Бугун 4 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида янгидан қайта бунёд этилган «Миям Қангли» жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Маросимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар домла Қаюмов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби в.б Нурали домла Мавланов, туман ҳокими ва масжидга ошно кишилар ташриф буюрдилар.

Дарҳақиқат, масжид бунёд этиш нечоғли савобли амал эканлиги барча мўмин мусулмонлар учун маълум. Шу аснода ушбу масжид қурилишида жонбозлик кўрсатган Хайруллоҳ домла Турматов роҳимаҳуллоҳ ёдга олиниб, қилган хайрли ишлари барчага намуна ва ўрнак эканлиги айтиб ўтилди ва хақларига дуолар қилинди.

Янги масжид саховатпеша халқимиз ташаббуси билан ҳамда ҳомийлар кўмагида қурилиб, мўмин мусулмонлар учун фойдаланишга топширилди. Юқори Чирчиқ туманида ҳозирда бешта жоме масжид барпо этилган бўлиб, замонавий усулда қурилган. Масжид биносига 15 сотих ер ажратилиб, қурилиш ишлари 2019 йилда бошланган. 350 кишига мўлжалланган масжид сал кам бир йил мобайнида қуриб битказилди. Янги қурилган Аллоҳнинг байти замон талабларига мос равишда қурилган бўлиб, барча қулайликларга эга ҳолда намозхонларга тақдим этилди.
Маросимда Қуръони Карим тиловати ўқилиб, хайрли дуолар қилинди.

Аллоҳ таоло «Миям Қангли» жоме масжидининг қурилиш ишларида хоҳ жисмоний томондан, хоҳ иқтисодий томондан кўмаклашган барча юртдошларимиздан Ўзи рози бўлсин. Масжидни қиёматга қадар боқий бўлишини, намозхонлар билан тўлиб тошишини насиб этсин!



Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги