Оила – жамиятнинг энг муҳим бўғини, фарзанд тарбияси ва инсон камолотининг муқаддас масканидир. Ҳар бир ота-она фарзандининг бахтли, соғлом ва комил инсон бўлиб вояга етишини истайди. Бироқ оила қуришда фақат икки ёшнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати, оилаларнинг яқинлиги ёки моддий имкониятларни эмас, балки келажакда дунёга келадиган фарзандларнинг саломатлигини ҳам ҳисобга олиш муҳим. Айниқса, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласи бугунги кунда жиддий эътибор талаб қиладиган мавзулардан биридир.
Қариндошлар ўртасидаги никоҳ нима?
Қариндошлар ўртасидаги никоҳ – насл-насаб жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган инсонларнинг оила қуришидир. Бунга қуйидагилар мисол бўлиши мумкин: амаки ёки тоғаси, амма ёки холасининг фарзанди билан турмуш қуриш, ёки бошқа яқин қон-қариндошлар ўртасидаги никоҳлар. Бундай никоҳларнинг асосий хавфи – ота-онада мавжуд бўлиши мумкин бўлган бир хил ирсий касаллик генларининг фарзандга биргаликда ўтиш эҳтимолининг ошишидир.
Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг тиббий салбий оқибатлари қандай?
Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳда қуйидаги хавфлар ортиши мумкин: ирсий касалликлар хавфи. Ота ва она бир хил яширин ирсий касаллик генини ташувчи бўлса, фарзандда ушбу касаллик намоён бўлиш эҳтимоли мавжуд; туғма нуқсонлар. Айрим ҳолларда болаларда туғма анатомик ёки ривожланиш нуқсонлари учраши мумкин; эшитиш ва кўриш билан боғлиқ муаммолар. Баъзи ирсий касалликлар боланинг эшитиш ёки кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин; қон касалликлари. Масалан, талассемия каби ирсий қон касалликлари юзага келиш хавфи ортиши мумкин; боланинг ривожланишидаги муаммолар. Айрим ирсий касалликлар боланинг жисмоний ва ақлий ривожланишига таъсир қилиши мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган ҳар бир фарзанд касал бўлади, деган фикр нотўғри. Аммо бундай никоҳда айрим ирсий касалликлар хавфи юқорироқ бўлади.
Келажак авлод саломатлигида ота-онанинг масъулияти қандай?
Ҳар бир фарзанд соғлом туғилиш, меҳр-муҳаббат ва эътибор ичида улғайиш ҳуқуқига эга. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ натижасида айрим оилаларда узоқ давом этадиган даволаниш, моддий қийинчиликлар ва руҳий тушкунлик каби муаммолар юзага келиши мумкин. Шунинг учун никоҳ масаласида шошилмаслик, тиббий маслаҳат олиш ва келажак авлод саломатлигини ўйлаш муҳимдир.
Отинойиларнинг бу борадаги вазифалари қандай?
Отинойилар маҳаллаларда аёллар, ёш келинлар ва қизлар орасида маънавий-маърифий ишларни олиб боришда муҳим ўрин тутадилар. Улар қуйидаги йўналишларда тушунтириш ишларини олиб боришлари лозим:
– Ёшларни соғлом оила қуришга тайёрлаш;
– Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг тиббий хавфларин;
– Никоҳдан олдинги тиббий кўрик ва генетик маслаҳатнинг аҳамиятини тушунтириш;
– Соғлом турмуш тарзи ва оилавий масъулиятни тарғиб қилиш;
– Ирсий касалликлар мавжуд бўлган оилаларни тегишли шифокорларга мурожаат қилишга ундаш.
Ислом динида соғлом оила ва авлод тарбияси қандай?
Ислом динида оила муқаддас қадрият ҳисобланади. Фарзанд тарбияси, унинг саломатлиги ва келажаги ота-онанинг муҳим масъулиятларидан биридир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик…» (Ҳужурот сураси, 13-оят). Ушбу оят инсонлар ўртасидаги умумийлик ва биродарликни эслатади.
Исломда қариндошлар ўртасидаги барча никоҳлар тақиқланган, деб айтиш нотўғри. Қуръони каримнинг Нисо сураси 23-оятида никоҳи ҳаром қилинган қариндошлар санаб ўтилган. Шу боис никоҳда соғлиқ, масъулият ва фарзандлар манфаатини ҳисобга олиш муҳимдир.
Никоҳдан олдин нималарга эътибор бериш керак?
– Никоҳдан олдинги белгиланган тиббий кўриклардан ўтиш;
– Оилада ирсий касалликлар мавжудлигини аниқлаш;
– Зарур бўлса, тиббий генетик маслаҳат олиш;
– Шифокор тавсиясига мувофиқ лаборатория текширувларини ўтказиш;
– Оилавий ҳаётга масъулият билан ёндашиш.
Тиббий кўрик барча ирсий касалликларни аниқлаб бера олмаслиги мумкин. Шу сабабли оилавий тарихни шифокорга тўлиқ айтиш ва зарур текширувларни мутахассис билан белгилаш лозим.
Оила қуриш – инсон ҳаётидаги энг муҳим қарорлардан биридир. Биз бугун қабул қилаётган қарорларимиз эртанги авлоднинг ҳаётига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун фарзандларимизни оила қуришга тайёрлашда уларнинг бахти, саломатлиги ва келажагини биринчи ўринга қўйишимиз зарур. Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг ирсий хавфларини билиш, бу борада илмий тиббий маълумотларга таяниш ва ёшларни огоҳликка чақириш барчамизнинг вазифамиздир. Зеро, соғлом оила – соғлом авлод, соғлом авлод эса юрт келажагидир!
Паркент тумани отинойиси Раъно Файзиева

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги