Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ижтимоий фанлар халқаро фестивали доирасида Ўзбекистон маданий ва тарихий меросини тарғиб қилиш, Ислом динининг ҳақиқий қадриятларини очиб бериш мақсадида Ислом санъати кўргазмаси бўлиб ўтмоқда, дея хабар берди uza манбаси.
Ушбу кўргазма учун тақдим этилган барча санъат асарлари Ислом оламининг буюк олими Имом ал-Бухорий тўплаган Саҳиҳи Бухорий ҳадисларидан илҳомланган ижод маҳсулларидир.
Кўргазма «Dacore IT», Буюк Британиянинг Лестер университети ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган.
Кўргазмада таниқли уста рассомлар билан бир қаторда халқаро кўргазма ва фестивалларда қатнашган ёш рассомлар ҳам иштирок этмоқда. Кўргазма иштирокчилари орасида таниқли миниатюрачи Давлат Тошев, китобот санъати бўйича тажрибали рассом Камолиддин Aбдуллаев, ёш ва истеъдодли рассомлар, хаттот Шейха Aбдуллаева, графикачи рассом Ёқуб Бекназаров ва фотосуратчи Мухиддин Aли каби таниқли маданият намояндалари бор. Халқаро миқёсда тан олинган «Сўғдиёна» миллий чолғу-асбоблари камер оркестри кўргазма учун махсус янги «Зикр» номли композиция яратган.
– Тадбирнинг ахамияти шундаки, ислом санъати бутун мусулмон дунёсида катта тарихга эга, табиийки, бу тарихда Марказий Осиёнинг ҳам ислом саънатига кўшган ҳиссаси беқиёс, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Шовосил Зиёдов. – Шундай экан, биз уни асраб-авайлаб кейинги авлодга етказишимиз керак. Хаттотлик ва меъморий санъат ҳанузгача давом этиб келмокда, уни ҳозирда яна ривожлантириш керак. Устозлар ёрдамида шогирдларга етказишни қўллаб-қувватлаш лозим. Зеро, санъатдан баҳраманд бўлган инсондан фақат эзгулик кутамиз.
Имом ал-Бухорийнинг фақат саҳиҳ ҳадисларни тўплаш борасидаги изланишлари ва саёҳатлари ҳақида фикр юритган ҳолда, ушбу кўргазма бир қатор ижодкорларни бирлаштирди. Ижодкорлар ўзларининг ижодий илҳомлари орқали тинчлик, донолик ва бағрикенгликни ўзида мужассам этган эзгу дин – Ислом ғояларини ҳалқаро даражадаги санъат мухлисларига бўлишни мақсад қилди.
7 ноябрда бошланган мазкур фестивал 30 ноябрга қадар давом этади.

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги