Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ГИЁҲВАНДЛИК – АСР ВАБОСИ

ГИЁҲВАНДЛИК – АСР ВАБОСИ

Башарият қўлга киритаётган ютуқлардан қанчалик қувонсак, инсониятни таназзулга судровчи иллатларни кўриб куюнамиз. Бугун инсоният шундай бир иллатга мубтало бўлдики, уни, чин маънода аср вабоси дейиш мумкин: бу – гиёҳвандлик.

Динимиз ҳалол билан ҳаромни ажратиб, бу борада аниқ таълимотни берган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳалолни талаб қилиш фарздан кейинги фарз”, дедилар.

Ояти каримада: «Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар» (Бақара сураси, 168-оят), деб марҳамат қилинган.

«Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар» ояти каримаси Расулуллоҳ ҳузурларида тиловат қилинганда, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга мени дуоси ижобат бўлувчи (бандалардан) қилишини дуо қилинг”, деди. Пайғамбаримиз унга: “Эй Саъд, луқмангни покла, дуоинг ижобат бўлади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, банда қорнига ҳаром луқма ташласа, унинг қирқ кунлик амали қабул қилинмайди ва қайси банданинг гўшти (яъни танаси) ҳаром ва рибодан ўсса, унга дўзах ҳақлидир”, дедилар».

Ер юзида ейиладиган нарсаларнинг бир нави наботат яъни, ўсимлик ҳисобланади. Булардан инсоннинг соғлиги ва ақлига зарар берадигани ҳалол саналмайди. Гиёҳванд моддаларга ўхшаш ақлни кетказадиганлар ва захар каби ҳаётни издан чиқарадиганлар динимизда ҳаром саналади.

Қуръони каримда: «…Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!.»

Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабаб бўляпти. Шунга қарамай, бу нарсалар кўпайса кўпайяпти, лекин камаймаяпти. Эркагу аёл, ёшу қари, талабаю ўқувчилар орасида ҳам бу ҳолат учраб тургани ташвишланарли ҳолат.

Суфён Саврий айтади: “Ким Аллоҳнинг тоатига ҳаром нарсани инфоқ қилса, гўёки нажас теккан кийимни бавл билан поклабди”. Нажосат теккан кийим сув билан поклангани каби гуноҳлар ҳам ҳалол нарса билан покланади.

Ҳеч ким бирданига гиёҳванд истеъмол қиладиган бўлиб қолмайди. Аввал тамаки тутатади, кейин маст қилувчи ичимликларга ружу қўяди. Охирида гиёҳвандликка мубтало бўлади.

Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилинади. Ториқ ибн Сувайд Жуъфий Набий алайҳиссаломдан хамр ҳақида сўради. (Пайғамбар с.а.в.) уни ундан (яъни, хамрдан) қайтарди. Шунда у: “Мен уни даво учун қиламан”, деди. (Пайғамбар с.а.в.): “У даво эмас, дарддир, дедилар”.

Баъзан дўхтирлар “бу соғлигинга зарардир” деса, қайтилади-ю, шариат қайтарган дейилса, эътибор қилинмайди. Тиббиёт бу нарсаларнинг ҳамма зарарларини ҳали тўлиқ билмайди. Шариат буюрдими, қилайлик. Шариат қайтардими қайтайлик. Ҳикматини билмасак, Аллоҳ таолога ҳавола қилиб қўяйлик.

Бугун гиёҳвандликнинг оқибатлари шу қадар аянлики, бутун бошли сулолаларни ўз комига тортмоқда. Турли бедаво касалликларга чалиниш, ишсизлик, ногирон фарзандларнинг дунёга келиши, оилаларнинг бузилиши, фарзандларнинг сарсон-саргардон бўлиши, нафсга қул бўлиш, иродасизлик, ўлим, турли ўғрилик ва одам ўлдириш каби жиноятлар, автоҳалокатига учрашлар содир бўляпти.

Мухтасар айтганда, динимиз барча ножўя хатти-ҳаракатлардан қайтарган. Агар бирор киши ёмон иш қилаётган бўлса, уни дарҳол қўлимиз билан, кучимиз етмаса, тилимиз билан, бунга ҳам қудратимиз етмаса, қалбимиз билан қайтаришимиз керак.

Шокиржон ИМОМИДДИНОВ,

Қуйи Чирчиқ туманидаги

“Олмазор” жоме масжиди имом-хатиби.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]