Ислом динида мункар, қайтарилган ишлардан бири аразлашишдир.
Аллоҳ таоло инсониятни бу балодан қаттиқ қайтарган. Одам боласининг бир-биридан аразлашиши асло дуруст эмас. Чунки, ҳаммамиз бир ота, бир онанинг болаларимиз. Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 10-оятида шундай дейилган: «Албатта, мўъминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳдан қўрқингиз, шоядки раҳим қилинсангиз».
Бу оятнинг тафсирида барча мўъмин-мусулмонлар ака-укадир, опа-сингилдир. Шундай экан, улар ҳеч қачон ўзаро урушмаслиги, аразлашмаслиги, хафалашиб, кек, гина сақламаслиги лозим ва лобуд бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам сизу-бизни араздан, гинадан, ўзаро хафалашиб юришдан қайтарганлар.
Бир муборак ҳадисда шундай дейилади: «Ким биродари билан бир йил аразлашиб юрса, унинг қонини тўккан билан баробардир». Яна бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилганлар: «Мусулмон кишига ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас, учрашиб қолсалар, у ҳам юз ўгириб кетади, бу ҳам юз ўгириб кетади. Икковининг яхшироғи ассаломни биринчи бошлаганидир».
Демак, мусулмон одам учун, бошқа мусулмон одамдан аразлашиб юришга, гаплашмай, кек, гина сақлаб юришга ҳаққи йўқ, чунки бунга йўл йўқ, рухсат йўқ.
Аммо, орамизда бундай одамларнинг, оз бўлса-да, бор эканлиги жуда уятли ва қайғули ҳолатдир. Уларнинг аксарияти ёши катталар эканлиги айни бедодликдир.
Баъзи маҳалладошлар, уйдошлар (кўп қаватли уйда яшовчилар), ҳамкасабалар, ёру-дўстлар, дугоналар, қўни-қўшнилар, қавми-қариндошлар (амакилар, амма, хола, тоғалар, ака-укалар, опа-сингиллар, қуда-андалар, қайнилар, ҳаттоки эр-хотин, ота-бола, она-болалар) соатлаб, кунлаб, ойлаб аразлашиб юришади. Биз, одамлар орасида кўп бўламиз, биламиз. Бундайларни номма-ном, уйма-уй биламиз, ҳаттоки. Яраштиришга ҳаракатлар қилганмиз, қиляпмиз. Айримлари бир-бирини айблаб, айбини бўрттириб, ғийбат ва чақимчилик қилиб юришади. Бу ҳам етмаганидек, душманлик қилиш, ёмонлик қилиш пайида бўлишади, қилишади ҳам. Бу энди, катта гуноҳларнинг энг каттаси. Икки дунёси куйиб кетади, ахир уларнинг. Шунинг учун бир-биримизни кечирайлик. Қадамни биринчи бўлиб ташлайлик. «У айбдор эди, унинг айби катта эди, у бошласин», деб ўтирмайлик.
Савобнинг каттасини биринчи қадам ташлаган одам олади. «Майли, савобнинг каттасини у олақолсин, мен эса кутаман», дейиш ҳам асло ярамайди. Пайсалга солиш, чўзиб юриш ҳам мумкинмас, ҳалолмас.
Биродарлар, опа-сингиллар, нима бўлса бўлди, нима ўтса ўтди. Энди тўхтайлик, энди тўхтатайлик.
Ўрни келганда айтиш керак, бу гап яна баъзи одамларга, яъни давлатга, сиёсатга араз қилиб, жаҳл қилиб, ёки алданиб, чет элларда юрган ватандошларимизга ҳам тегишлидир. Улар ҳам, ҳаммасини унутиб, кечиримли бўлиб, оилалари, қавми-қариндошлари бағрига, даврасига тезроқ қайтсалар бўларди. Энг тўғриси ҳам, энг яхшиси ҳам, шу аслида. Уларнинг динимизга ҳам, дунёмизга ҳам, давлатимизга ҳам, диндошларимизга ҳам, фойдаларидан кўра, зарарлари кўпроқ бўлаётганини, ўйлаб кўрсалар, яхши бўлур эди.
Шундай қилиб, орани ислоҳ қилиш, ҳар биримизнинг мўъмин-мусулмонлик бурчимиз, вазифамиздир.
Камина бу борада, озгина бўлса-да, хизматини, ҳиссасини қўшишга интилмоқда. Келинг энди, ҳар бир инсон ўз ҳиссасини, хизматини қўшсин. Аразлашганлар аразини тўхтатса, иложи бўлса, буни шеригига билдирса, ўша одамнинг хизмати, ҳиссаси меникидан ҳам, ҳамманикидан ҳам кўп ва хўп бўлур эди, иншаАллох.
Аллоҳ таоло ҳаммамиздан рози бўлсин, гуноҳларимизни кечирсин, ўтганларимизни раҳмату-мағфират қилсин. Қалбларимизга биродарлик, ака-укачилик, опа-сингиллик туйғуларини, ҳамда имон-эътиқод, инсоф-тавфиқ, рушду-ҳидоят уруғларини янада чуқурроқ жо айласин.
Янгийўл тумани «Гулбаҳор» жоме масжиди
имом-хатиби Нуриддин Ҳошимов

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги