Жорий йилнинг 28 октябрь куни Жазоирда дунёдаги энг баланд минорали масжидда илк жамоа намози ўқилди. Бу ҳақда islam.ru нашрига таяниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
Муҳташам масжидида жамоа намози Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари шарафига туҳфа бўлди. Ушбу масжид Жазоирнинг собиқ Президенти Абдулазиз Бутефлика ташаббуси билан қурилган.
Маълумотларга кўра, масжидда қурилиш ишлари бир ярим йил олдин якунланган. Жазоирнинг янги масжиди 267 метр баландликдаги дунёдаги энг катта минорага эга. Ушбу миноранинг 43 қаватига панорамали лифтлар хизмат кўрсатади.
Масжиднинг катта намозгоҳи 120 000 гача ибодат қилувчиларни сиғдира олади. Унинг ички қисми олти километрлик Араб ҳаттотлиги билан ёзилган Қуръондан оятлар, қимматбаҳо ёғоч, мармар ва алебастр безаклари ҳамда гул нақшли феруза гиламлар билан безатилган. Масжид 27,5 гектар майдонни қамраб олган бўлиб, Макка ва Мадинадаги масжидлардан кейин дунёдаги учинчи йирик масжид, Африкадаги энг катта масжид ҳисобланади.
Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги