Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Ҳаракатда – баракат (2-қисм)

Ҳаракатда – баракат (2-қисм)

Буюк режаларни мўлжаллаётган ихлосли биродарим!

Папкаларингиз ичидан умидсизлик папкасини ўчириб ташланг. “Ëқиш” тугмаси доим ишлаб турсин.

Унутманг! Сиз бир муаммо эмассизки, сизга ечим қидирсак. Аксинча, сиз бир жавоҳир бўлиб, сизга мос ўрин излаш керак. Атрофингиздан сизни кўкартирадиган  қулай ўрин топинг ва унда кўтарилинг.

Вақтинчалик иш таклиф қилишса ҳам рози бўлинг. Ўша соҳада тажриба орттирасиз, пул тўплайсиз, вақтингизни самарали ўтказган бўласиз.

Томас Харв Экер “Миллионернинг ақлидаги сир” китобида касб масаласида унинг қарашларини ўзгартирган бир воқеа ҳақида сўз юритади: “Чиройли ўрмонда дам олаётган эдим. Бир пайт ёмғир қуйиб қолди. Мен дарров чодирим ўрнатдим ва ёмғир тинишини кутиб ичига кириб ўтирдим.

Ёмғир тинди. Ташқарига чиқиб қарасам ҳамма ёқ ҳўл экан. Энди ёмғир ёғгандан кейин ҳўл бўлади-да. Эътиборли жойи шундаки, энг кўп шилта бўлган ер чодиримнинг ёнлари экан. Сабаби, осмондан тушган ёмғирни чодир атрофига йиғиб туширар ва атрофини кўлмакча қиларкан. Ҳолатни кўриб, бир ҳақиқатни кашф қилдим: Парвардигорнинг ризқлари ниҳоятда кўп. Теварагимизда у ризқни қўлга киритишимиз учун имкониятлар ҳам бисёр. Ризқ худди осмондан тушган ёмғирга ўхшайди, ҳамма ерга ёғади, аммо ўзини чодирга ёхуд қобиққа урган одам бу неъматдан бенасиба қолар экан. Унинг устидан ёғилаётган ризқлар чодирига урилиб, атрофга сочилиб кетадию, чодир эгаси маҳрумлигича қолаверади. Луқма илинжида, пешона терим билан нон топаман, деган одам унинг чодири атрофига келиб янада кўпроқ улушни қўлга киритиб кетади. Шунинг учун ҳам кўп давлатларда маҳаллий аҳолидан кўра четдан келган мигрантлар кўпроқ даромад қилишади. Бу мигрантлар ҳам ичкарида чодирда мазза қилиб ётгиси келади. Аммо улар ёмғирни ёғдираётган булутлар кетидан юриб, ўз насибаларини йиғиб юришади”.

Дўстим, сиз ҳам дангасалик шийпонидан чиқинг. Ҳамма нарсадан қўл ювиб қўлтиққа урмасдан, оёқни кўтариб ётавермасдан, Карим, Раззоқ бўлган Парвардигорнинг ризқларидан қидиринг. Ўз улушингизни олишга талпининг.

Ўзингиз суймаган ишнинг қобиғидан чиқинг. Модомики атрофингизда ёмғир булутлари сузиб юрган экан, ўшаларга интилинг. Сизни ишингиздан совутмоқчи эмасман. Балки бундан ҳам афзалроқ сабаблар бордир деган фикрни айтмоқчиман. Ўлжали вазиятлар бўлиб қолса, ғанимат билиб, ўша орқали ҳам ризқ топиб қолишни ҳаракатига тушинг. Атрофингиздаги тўсиқлардан воз кечиб, белда куч бор экан, ишга шошилинг.

Ҳаракатингиз, фаоллигингиз ва Раббингиз ҳақидаги яхши умидларингиз билан бирон кичик лойиҳа бошланг. Бирон ишнинг бошини ушлаб, режа қилинг.

Бировни сизни чақиришини ё телефон қилиб алоқага чиқишини, сизга иш топилгани ҳақида хат келишини кутиб ўтираверманг. Аллоҳга таваккул қилинг-да, ўзингиз иш қидиришга жиддий киришинг. Уйда охирги бўлиб уйқуга ётинг, эрта саҳардан уйғониб яна ишга киришинг. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонгда барака борлигини айтганлар.

“Ишлаб нима қиламан ўзимни уринтириб. Отамнинг соясида юрибман-да давримни суриб. Тақдир қилган бўлса, шундоқ ҳам келади-да” деманг. Унутманг, осмондан тилла ва кумуш ёғмайди. Аллоҳ ҳар бир ишни сабабларга боғлаб қўйган. Ўша сабабларга ёпишинг.

Бир киши Иброҳим ибн Адҳам раҳматулллоҳи алайҳга: “Аллоҳга омонат, мен болаларимга ҳалол луқма топиш учун кетяпман. Мен йўғимда уларга ота ўрнида ота бўлиб туришингизни илтимос қиламан”, деди. Ҳақларига дуо олиб йўлга чиқибди. Йўлда қараса, дарахт олдида кўзи ўйилган қушга ёнида бошқа қуш овқат бераётган эмиш. “Субҳаналлоҳ! Мана шу кўзи кўрмайдиган қушга ҳам Аллоҳ ризқини етказяпти-я. Балки менинг ризқим ҳам келишига самовий ишорадир”, деди-да, уйига қайтиб кетди.

Кўрган воқеаларини Иброҳим ибн Адҳамга таъсирланиб айтиб берди: Бир ажойиб воқеага гувоҳ бўлдим. Кўзи кўрмайдиган қушга ёнида бошқа бир қуш овқат тутқазаётганган экан. Шундан ризқ ўзи келишини англаб етдим ва оиламга қайтиб келдим. Шунда Иброҳим: “Тавба! Соғлом қуш бўлиб ўзгаларга луқма бериш ўрнига, кўзи ғилай қушга ўхшашга рози бўляпсанми? Биродар, ўзига ва қарамоғидагиларга ризқ топиб келадиган соғлом қуш сингари бўлишга интилгин” деган.

Муҳтарам инсоним! Сиз бор имкониятингизни ишга солиб ҳаракат қилсангиз ҳам ишингиз ўхшамаётган бўлса, кунларингиз ишсиз ўтаётган бўлса, орзу учқунлари ҳам кўринмаётган бўлса, демак, билаверингки, мана шу бекор юришингиз сиз учун яхши экан. Бинобарин, гуноҳ йўлларда тентираб юргандан кўра шу ҳолат афзалроқ-ку. Солиҳ амалларнинг ушоғи ёмон ишларнинг дастурхонидан афзалдир.

Ҳаракатдаги ишсиз чўзилиб ётган бекорчидан яхши. Чунки биринчиси уриниб кўряпти. Иккинчиси эса шу аҳволига кўниб, замонни ёмонлаб, жамиятни сўкиб ўтирибди. Камига тақдир экан-да, деб Аллоҳни ҳам айблаб қўяди. Олдидаги нон ушоғини еб, бошқалардан ҳадялар кутади, бировнинг қўлига тўниб ўтиришдан бошқа иши қолмайди.

Дарвоқе, Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳйи ва саллам: “Киши арқонини олиб, белига ўтин йиғиб келиб, сотиб сўнг шундан ейиши ё садақа қилиши Аллоҳ Ўз фазлидан бой қилиб қўйган биронта одамнинг олдига келиб берадими, йўқми, ундан ёрдам сўрашидан яхшироқдир. Юқори қўл (берувчи қўл), албатта, паст (олувчи) қўлдан афзалдир!” деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ишсиз инсон! Тўғрироғи, умиддаги инсон! Одамлар ташқи кўринишларини шакллантиришга интилаётган даврда сиз қалбингизни поклашга ҳам эътибор беринг. Асосийси, ризқлар Раззоқнинг ҳузуридадир, ризқни Аллоҳдан сўранг!

Ўзгаларга ёрдам беринг, кўп истиғфор айтинг, эҳсон қилиб туринг. Қариндошлар билан силаи раҳмни мустаҳкам қилинг ва Илоҳнинг туҳфасини кутинг…

Эй ишсиз-у, аммо оқил одам! “Гўзал орзуларим аламларга айланди. Пок луқма топишнинг йўли қолмапти” деманг. Яна насиҳатларим: Ваъдаларга учиб қимор ўйнаманг. Сизга берилган ваъадалар амалга ошса ҳам бекордан бекорга тилёғламалик қилманг. Бекорчи юришлар билан умрингизни зое қилмаганмисиз?!

“Одамларда инсоф қолмади” деманг. Гапингизда жон бор аслида. Аммо одамларни ўзингизга душмандек тутманг! Бу ризқ деган нарсани Парвардигор ўз ҳикмати билан тақсим қилур.

Шошманг! Қуёшни этак билан тўсиб бўлмайди. Режаларингизни доим ривожлантириб боринг. Тезда насибангиз сизга тегади. Ҳазиматни (мағлубиятни) азиматга алмаштиринг. Иш топа олмаётган инсоним! Сиз катта гуноҳ қилаётганингиз йўқ. Муҳими қидиришда давом этинг ва Аллоҳнинг ҳикматини мулоҳаза қилинг.

Нега хижолат бўласиз? Ўғирлик қилдингизми? Бировни ўмариб кетдингизмики уялсангиз. Бошингизни қуйи тутманг. Борингизни бериб касб қилишга тиришинг. Ҳалол ризқ неъматини пок Парвардигордан илтижо қилиб сўранг.

Дилнозахон ХАЙРУЛЛАХОНОВА,

Пискент тумани “Мўминобод” маҳалласи отинойиси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]