Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Муборак кунларда муҳтожларга эҳтиром энг олий қадриятдир

Муборак кунларда муҳтожларга эҳтиром энг олий қадриятдир

Ислом инсон қадрини ниҳоятда юқори даражага кўтаради. Динимизда инсоннинг қадр-қиммати унинг қалби поклиги, мақсади эзгулиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солинганда одамлар ҳақиқий қадрини топади. Зотан, Ислом дини нозил қилинишининг бош сабаби ҳам, бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон қадрини улуғлашдир.

2023 йилнинг 17 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар аъзоларини умра зиёратига жўнатиш тўғрисидаги илтимосига розилик бергани хайрли воқеа бўлди.

Тошкент вилоятининг ҳар бир туман-шаҳаридан 4-6 нафардан, жами 100 нафар ана шундай инсонлар кечагина умра сафаридан қайтди. Муқаддас шаҳарда уларга яратилган шароитлар бутун дунё мусулмонлари ҳавасини келтиргани рост. Аслида, камбағаллик айб эмас. Чунки Аллоҳ таоло кимнидир бой, кимнидир эса қўлини калтароқ қилади. Жамиятда ижтимоий мувозанат бузилмаслигининг олдини олиш мақсадида Ислом эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишни фарз қилди. Бу жуда савоби улуғ амалдир.  

Исро сурасининг 70-оятида “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (уловла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”, деб марҳамат қилинган.  

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифда “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, деганлар. Дарҳақиқат, юртимизда инсонга ғамхўрликнинг, эътиборнинг, эҳтиромнинг энг олий намунаси сифатида муҳтож кишиларнинг умрага жўнатилганини алоҳида эътироф этиш зарур.  

Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг муҳим, айниқса, бугунги кун учун қайта-қайта эслаб турадиган бир сўзи бор: “Аллоҳ таоло Қуръон билан ҳал бўлмаган ишларни султон билан ҳал қилади”. Подшоҳ, одил раҳбар эътиборидан ҳеч нарса четда қолмайди, шу жумладан, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларни умра сафарига жўнатиш ҳам.  

Бундай бахтга мушарраф бўлган юртдошларимиз кўнгли тоғдек кўтарилиб, инсон қадри улуғланган юртда туғилгани учун шукроналар келтирмоқда. Ушбу хайрли ишлар бошида турганларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишяпти. Рост-да, сизга яхшилик қилган инсонни, айниқса, бир умрлик орзуингиз бўлган муқаддас заминга бориб, умра ибодатларини бажариб келишга кўмаклашган инсонларни дуо қилмай бўладими?!  

Ишончимиз комил, умра ибодатларини адо этиб келган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзаларини кўрган, Каъбада тўйиб-тўйиб ибодат қилган эҳтиёжманд оилалар вакиллари бир умр шу ишга ҳисса қўшганларни алқаб ўтишади.  

Умрага бориб келган юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, ҳазрат Алишер Навоийнинг гўзал бир байти эсимга тушди:  

Мурувват – барча бермакдир, емак йўқ,  

Футувват – барча қилмакдир, демак йўқ.  

Бу каби саъй-ҳаракатлар жамиятимизда инсонларнинг бир-бирига меҳр-оқибатли қилади.

Жасурбек РАУПОВ,  

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]