ҳаром бўлади ва қурбонлик ҳамда яқинларига нафақа бериш вожиб бўлади.

Кишининг молу мулки кўпайиб, нисобга етгандан кейин бойга айланади. Бой одамга ўзига яраша молиявий вазифалар юкланади. Унинг закот ва садақа олиши ҳаром бўлади. Бой кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Бой одам учун ўзининг яқин қариндошларининг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Садақаи фитр бериши ҳам унинг зиммасига вожиб бўлади.

У садақаи фитрни ўзидан, фақийр бўлгани учун ёш боласидан, мулки бўлгани учун ходимидан, агар у мудаббар, умму валад ёки кофир бўлса ҳам, беради. «Мудаббар» – хожаси «мен ўлганимдан кейин озодсан» деб қўйган қул.

«Умму валад» хожасидан бола кўрган чўри.

Бу икки тоифанинг нафақаси хожага вожиб бўлади ва уларни сотиб юбориш мумкин бўлмайди.

Киши хотини, катта боласи, бой бўлган ёш боласи номидан садақаи фитр бермайди. Бой бўлган ёш болага ўзининг молидан берилади. Шунингдек, биров ўзининг мукотаби, тижорат учун ушлаб турган қули, қочиб кетган кули(илло, у қайтганидан кейин), шериклик қули ва шериклик қуллар номидан садақаи фитр бермайди.

Бу матнда зикри келган ва бой киши уларнинг номидан садақаи фитр бериши лозим бўлмаган шахсларга оид Ҳукмларнинг баъзилари ҳозирда ҳам давом этаётган бўлса, баъзилари ўтган замон хабарига айланган. Ана ўша ўтган замон хабарига айланган тоифалар кишининг мукотаби, тижорат учун ушлаб турган қули, қочиб кетган кули, шериклик қули ва шериклик қуллардир. Ҳукми боқий қолганлари эса қуйидагилар:

1. Хотини. Хотин мустақил шахсдир. У эрига мулк ҳам эмас, тўла карам хам эмас. Хотинда эрнинг фақат жуфти ҳалоллик хаққи бор, холос. Хотиннинг мустақил мулк тутиш ҳаққи бор. Шунинг учун, садақаи фитр каби молиявий ибодатларни унинг ўзи адо этади. Аммо эр ўз ихтиёри билан хотини номидан садақаи фитрни адо этса, жоиз бўлади. 

2. Катта боласи. Балоғатга етган бола ўзи мустақил шахс бўлади. У мукаллаф бўлади. Ўзидан содир бўлган ишларга жавобгар бўлади. Ўзида мулк мустақиллиги бор. Бинобарин, у молиявий ибодатларини ўзи адо этади.

3. Бой бўлган ёш боласи. Чунки, бу боланинг ўз бойлиги бор. Шунинг учун, унга вожиб бўлган садақаи фитрни ўзининг молидан адо этилади.

Садақаи фитрни бериш Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Уни олдиндан бериш жоиз. Кейинга қолса хам, вожиблиги соқит бўлмайди.

Фитр садақаси бериш Ийди Фитр куни тонг отиш билан вожиб бўлади, дейдилар Ҳанафий мазҳаби уламолари. Аммо, рамазоннинг аввалидан бераверса хам бўлади. Намоздан кейинга қолдирмаслик керак.
Билингки, бандага закотида бажариши лозим бўлган куйидаги вазифалар бор:

1. Закотдан мурод нималигини фаҳмлаши керак.

У уч нарсадан иборат: Аллох таолонинг муҳаббатини даъво қилувчини ўзи мухаббат қўйган нарсасини чиқариши билан синаш Ҳалокатга олиб борувчи бахиллик сифатидан покланиш:

Мол неъматига шукр қилиш. 

2. Риёкорликдан холий бўлиш учун закотни сир тутиш.

Уни изҳор қилишда фақийрни хорлаш бор. Агар, закотни бермади, деган тухматдан қўрқса, бефарк факийрларга жамоат ичида очик беради. Бошқаларга сир равишда беради.

3. Закотини миннат ва озор бериш ила бузмайди. Чунки, инсон ўзини фақийрга эҳсон қилган ҳолда кўрса, унда мазкур нарса ҳосил бўлиши мумкин. Аслида эса, у ишга ҳақийқат назари ила қараса, фақир ундан Аллоҳ таолонинг унга буюрган ҳаққини қабул қилиш ила унга яхшилик қилган бўлади. Бу иш уни поклайди. Закот берувчи яхшироқ ўйлаб кўрса, унинг закот чикариши мол неъматига шукрдир. У билан фақийр ўртасидаги муомала эмас. Шунинг учун, фақийр фақийрлиги учун ҳақоратланмаслиги керак. Чунки, фазл молда ёки молнинг йўқлигида эмас. 

4. Бераётган нарсасини кичик санаши лозим. Чунки, ишни катта санаган одам у билан фахрланади. Айтилишича, яхши иш уч нарса билан: уни кичик санаш, тезлатиш ва сир тутиш ила тугал бўлади. 

5. Закот берувчи молидан энг халолини, энг яхшисини ва ўзига энг маҳбубини чиқарсин. Ҳалолига келсак, Аллоҳ таоло покдир, покдан бошқани қабул қилмас.

Яхшисига келсак, Аллох таоло: «Ёмонини қасд қилиб, ундан инфок қилманг», деган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кифоя 2-қисм

[carousel-horizontal-posts-content-slider]