Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ЗИЁРАТЧИЛАРИ УМРАГА ЖЎНАБ КЕТИШДИ

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ЗИЁРАТЧИЛАРИ УМРАГА ЖЎНАБ КЕТИШДИ

Мусулмонлар қибласи бўлмиш Каъбатуллоҳни, коинот султони Муҳаммад соллллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак равзаларини кўришни истамаган, бу муқаддас заминларда тўйиб-тўйиб ибодат қилишни хоҳламаган мўмин бўлмаса керак.

Аллоҳ таолога шукрки, икки йиллик танаффусдан сўнг умра зиёарати яна қайта тикланди. Навбати билан юртимизнинг барча ҳудудларидан зиёратчилар сафарга отланишмоқда.

Бугун, 4 февраль куни соат 09:00 да “Умра – 2022” мавсумининг навбатдаги зиёратчилари – Тошкент вилоятидаги ҳамюртларимиз Тошкент халқаро аэропортидан HY 3309-сонли рейс билан Тошкент–Жидда йўналиши бўйича муқаддас заминга учиб кетишди.

Муборак сафарга йўл олган юртдошларимизни Тошкент вилояти ҳокими, вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят бош имом-хатиби, вилоят мутасаддилари ва зиёратчиларнинг яқинлари, ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида кузатиб қўйишди.

Зиёратчиларимиз Саудия Арабистонидаги Жидда шаҳрига етиб боргандан сўнг замонавий автобусларда Мадина шаҳрига бориб, барча шароитларга эга меҳмонхонага жойлашадилар. Кейин эса Мадинаи мунавварадаги зиёратларни бошлашади, иншоаллоҳ.

Мазкур рейс 14 февраль куни Тошкентга қайтиб келади.

Аллоҳ таоло зиёратчиларимизнинг сафарларини бехатар қилсин. Ибодатларини мақбул, гуноҳларини мағфур айласин. Муқаддас заминга боришни ният қилган барча юртдошларимизга умра ва ҳаж сафарларини насиб қилсин!


Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

[carousel-horizontal-posts-content-slider]