Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / СИЗДАН БОШЛАНАДИ АСЛИ ТАФАККУР

СИЗДАН БОШЛАНАДИ АСЛИ ТАФАККУР

Илмга эътибор, таълимга муҳаббат тараққиётнинг асосини ташкил этади. Айтиш мумкинки, бугун биз қандай юксак даражаларга, улуғ мақомларга эришган бўлсак, бунинг замирида, аввало, устозларга, муаллимларга, мураббийарга эътибор мужассам.

Бежиз муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган байрам табригида: “Барчамизга аёнки, муаллимнинг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир. Шу боис, биз кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз”, дея такидламадилар.

Тарихдан маълумки, қайси юртдан қайси соҳа бўйича кўп олимлар етишиб чиққан бўлса, ўша халқнинг илмга муҳаббати зиёда бўлган. Мисол учун, юнонлар фалсафага муҳаббатли бўлгани боис фалсафа илмининг дарғалари – Афлотуну Арастулар шу заминда камолга етган. Шумерлар зироат ишларига муҳаббатли бўлгани боис мислсиз ютуқларни қўлга киритишган. Буларнинг барчаси, табиийки, устозларнинг машаққатли меҳнати туфайли юзага келган.

Буюк муаллим – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан сўнг дунёнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Арабистон ярим оролида порлаган Ислом нури бутун оламни мунаввар этди. Хусусан, азалдан фитратида ҳақ динга мойиллик бўлган халқимиз, миллатимиз Исломга шу қадар муҳаббат қўйиб, унинг арконларини ўта иштиёқ билан ўзлаштирди ва таълимотини кучли чанқоқлик билан ўрганди. Натижада Ислом илмини бойитган буюк устозлар бизнинг муаззам юртимиздан, илмга, ибодатга ташна миллатимиз орасидан чиқди.

Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Термизий, Замахшарий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Насафий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек… Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ана шу буюк мутафаккирларнинг, улуғ устозларнинг қонлари бугун бизнинг ёшларимиз томирларида оқмоқда.

Илмга ташналик набавий кўрсатмадир. Юртимиз қадимдан буюк алломалар, улуғ муаллимлар юртидир. Бугунга келиб яна шу буюкликка интилган ҳолда ёш авлоднинг илму маърифатига эътибор кучайди. Буни шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев назорат қилиб, таълим масканлари ва у ердаги тарбиянинг нечоғли сифат ва мукаммаллигига эътибор берилаётганидан ҳам билса бўлади.

Илмни диний ёки дунёвий деб ажратиб бўлмайди. Чунки ҳаммаси ҳам илм, барчаси ҳам билимдир. Шу боис буюк келажакни кўзлаган халқ илмнинг ҳар бир соҳасида етук олимларни етиштириши шарт.

ХIХ асрда яшаган машҳур француз адиби ва файласуфи Виктор Гюго: “Таълим билан дин уйғун ўрганилиши лозим. Шундагина яхши одамлар етишади”,  деган эди.

Илм ёшликнинг зийнатидир. Илм келажакка тикилган энг ишончли сармоядир. Ёш ўсиб келаётган авлоднинг илму маърифатга аҳамият бериши эса миллат келажагининг буюк эканлиги белгисидир. Илм маърифатни эгаллаш учун ёшликдан интилмоқ зарур. Бу билан бирга эса яна бир неча омиллар борки боланинг илми мукаммал бўлишини таъминлайди.

Олимларимиздан келган ҳикматли сўзлардан бирида айтилишича: “Ким олимлар ва илмга ҳурматсизлик қилса, унинг зурриётларидан илм аҳли чиқиши қийин”, дейишган. Шунинг учун ҳам инсон олим бўлиши ёки илм олувчи бўлиши, ё илм аҳлига хизмат қилиб, ихлос билан уларни севувчи бўлмоғи лозим. Аммо асло илм ва илм аҳлини ёмон кўрувчи бўлмаслиги керак. Бу ҳадиси шарифда гўзал тарзда ифодаланган

Абдураҳмон ибн Абу Бакрадан, у отасидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Олим бўлинг ёки ўрганувчи бўлинг ёки эшитувчи бўлинг ёки илм аҳлига муҳаббатли бўлинг, аммо ҳаргиз бешинчиси бўлманг-ки, ҳалок бўласиз” (Имом Байҳақий ривояти).

Дунёдаги энг шарафли касб эгалари – ўқитувчи ва мураббийларимизнинг, муаллимларимизнинг ажрларини Аллоҳ таоло кўпайтириб берсин. Ҳар бир устозга Ватанимизга, халқимизга, динимизга, элимизга хизмат қиладиган баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказишни насиб этсин. Юртимиздан яна Бухорийлар, Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар етишиб чиқсин. Зеро, Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, СИЗДАН БОШЛАНАДИ АСЛИ ТАФАККУР.

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]