Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗ УСТОЗЛАР!

БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗ УСТОЗЛАР!

Табрик

“Устоз”, “муаллим”, “мураббий” деган сўзларни эшитган кишининг юзига табассум югуради, келажакка ишонч, умид уйғонади, нурафшон кунлар, саодатли онлар келади хаёлга.

Устоз ва мураббийлар бежиз қуёшга ўхшатилмайди. Қуёш нуридан барча бирдай манфаат кўрганидек, устозларнинг маърифати бутун башариятга наф келтиради.

Ислом динида ҳам устозлар, мураббийлар, муаллимлар юксак қадрланади. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу: “Менга бир ҳарф ўргатган кишининг қулиман”, деган.  

Илм нурдир. У нур инсоннинг қалбидан шогирднинг қалбига ўтади. Агар устоз бўлмаса, мазкур нур қалбга кирмайди. Шунинг учун илм олишда яхши устоз танлашимиз ва уни маҳкам тутмоғимиз лозим. Ҳидоят топишимизда устознинг ўрни беқиёсдир. Шунинг учун шогирд қандай мансаб ёки мартабада бўлишидан қатъи назар, то тирик экан, устозидан қарздордир.

Зеро, ҳазрат Алишер Навоий:

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганч ила, дея таъкидлаган.

Ҳақиқатан, ҳар бир ёш авлодни ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидойи инсонлардир.

Фарзандларимизни, миллат келажагини одамийликка тайёрлаётган, минг турфа машаққатларни шогирдларининг камолини кўриш истагида жавлон ураётган устоз ва мураббийларимиз бор бўлсин!

Нафақат ўқитувчилик касбидаги устозлар, балки ҳаёт йўлида бизга ниманидир ўргатишга муваффақ бўлган мураббийларимизнинг умрлари зиёда бўлсин. Байрам баҳона азиз устозларимизни зиёрат қилиб, дуоларини олишни унутмайлик, азизлар. Уларнинг заҳматли меҳнатлари сабаб шу даражага етдик.

Азиз устозлар! Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилаймиз. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

Аллоҳ таоло устоз ва мураббийларимизни Ўз паноҳида асрасин!

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]