Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / МУКОФОТЛАР МУБОРАК БЎЛСИН!

МУКОФОТЛАР МУБОРАК БЎЛСИН!

Инсон қалбида мудом бир туйғу жўш уради: бу – она-Ватанга муҳаббат, муқаддас Ислом динига хизмат, киндик қони томган юртга садоқат, эл дарди билан яшаш. Бу фазилатларни фаолиятининг асосий мезони деб билган киши асло кам бўлмайди, ҳеч қачон рўшносиз қолмайди. Бунинг амалдаги исботига Мустақиллигимизнинг 30 йиллги муносабати билан шоҳид бўлиб турибмиз.

Бугун, яъни 2021 йил 28 асгуст куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бир гуруҳ таниқли уламолар, исломшунос олимлар, тажрибали имом-хатиблар, моҳир мударрислар, фаол отинойилар ва диний соҳа ходимлари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди.

Тақдирланган орасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, у кишининг муовинлари, фахрий имом домлалар, айни пайтда вилоятда имом бўлиб ишлаётганлар ҳамда отинойилар ҳам бор.

Хабарингиз бор, 2021 йил 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Бугун Янги Ўзбекистонда қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, меҳнат қилган, фидойилик кўрсатган, халқини, динини ўйлаган инсон давлатимиз эътиборида, ғамхўрлигида экани барчани манун этяпти.

– Камтарона хизматларимизга берилган юксак мукофот кишига фахр-ифтихор туйғуларини бахш этади, – дейди Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов. – «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони вилоятимизда диний-маърифий соҳада 20 га яқин киши мукофотланди. Бунинг учун Раббимизга чексиз ҳамду санолар бўлсин. Диний соҳа ходимларини рағбатлантираётган муҳтарам Юртбошимиз,  раҳбарларимиз ҳамиша соғ-омон бўлишсин. Истиқлолдан аввал диний соҳа ходимлари давлат мукофотларига тавсия этилиши у ёқда турсин, ҳатто нуфузлироқ йиғинда сўзга чиқишга ҳам ҳаққи йўқ эди. Шукрки, истиқлол туфайли кўксимизга ҳурлик эпкини тегиб, виждон ва эътиқод эркинлигимиз таъминланяпти.

Дарҳақиқат, бугунги саодатли кунларга қанча шукр қилсак кам. Дориламон кунларнинг қадрига етиш учун қийинчилик ва қаҳатчилик йилларини кўрган улуғларимизнинг сўзларига қулоқ осишимиз керак.

– Собиқ тузум даврида имомларимизга осон бўлмаган, – дейди Тошкент тумани “Ҳасанбой ота” масжиди имом ноиби 91 ёшли Яҳё домла Турдиев. – Виждон эркинлиги, эътиқод мустаҳкамли ҳақидаги гаплар фақат қоғозда эди. Амалда бир оғиз диний гап гапирган одамнинг бошига не кунлар солинди. Шукрки, бугун озодлик ҳавосидан нафас олиб, масжидлармизда бемалол ибодатларни адо этяпмиз. Миноралармиздан азонлар янграб турибди. Рамазон ойида масжидларимизда Қуръони карим хатм қилинаётгани юртимизга нур, файз, барака келишига сабаб бўляпти. Илоҳим, фараҳбахш кунларимиз давомли бўлсин!

Таъкидлаш жоизки, истиқлол туфайли одамларнинг динга бўлган муносабати бутунлай ўзгарди. Фарзандларимизга Ислом динининг соф таълимотини ўргатяптиз. Масжиду мадрасаларимиз ишлаб турибди.

Асосий ютуғимиз кишилар дунёқараши, тафаккуридаги ўзгаришлардир. Фуқароларда ватанпарварлик туйғуси очиқ-ошкора сезиляпти, диним деб, элим деб, юртим деб жон куйдираётган фидойилар ҳар қадамда учрайди. Меҳр-оқибат, қадр-қиммат ҳаётий эҳтиёж даражасига кўтарилди. Ана шундай муносабатлар шаклланган жойдан файз-барака, тўкин-сочинлик ва аҳил иноқлик аримайди.

Энг улуғ ва энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида, 30 йиллик истиқлол тўйи муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланган имом домлаларимизни самимий муборак этамиз!

Аллоҳ таоло барчаларининг тану жонларини саломат қилиб, Ўз дини йўлида, Ватан равнақи йўлида амалга ошираётган ҳамма хайрли ишларида улкан муваффақиятларни ато этсин!

Тақдирланганарнинг тўлиқ рўйхати:

Раупов Жасурбек Тўраевич – Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакили

Миржалилов Миродил Шавкатович – Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилоят вакили ўринбосари ва Қибрай тумани “Дўрмон” масжиди имом-хатиби

Қудратов Зайнилобидин Музаффарович –       Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилоят вакили ўринбосари ва Пискент тумани “Мулла Бўта қози” масжиди имом-хатиби

Нортожиев Зиёвуддин Муҳиддинович –  Ўзбекистон мусулмонлари дорасининг Тошкент вилоят вакили ўринбосари ва Чиноз тумани “Қози маҳалла” масжиди имом-хатиби

Яҳё Турдиев – Тошкент тумани “Ҳасанбой ота” масжиди имом ноиби

Эршашев Ғуломиддин Юсуфжонович – Тошкент тумани “Абдуллоҳ ибн Аббос” масжиди имом-хатиби

Эрназаров Суннатилла – Пискент тумани “Собирхон ота” масжиди имом-хатиби

Мажалимов Ғайбулла Нурматович – Зангиота тумани “Фатҳ” масжиди имом-хатиби

Шокиров Илёс Абдусаидович – Зангиота тумани “Имоми Аъзам” масжиди имом-хатиби

Туронов Жамолиддин Жўраевич – Ўрта Чирчиқ тумани “Бургалик” масжиди имом-хатиби

Акмалов Абдулҳаким Мажидович – Оҳангарон шаҳри “Хонобод” масжиди имом-хатиби

Мавлонов Нурали Раимович – Зангиота тумани “Абу Бакр Сиддиқ” масжиди имом-хатиби

Шарипов Баҳриддин Ғаффорович – Бўка тумани “Ўрта Қўрғон” масжиди имом-хатиби

Мирҳамидов Обид Мирғофир ўғли – Чирчиқ шаҳри “Марказий” масжиди имом-хатиби

Имомова Нигора Камолиддиновна – Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилоят вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Холмирзаева Ибодат Мусаевна – Бекобод туман ХҚ масалалри буйича бош имом хатиб ёрдамчиси

Толибжон НИЗОМ

[carousel-horizontal-posts-content-slider]