Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Илмнинг фазилати

Илмнинг фазилати

Илм инсоният ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсоният илм сабабли Аллоҳ ва Расулини танийди, динини ўрганади, ўзлигини танийди, бу дунёда нима учун учун яшаётганини, қандай умргузаронлик қилиш лозимлигини англайди. Натижада ҳар бир ишда Аллоҳ розилиги ўйлаб ҳаёт кечиради.

Дунё тараққиёти ва ривожланиши, инсонларнинг фаровон ҳаёт кечириши ҳам илм сабабли бўлади. Зеро, илм дунё ва охират саодати учун восита саналади. Шу эътибордан шариатимизда илм талаб қилишга буюрилган. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган:: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, (Имом Ибн Можа ривояти).

 Ислом дини илмга жуда катта аҳамият қаратган. Қуръони каримнинг энг аввал нозил бўлган ояти  “Ўқи” деган хитоб билан бошланган. Шунингдек, шариатимизда илм ва илм эгаларининг фазилати борасида жуда ҳам кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Жумладан Қуръони каримда бундай дейилган: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”.(Мужодала сураси, 11-оят).

Ушбу оятнинг тафсирида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло олимларни мана бу оятда хослагани каби Қуръони каримнинг бошқа жойида бунчалик хосламаган. Аллоҳ таоло имон келтирган ва илм эгаларини имонсиз ва илмсиз одамлардан фазилатли демоқда”[1], деган.

Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қачон шу оятни ўқиса: “Эй инсонлар, бу оятни яхши англанглар, у сизларни илмга тарғиб қилади”[2], дер экан.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятнинг тафсирида: “Олим киши мўминдан етти юз даража юқори бўлади, ҳар бир даражанинг ораси ер ва осмон ўртасича масофадир”, деди[3].

Бошқа бир оятда бундай дейилган: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! – деб айт” (Зумар сураси, 9-оят).

Ушбу оят тафсирида Зажжож раҳимаҳуллоҳ: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлмагани каби итоаткор билан осий ҳам тенг бўлмайди”, деган[4]. Баъзи уламолар: “Биладиганлар – улар ўзи илмлари билан фойдаланаётган ва унга амал қилаётган кишилардир. Аммо ким ўзи илми билан фойдаланмаса ва унга амал қилмаса у билмайдиган киши манзилидадир”, деб айтишган[5].

Яна бир бошқа оятда шундай дейилган:

 “Бандалари орасида Аллоҳдан фақат олимларигина қўрқарлар”. (Фотир, сураси 28-оят)

Имом Суютийнинг “Ад-Дуррул мансур фи тафсирил маъсур” китобида ушбу оят тафсирида қуйидаги ривоятлар келтирилган:

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “ Илм кўп ривоят қилишда эмас, лекин илм (Аллоҳдан) қўрқишдир”, деб айтдилар.

Молик ибн Анас розияллоҳу анҳу: “Илм кўп ривоят қилишда эмас, албатта илм Аллоҳ қалбга солган нурдир”, деб айтган.

Масруқ роҳимаҳуллоҳ: “Кишининг Аллоҳдан қўрқиши унга илм жиҳатидан кифоя қилади ва амали билан ажабланиши эса унга жаҳолат жиҳатидан кифоя қилади”, дедилар[6].

Олимнинг фазилати ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган: Набий алайҳиссалом: “Олимнинг обиддан фазли менинг сизларнинг энг (даражаси) пастларингизга кўра фазилатимга ўхшайди”,дедилар-да,сўнгра: “Албатта, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари ва ер ва осмонлар аҳли ва ҳатто, ўз инидаги чумоли ва кит ҳам инсонларга яхшиликни таълим берувчиларга салавот айтишади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 Яна бир ҳадисда бундай дейилган: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар илм толибининг бажарган амалидан рози бўлган ҳолда қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазилатига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ва дирҳамни мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Илмнинг фазилати борасида улуғ саҳоба ва тобеинлардан ҳам кўплаб ривоятлар бор. Жумладан, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Кумайлга: “Эй Кумайл, илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса, сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Нафақа қилиш молни камайса, илм зиёда бўлади”, деганлар[7].

Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо олим ҳақида: “Кечанинг бир қисмида илм музокараси билан машғул бўлиш менга кечани бутунлай бедор ўтказишдан маҳбуброқдир”, деган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Сулаймон алайҳиссаломга илм, мол ва мулкдан бирини танлаш ихтиёри берилди. У илмни танладилар, илм сабабли мол ва мулкка ҳам эга бўлдилар”, деди.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ Бақара сураси, 201-ояти бўлган: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин” оятини“Дунёдаги яхшилик илм ва ибодат, охиратдагиси эса, жаннатдир”, деб тафсир қилган[8].

Хулоса қилиб Абдураҳман ибн Абу Бакрадан, у отасидан ривоят қилган ҳадисни келтирамиз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олим бўл ёки таълим олувчи бўл ёки (илмни) тингловчи бўл ёки (илмга) муҳаббатли бўл, бешинчиси бўлмагин, ҳалок бўласан”, дедилар (Имом Табароний “ал-Муъжам ас-саоғир”да ривоят қилган).

Аллоҳ барчамизга фойдали илм насиб қилсин.

Шокиржон МАДАМИНОВ,“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси


[1] “Ад-Дуррул мансур фи тафсирил маъсур”,  Жалолиддин Суютий.

[2] “Ал-Баҳрул мадид фи тафсирил мажид”, Аҳмад ибн Ажийба.

[3]  “Ал-Баҳрул мадид фи тафсирил мажид”, Аҳмад ибн Ажийба.

[4]  (Тафсирул Қуртубий) “Ал-Жамиъу ли аҳкамил Қуръан”. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Қуртубий.

[5][5]  (Тафсирул Қуртубий)  “Ал-Жамиъу ли аҳкамил Қуръан”. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Қуртубий.

[6] “Ад-Дуррул мансур фи тафсирил маъсур”,  Жалолиддин Суютий.

[7]  “Иҳёу улумид дин”, Абу Ҳомид Ғаззолий, 14-бет.

[8] “Иҳёу улумид дин”, Абу Ҳомид Ғаззолий, 15-бет.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]