Гина сақлаш – гуноҳдир.
Авваламбор муаммоларнинг ечимини топишдан олдин, унинг олдини олишга уриниш, жидду жаҳд қилиш мақсадга мувофиқроқ, самаралироқ бўлади.
Ҳозирги куннинг долзарб муаммоларидан бири – бу инсонлар ўртасида келиб чиқаётган низолар, шу сабаб юзага келаётган гинаю адоватлардир. Бу ҳолат эса, албатта, жамият, элу юртнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлигига футур етказиши сир эмас. Бунинг олдини олиш учун нималар қилиш керак?
Аллоҳ таолонинг бизларга юборган мукаммал дини – Ислом таълимотларини ўқиб, ўрганиб ҳаётга татбиқ қилишга ҳаракат қилишимиз лозим. Динимизда низолар, гина-адоват, ҳасадга ва бундан бошқа нимаики ёмонликлар бўлсин, барчасига тақиқ қўйилган.
Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири “Салом”дир. “Салом”нинг маъноларидан бири “тинчлик-ҳотиржамлик”дир. Аллоҳ таоло ўзининг “Салом” сифати ила бандаларини ҳам насибадор бўлишга буюради. Бу сифатдан насиба ола билган инсоннинг энг аввало қалби ҳотиржам бўлади, сўнг ҳиссиётлари, фикрлари, жисми тинчланади. Бундай инсондан нафақат инсоният, балки бутун атроф муҳит азият чекмайди. Дину диёнат, жамият, элу юрт равнақи йўлида жон куйдирадиган инсонга айланади.
Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръонда: “Эй иймон келтирганлар! Тинчликка тўлиғича киринглар” (Бақара сураси 208-оят), деб марҳамат қилади. Буни қандай тушунамиз? Тинчликка тўлиғича кириш ҳар соҳада, ҳар жабҳада тотувликка, муросага интилиш, кечиримли бўлиш, низолардан, жанжаллардан узоқ бўлиш ва умуман олганда, неки яхшиликлар бўлса, шунга талпинишдир.
Ҳар бир мўмин – мусулмон борки, у хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайри дин вакили, ўзаро тинчликда, ҳамжиҳатликда яшашга ҳаракат қилиши даркор.
Бизлар Аллоҳ таолонинг белгилаб берган шариатига, Росулимиз алайҳис саломнинг суннатларига тўлиғича амал қила олсак, ин шаа Аллоҳ ҳеч бир муаммо қаршисида чорасиз қолмаймиз.
Ангрен шаҳар “ Қорабоғ”жоме масжиди
имом-ноиби Абдурашид қори Исмаилов

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги