Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Аллоҳ таолога У зотнинг Ўзига муносиб ҳамду санолар бўлсин!
Расули акрам Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин!
Ҳозирги кунда эркаклар ва ҳаттоки, баъзи ҳолларда аёллар орасида ҳам тамаки ва спиртли ичимликлар истеъмол қилувчиларнинг зарари жамиятнинг, юртимизнинг равнақи, фаровонлигига “болта” урмоқда десак, адашмаймиз.
Дарҳақиқат, бу иллат бўлиб, оилаларимиз, маҳаллаларимиз, қолаверса, юртимиз тинчлиги, ҳамжиҳатлиги, ободлигига жиддий футур етказмоқда.
Бу муаммонинг ечими ҳақида Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас каломи Қуръонда бир қанча оятлар, Росулимиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида кўрсатмалар берилган. Роббимиз бандаларининг ҳаётида тинч-осуда, аҳил, саломат бўлишларини хоҳлаб, уларга ейиш-ичишларида ҳам зарарли барча нарсаларни ҳаром қилган. Шулар жумласига тамаки ва спиртли ичимликлар киради, албатта. Баъзи бир ўзлигини, кимлигини, дунёга нима учун келганини тушуниб етмаган инсонлар борки, Қуръонда айнан тамаки ёки спиртли ичимликларнинг номи айтилмаган эканку, деб Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол санашмоқда.
Ваҳоланки, Қуръонда инсониятнинг соғлигига зарар келтирувчи ва ҳар қандай маст қилиб, ақл-ҳушдан айирувчи нарса ман қилиниб, ҳаром қилинган. Бу таъқиқларга бўйсунмаган, Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган чегарасидан чиққан банда борки, икки дунёда бахтсиз, хор бўлади, Аллоҳ асрасин. Инсониятни бу муаммодан қутқаришнинг ягона йўли илм-маърифат билан бўлади. Қачонки, инсон яратган эгасини таниб, бу дунёда яшаб ўтишдан мақсади-маъноси нима эканини тушуниб етса, ўзини-ўзи тафтиш қилишга ўтса, нафақат, биргина шу муаммолар, балки бошқа долзарб бўлиб турган муаммолар ҳам ўз ечимини топган бўларди, иншааллоҳ.
Бу борада энг аввал қилинадиган ишлардан бири, биз бу масалаларни ёш авлодга етказишдан, ўргатишдан бошлашимиз керак. Келажагимиз давомчилари – ёшларимизнинг таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз, бу йўлда барчамиз бирдек ўзимизни масъул деб билишимиз лозим.
Ангрен шаҳар “Қорабоғ”жоме масжиди
имом ноиби Абдурашид қори Исмаилов

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги