Садақаи фитр буғдойдан, ундан олинадиган нарсалардан ва майиздан ярим соъ берилади. Хурмо ёки арпадан бир соъ берилади. Буғдойдан икки мун берса ҳам бўлади. Фитр садақаси ва Фитр закоти бир-бирининг ўрнига ҳамда садақа ва закот сўзлари бир-бирининг ўрнига ишлатилаверади.
Ҳанафий мазҳабида садақаи фитр вожиб ҳисобланади. У садақа Рамазондан фитр(оғиз очиклиги)га чиқиш муносабати ила берилгани учун ҳам «фитр садақаси» номини олган. Садақаи фитр ҳижрий иккинчи санада жорий килинган. Бошқа садақалар молдан қилинса, бу садақа киши бошидан қилинади.
Фитр садақаси шариатга киритилишига қуйидаги оят ва ҳадислар далилдир: Аллоҳ таоло:
قد أَفْلَحَ مَن تَزَكَّى وَذَكَرَ اسْمَ رَبِّهِ فَصَلَّى
«Батаҳқиқ, ким закот-ла покланса ва Роббиси исмини зикр килса, нажотга эришур», деган («Аъло» сураси, 14-15-оят).
Касир ибн Абдуллохдан, отасидан, бобосидан (розияллоху анху) ривоят килинади: «Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралган эди. «Фитр садақаси ҳақида нозил бўлган», – дедилар». Ибн Хузайма ривоят қилган.
Юқорида зикр қилинган оят фитр садақасининг вожиблиги ҳақидадир. Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баён қилингандан кейин, хеч кандай гапсўзга ўрин қолмайди.
Ибн Аббос розияллоху анхудан ривоят қилинади:
«Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиши ва мискинлар учун таомланиш бўлсин учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур».
Абу Довуд. Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.
Ушбу ривоятдаги «намоз»дан мурод ийди фитр намозидир. Садақаи фитрни ийди фитр намозидан олдин бериш лозим эканини шу ҳадисдан билиб оламиз. Ушбу садақа нима учун шариатимизда жорий қилинганининг сабаби, ҳикмати ушбу ривоятдан очиқ-ойдин куриниб турибди. Рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш бўлсин, мискинлар учун таомланиш булсин, деб жорий қилинган. Рузадор одам рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида билиб-билмай турли гаплар оғзидан чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ножоиз амалларни қилиб қўйган ва шу сабабдан кўнгли ғаш бўлиб юрган бўлиши мумкин.
Ана ўша ғашликларни ювиб юбориш учун садақаи фитр тўлаш жорий қилинган.
Садақаи фитр буғдойдан, ундан олинадиган нарсалардан ва майиздан ярим соъ берилади. Хурмо ёки арпадан бир соъ берилади. Буғдойдан икки мун берса ҳам бўлади. Бу ҳукмлар қуйидаги ривоятлардан олинган:
Ибн Умар розияллоху анхудан ривоят килинади: «Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини хурмодан бир соъ, арпадан бир соъ микдорида мусулмонлардан қулга ҳам, ҳурга ҳам, эрга ҳам, аёлга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам фарз қилдилар. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этишга амр қилдилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Бир «соъ» канча бўлади?
Аслида, соъ бир идиш бўлиб, ғалла ва шунга ўхшаган нарсалар ўша идиш билан ўлчанган. Кейин оғирлик ўлчовлари чиққанда, унга солиштирилган. Шофеъий ва Ҳижоз фақиҳлари эътиборида бир соъ 2,751 грамм, Абу Ханифа ва Ирок фақиҳлари эътиборида эса 3,800 граммга тенг. Фитр садақасига хурмо ва арпадан бир соъдан беришга ҳамма мазҳаб ва уламолар иттифоқ қилишган.
Абу Саъийд розияллоху анхудан ривоят қилинади:
«Пайгамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида у(фитр садақасини таомдан бир соъ ёки хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъ ёки майиздан бир соъ ёки қуртдан бир соъ берар эдик. Қачонки, Муовия келганда ва буғдой келганда: «Менимча, манавининг бир мудди икки муддга тенг келади», – деди».
Бешовлари ривоят қилишган. Бошқа бир ривоятда бундай дейилган:
«Токи, Муовия ҳаж ёки умра қилиб келганда ва одамларга минбарда туриб гапирганда:
«Менимча, албатта, Шомнинг икки мудд буғдойи бир соъ хурмога тенг келади», деди. Одамлар шу гапни ушлашди. Абу Саъийд: «Аммо, мен бурун қандоқ бўлса, шунда давом этмокдаман», – деди». Абу Саъийд розияллоҳу анҳу аввал садақаи фитр таомдан бир соъ бўлишини айтиб туриб, кейин унинг турларини – хурмо, арпа, майиз ва қурт, деб батафсил айтганлар.
Ўша вақтда Ҳижозда буғдой истеъмоли оз бўлган, деярли бўлмаган. Шунинг учун, у ерда кенг тарқалган тўрт хил таомнинг зикри келган. Кейинчалик буғдой ўсадиган жойлар ҳам мусулмон юртларга айланганидан кейин, у Ҳижоз диёрида ҳам тарқалган. Буғдойнинг қиймати устун бўлгани, унга талаб кучли экани учун унинг ярим соъи бошқа таомларнинг бир соъига тенг қилинган.
«Мудд» ҳам оғирлик ўлчови бўлиб, тўрт мудд бир соъ бўлади. Бу гапни халийфа Муовия ибн Абу Суфён розияллоху анху Шомдан Ҳижозга ҳаж ёки умра қилиб келганда эслатган экан. Шунда одамлар уни гапини олиб, буғдойдан ярим соъ микдорида садақаи фитр беришга ўтган эканлар. Аммо, Абу Саъийд розияллоҳу анҳунинг бунга кўнгиллари бўлмай, бир соъ беришда давом этишни маъқул кўрган эканлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кифоя 2-қисм

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги