Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ҒАНИМАТ ВАҚТЛАР

ҒАНИМАТ ВАҚТЛАР

Кечагина эшик қоққан Рамазон поёнига етай деб қолди. Кечқурунлари ойга назар солсак, у ҳам тобора кичрайиб бораётир. Кечагина бу ойни кўриб, хурсанд бўлган эдик. Ўшанда: “Энди Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатларига киришаман. Бу ойда кўплаб яхши ишларни қилиб, Аллоҳ таолодан мукофотлар оламан”, деган эдик.

Рамазон руҳий тарбиямиз учун энг фойдали ойдир. Бу ой чанқоқ қалбларимизни руҳий тарбия билан суғориш учун қулай фурсатдир. Қорайган қалбларимизни поклаш учун ғаниматдир. Нафсларимиз Яратгувчисига қайтади. Ким бу ойда солиҳ амаллар қилиб, Раббисига яқин бўлса, демак, у ютуққа эришибди. Ким орзуларига берилиб, улуғ амалларни тарк қилган бўлса, демак, у ютқазибди. Кеча ва кундузлари фазилат ва баракага тўлган ойни қўлдан бой берибди!

Яна бир неча кундан сўнг ойлар султонини кузатамиз. Келаси йили бу меҳмонни кутиб олиш орамиздан кимларга насиб этади – Аллоҳ билади.

Лекин, шунга қарамай, Аллоҳ таолонинг бандаларига фазли улуғдир. Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан фойдаланиб қолишимиз учун у кечаларни янада баракали қилди. Ҳали ҳам кеч эмас. Енг шимариб киришсак, фурсат бор ҳали. Буни ғанимат билган банда оқилдир.

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги хусусиятлари жуда кўп.

  1. Инсонларга ҳидоят йўлини кўрсатувчи Аллоҳ таолонинг охирги китоби Рамазоннинг охирги ўн кунлигида, Қадр кечасида нозил бўлди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик» (Қадр сурасси, 1-оят).

Бу эса охирги ўн кунликнинг энг улуғ фазлларидандир. Аллоҳ таоло очиқ-равшан нурни шу кечада нозил қилди. Бу нур инсониятни жаҳолат ботқоғидан порлоқ йўлга олиб чиқди. Инсонларга жаҳолат зулматидан илм нури сари йўл бошлади. Бу улуғ Қуръон инсонлар учун шифо, тўғри йўлга бошловчи, мўминларга раҳматдир!

  • Ўн кунликнинг хусусиятларидан яна бири, унда минг ойдан афзал Қадр кечаси бордир. У кечада қилинган ибодат саксон уч йиллик тоатдан афзалдир.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Қадр сурасида бундай марҳамат қилади: «Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? Лайлатул Қадр минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир».

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўн кунликда тоат-ибодатда жидду жаҳд қилар эдилар.

Ойша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунликда бошқаларига қараганда кўпроқ жидду жаҳд қилар эдилар”.

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоятларидандир. Охирги ўн кунликда кечаларини бедор ўтказар, Аллоҳ таолонинг раҳмати инсин деб ўз аҳли аёлларини ҳам уйғатар эдилар.

Ойша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон (охирги) ўн кунлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечанинг барчасини ухламасдан ўтказар ва аҳли аёлларини ҳам уйғотар эдилар”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Келаси йилги Рамазонга етиб бориш ёки бормаслик номаълум! Шундай экан охирги ўн кунликда намоз ўқиш, зикр қилиш, Қуръон тиловати каби ибодатларни кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.

Обид МИРҲАМИДОВ,

Чирчиқ шаҳар “Марказий” жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]