Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Инсонлар орасини ислоҳ қилиш

Инсонлар орасини ислоҳ қилиш

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамд, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаларига саловоту саломлар бўлсин!

Динимиз таълимотига кўра бизлар бир – биримизга яхшилик қилишга буюрилганмиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг” (“Ҳужрот” сураси, 10-оят). Инсонларга яхшилик қилишнинг энг гўзал намуналаридан бири – бу инсонлар орасини тузатиш, ўртадан гина – кудратларни кўтаришдир.

Бир куни Ҳазрати Фотима онамиз: “Ё, Али! Ҳасан ва Ҳусайн оч, уйда ейдиган нарса қолмади. Бирон егулик олиб келмайсизми?” – дедилар. Ҳазрати Алининг ёнида бор-йўғи олти дирҳам пули бор эди. Шунга бирон егулик олиб келарман деган хаёл билан уйдан чиқиб кетиб борар экан, йўлда икки нафар кишининг жанжаллашаётганига гувоҳ бўлиб қоладилар. Сабабини сўраса, биринчиси иккинчисидан олти дирҳам қарз эканини, шу боис тортишаётганларини биладилар. Ҳазрати Али мўминлар бир-бирига биродар эканини таъкидлаб, дунё матоҳлари жанжал қилишга арзимаслигини айтиб, ёнидаги олти дирҳамни қарз берувчига берадилар ва икки инсоннинг ўртасини ислоҳ қилиб, орқага қайтадилар. Уйига қўли бўш қайтган Ҳазрати Али Фотима онамизга бўлган воқеани айтгач, жаннатий аёлларнинг саййидаси юзига табассум югуради ва эрининг қилган ишидан мамнун бўладилар. Бир оздан сўнг оч қолган Ҳасан билан Ҳусан йиғлашга тушади. Буни кузатиб туришга тоқати етмаган Ҳазрати Али Аллоҳга тавваккул қилиб, кўчага чиқадилар. Йўлда бир одамга дуч келадилар. У: “Ё Али, бу туяни сенга сотишни хоҳлайман”, – дейди. Ҳазрати Али: “Аммо менинг пулим йўқ”, – дейдилар. “Сенга арзонга бераман. Бор-йўғи 150 дирҳам”, – дейди ҳалиги киши. “Аммо менинг пулим йўқ, тушун ахир” – дейдилар. Шунда у киши: “Майли, топганингда берасан”, деб туянинг арқонини Ҳазрати Алининг қўлига тутқазиб кетади. Туяни олиб уй томон йўналар эканлар яна бир кишига дуч келиб қоладилар. У киши: “Эй, Али. Туянг менга жуда ёқиб қолди. Уни менга сотмайсанми? Унинг учун 300 дирҳам бераман”, – дейди. Ҳазрати Али: “Лекин мен уни 150 дирҳамга олдим”, – дейдилар. “Майли, мен уни 300 дирҳамга сотиб оламан”, – деб, туянинг ҳаққини беради. Ҳазрати Али жуда хурсанд бўлиб, егуликлар олиб уйга қайтадилар. Кейин Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кулиб кутиб оладилар-да: “Эй Али, шу туявоқеасини бир гапириб берчи”, – дейдилар. Ҳайрон қолган Ҳазрати Али бўлган воқеани гапириб берадилар. “Сен икки инсон орасини ислоҳ қилдинг. Аллоҳ таоло Жаброил орқали сенга туяни сотди ва Исрофил ила уни сендан қайта сотиб олди. Ҳар кимки инсонлар орасини ислоҳ қилса, у мендандир”, – дедилар.

Ҳозирги кунимизга бир назар ташлайлик. Арзимас сабаб туфайли аразлашиб юрган жигарлар, гина-кудратлар боис хафагарчилик гирдобидаги яқинлар, юзкўрмас бўлиб кетган дўст – биродарлар. Ачинарлиси, уларнинг орасини яхшилаш, яраштириш ўрнига баттар жанжални оловлантираётганлар учрайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ислоҳ қилувчи бўлишимиз лозимлигини таълим берадилар. Хусусан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар» (Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни бир – бирига яхшилик қилувчи ва икки дунёда саодатли бандаларидан қилсин!

Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме масжиди имом-хатиби Абдулахад Саиджахонов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]