Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / Иститоъат ва унинг турлари

Иститоъат ва унинг турлари

وَالاسْتِطَاعَةُ التي يَجِبُ بِها الفِعْلُ مِنْ نَحْوِ التَّوْفِيقِ الَّذي لا يَجُوزُ أَنْ يُوصَفَ المَخْلُوقُ بِهِ فَهِيَ مَعَ الفعْلِ، وَأَمّا الاسْتطَاعَةُ مِنْ جِهَةِ الصحَّةِ وَالوُسْعِ والتَّمَكُّنِ وَسَلامَةِ الآلاتِ فَهِي قَبْلَ الفِعْلِ، وَبِهَا يَتَعَلَّقُ الخِطَابُ، وهِيَ كَمَا قَالَ تَعَالى: ﴿لا يُكَلِّفُ اللهُ نَفْسًا إِلا وُسْعَهَا﴾

Бирор ишнинг амалга ошириш учун зарур бўлган (ҳақиқий) қодирлик – масалан, Аллоҳ таолонинг бандани бир ишни амалга оширишга муваффақ қилиб қўйиши ўша иш амалга ошаётган пайтда вужудга келади. Аммо соғлиқ, тоқат-имконият, воситалалар каби банда тарафидан бўладиган қодирлик эса ўша амалдан олдин мавжуд бўлади. Шариатнинг хитоблари ана шу иккинчи қудратга тааллуқли бўлади. «Аллоҳ таоло бирон кимсага унинг тоқатидан ортиқ бўлган нарсани юкламайди. (Бақара сураси, 286-оят).”

Иститоатнинг иккита маъноси бор:

1. Сабаб ва воситаларнинг саломат бўлиши. Бу шаръий ҳукмларнинг банда зиммасига тушиши учун шартдир. Мана шу иститоат тоқати етадиган ва етмайдиган ишни зиммага юклашни ажратиб беради. Усулул фиқҳ китобларида мана шу иститоат баён этилган.

2. Амал қилиш воситаси, масалан тана аъзоларимизда жорий бўладиган қувват. Бу иститоат шаръий ҳукмлар зиммага юкланиши учун шарт эмас.

Аллоҳ таоло Ўз фазли ила оламда шуни жорий қилган – банда сабаб ва воситалар саломат бўлган ҳолатида бир ишни ирода қилса, Аллоҳ таоло унинг танасида ушбу қувватни ва банда қилмоқчи бўлган ишни яратади. Биз танамизда яратилган бу қувват билан ирода қилган ишимизни ўзимиз амалга ошираётганимизни ҳис этамиз. Мана шу қувват қилмоқчи бўлган ишимиз билан бир вақтда яратилади. Шунда ҳар бир лаҳзамизда Аллоҳ таолонинг иродаси, қўллаб-қувватлашига муҳтож эканимизни англаймиз. Бандалик ҳақиқатимиз шудир.

Гўёки Аллоҳ таоло: Эй бандам! Нимани қилишни хоҳласанг, шу ишга қувватни ва ўша ишни сен учун яратиб бераман деётгандек. Лекин, бундай масъулиятнинг бадали ҳам шунга яраша ё абадий жаннат ёки абадий дўзах бўлади. Мана шу дунё имтиҳонидир.

Банда ўз иродаси ила Аллоҳ таоло берган ушбу қувватни савобли ишга сарф этса, тавфиқ дейилади. Гуноҳ-маъсиятларга бурса, хизлаан – ўз нафси-ҳавосига ташлаб қўйиш дейилади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]