Фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл насабининг давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири. Аллоҳ таоло фарзандларимизни бизларга ҳаётимиз безаги, кўзимизнинг нури сифатида бериб, буюк неьмат ато этган. Бу неьматга эга бўлганимиздан кейинги муҳим ва асосий вазифамиз фарзандларимизга Аллоҳ розилиги учун сабаб бўлувчи гўзал хулқ беришимиз, уларни комил инсон сифатида тарбия қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Биз Одам болаларини азизу мукаррам қилдик» (Исро, 70-оят). Бу боланинг шахсиятини ҳурмат қилиш ва уни меҳр билан вояга етказиш лозимлигини билдиради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади» деганлар (Имом Бухорий ривояти). Бу боланинг қалби покиза бўлиши ва унга қандай тарбия бериш ота-онага боғлиқ эканини англатади.
Болага асл тарбияни берувчи инсон онадир. Тарбия иши, асосан, она томонидан амалга оширилади. Онанинг фарзандига бўлган муносабати унинг инсонларга, ҳаётга ва атрофдаги кишиларга нисбатан дунёқарашини шакллантиради. Боланинг феьл-атвори ҳам онасига қараб шаклланади. Чунки бола кўп вақтини онаси билан ўтказади. Бола тарбиясида она зиммасига тушадиган энг асосий вазифа ҳаёт тажрибасига эга бўлиш, ўзини энг намунали, энг яхши она қилиб етиштиришдир. Онгсиз равишда берилган тарбия боланинг руҳиятига ва феьл-атворига ўзгача таьсир қилади, кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган муаммолардан дарак беради. Ҳар бир она ўз даврини яхши тушуниб жамият ҳаётида ҳукмрон бўлган қадриятларни билиши, бола тарбияси билан боғлиқ китобларни ўқиб, унда кўрсатилганларга амал қилиши лозим. Бундан ташқари, фарзанд тарбияларкан она ҳар қандай вазиятда ундан меҳр ва мурувватини аямаслиги керак. Чунки меҳр ва шафқатдан узоқ бўлган тарбия на ижобий натижа беради, на мақсадга эришишни таьминлайди. Зеро, ҳар қандай тарбиянинг негизи МЕҲРдир. Меҳр берилмаган бола ўз қобиғига ўралиб олади, йўлдан озади ва худбинга айланади.
Оламлар сарвари фарзандларга кўрсатиладиган шафқат ва мурувватга алоҳида эьтибор қаратганлар ва: «Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримизни ҳурмат қилмаган киши биздан эмас” (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган), – деганлар. Бадавийларнинг: «Болаларингизни ўпиб эркалайсизми?» – деган саволга Росулуллоҳ алайҳиссаломдан «Ҳа» жавобини олгач, «Аллоҳга қасамки, биз ҳеч ўпмаймиз», – дейишганда, Ул зот: «Аллоҳ қалбингдан марҳамат туйғусини чиқарган бўлса мен нима ҳам қила олардим?!» – деб жавоб берганлар (Имом Бухорий ривояти). Болаларга меҳр кўрсатиш гўзал суннат амаллардан ҳисобланади.
Меҳр ва мурувват фақат кишининг ўз фарзандлари учун эмас, барча болаларга берилиши керак бўлган туйғудир. Аллоҳ таоло фарзанд тарбиясидек шарафли ва масъулиятли вазифани бажаришда барчамизга илм, ҳидоят ва тақво насиб айласин.
Янгийўл шаҳар отинойиси Каримова Нилуфар

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги