Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / НАМОЗ – МЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ

НАМОЗ – МЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ

Намоз – диннинг устуни ва мўминнинг меърожи. Бу ибодатнинг қадр-қиммати ва фазлу баракоти баланд. Намознинг аҳкомлари кўплиги ва амаллари ўта дақиқлигини тўла англаб етмай, уларни илмий асосда ўрганмай, амалга тўлиқ татбиқ этиш қийин.

Намознинг қадри улуғ, аҳамияти буюклигини ҳадис ва фиқҳ китобларининг энг катта қисми айнан намоз ҳақидаги ривоят ва ижтиҳодлардан иборатлигидан ҳам билса бўлади.

Мўмин банда онадан туғилганидан то бу дунёни тарк этгунича унга ҳар куни беш маҳал намоз ҳамроҳ бўлади. Масалан, бола туғилганида, унинг чап қулоғига такбир, ўнг қулоғига азон айтилади. У ҳали эсини танимай туриб, атрофидаги кишилар намоз ўқиётганини кўради. Кейинчалик балоғатга етгач, беш вақт намоз унга ҳам фарз бўлади. Шу тариқа бу амалнинг ҳузурини ҳис этган кишилар нафл намозларни ўқишга ўтади.

Нафл намозларнинг тури кўп. Аммо кўнгил тусаганда икки ракат намоз ўқиб ҳузурланишдек роҳат борми дунёда?! Икки ракат ишроқ – қуёш чиқишидан кейинги намозни ўқиганлар кейинроқ зуҳо – чошгоҳ намозини ўқийдилар. Ётишдан аввал тўрт ракат нафл намоз ўқиш ундан-да фазилатли. Кечаси таҳажжуд намози ўқишнинг фазлини эса тугатиш қийин.

Бундан ташқари, тури муносабатлар билан ўқиладиган махсус намозлар бор. Аллоҳ таолога ҳожати тушган банда Ҳожати намозини ўқийди.

Бирор ишни қилиш ёки қилмасликни билмай қолган одам эса, истихора намози ўқийди. Сафарга чиқишдан олдин ҳам, сафардан сўнг ҳам икки ракат намоз ўқигувчилар бор.

Тавба қилишни ирода этган киши шунга атаб намоз ўқиса, афзал саналади.

Қурғоқчилик мўмин бандаларни ташвишга солганда, истисқо намозини ўқиб, серобчилик сўрайдилар.

Шунингдек, мўмин бандалар қуёш ва ой тутилса, қусуф ва хусуф намозлари ўқийдилар. Никоҳ тўйи куни келин-куёв икки ракат намоз ўқимоқлари афзал.

Рамазон ва Қурбон байрамларида ҳайит намозлари ўқилади.          

Вақти-соати етиб, мўмин банда вафот эса, унга жаноза намози ўқилади. Қиёмат куни бандадан сўраладиган биринчи нарса намоздир.

Сажда бандаларни Аллоҳ даргоҳига яқин айлагай ва гуноҳкор ҳамда Аллоҳга қайтувчи кишиларнинг пешонадаги тескари ёзувни ўнглайди.

Хуллас, мўмин банда бешикдан қабргача намоз билан, ибодат билан умргузаронлик қилади. Шунинг учун бу ибодатнинг қадр-қимматини ва фазлу баракотини тушуниб етиб, намозга доир масалаларни ўрганишимиз лозим.

Намоз Ислом динининг иккинчи рукни бўлиб, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади. У мусулмон банда Аллоҳнинг сон- саноқсиз неъматларига шукр келтириш учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, ҳиссий, ижтимоий ва бошқа бир қанча фойдалари бор.

Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситаси бўлиб, унда банда Яратувчиси билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Мана шу ибодат-ла руҳий ва маънавий лаззат олади.

Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолага топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди. Намоз гуноҳ ва хатоларни ювишнинг энг ишончли йўли бўлиб, у доим ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.

Намозда бандаларнинг жамоат шаклида имомга бўйсуниши, бир мақсад учун интилишлари намоён бўлади. Ҳатто жамоат намози туфайли мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, биродар бўладилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга, бир-бирларининг ҳолларидан хабар олишга одатланадилар. Шу билан бирга, улар бир-бирларининг хатоларини ҳам тузатадилар.

Намоз – мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи энг асосий белги. Шу боис намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотиржам бўлади. Намоз ўқувчи инсон ҳар куни беш марта: “Сен менинг холиқимсан”, деб Аллоҳ таолони эсга олади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирор кишининг уйи дарвозаси ёнидан анҳор оқиб турса, у ҳар куни шу анҳорда беш марта ювинса, нима деб ўйлайсизлар: “Унда кир қоладими?” деб сўрадилар. Саҳобалар “Йўқ”, дейишди. Шунда у зот: “Беш вақт намоз ҳам анҳорга ўхшаб гуноҳларни ювиб туради”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Инсон хатодан холи эмас, билмасдан бомдод намозидан кейин хато қилиб қўйса, пешин намозини ўқиши билан хатоси ювилади. Шомдан кейин хато қилса, хуфтонни ўқиш билан хатоси ювилади Беш вақт намоз билан ювилмайдиган каттароқ хато қилган бўлса, жума намози хатосини ювади. Хатолари ундан ҳам каттароқ бўлса, Рамазон ойида ювилади. Ундан ҳам каттароқ бўлса, ҳайит намозларида, ундан ҳам қолганлари бўлса, ҳажда ювилади.

Аллоҳ ота-оналаримиздан ҳам кўра меҳрибонроқ бўлгани учун биз бандаларига ибодатларни буюрди. Шу ибодатлар билан гуноҳларимиз ювилиб, Аллоҳнинг ҳузурига ёруғ юз билан бориб, жаннатга эришмоғимиз учун шундай қилди.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасининг 45-оятида: «Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур», деб марҳамат қилган.

Дарҳақиқат. инсон намоз ўқигани сари ёмон хулқлар узоқлаша боради. Намоз унинг назоратчиси бўлиб қолади. Банда бир жиноятни қилмоқчи бўлса, намоз уни бундан қайтаради.

Аллоҳ таол барчамизни намозни тўлиқ адо этадиганлардан қилсин!

Маҳмуд ДАУЛЕТБАЕВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти

 4-гуруҳ талабаси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]