Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / Ал-Ақоидун-Насафийя (1-қисм)

Ал-Ақоидун-Насафийя (1-қисм)

Бисмиллaҳир роҳманир роҳийм

بسم الله الرحمن الرحيم

قال الشيخ الامام الأجل نجم الملة و الدين ابو حفص عمر بن محمد بن أحمد النسفى رحمة الله عليه

Шайх, имом, улуғ зот, дин ва миллатнинг юлдузи Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий раҳматуллоҳи алайҳи дедилар:

(Ушбу жумла ақоид матнининг кейинги даврларда кўчирилган нусхаларига тегишли).

قال اهل الحق حقائق الأشياء ثابتة والعلم بها متحقق خلافا للسوفسطائية

Ҳақиқат аҳли дедилар: “Нарсаларнинг ҳақиқатлари барқарордир ва уларни билиш тасдиқлангандир”. Сўфастоийяларга (бу) хилоф (бўлган қоида)дир.

(“Ҳақиқат аҳли”дан мурод аҳли суннат ва жамоат гуруҳидан бўлмиш Ашъарий ва Мотуридийларга эргашганлардир.

“Ҳақиқат” бу воқеъликка мувофиқ келувчи ҳукмдир. Унинг муқобили “ботил”дир. “Ҳақиқат” сўзи гаплар, ақидалар, дину мазҳаблар учун ишлатилаверади. “Сидқ” эса фақат гап-сўзларга нисбатан ишлатилади ва унинг муқобили “кизб” (ёлғон) бўлади.

“Суфастоийя” сўзи юнон тилидан олинган бўлиб, ундаги “суфо” сўзи “илм” маъносида, “исто” эса “ғалат, нотўғри” маъносидадир. “Сафсата” сўзи ҳам мана шу сўздан олинган. Ушбу тоифага мансуб кишилар нарсаларнинг ҳақиқатини инкор қиладилар. Нарсалар хаёл ва тасаввурдан иборат дейдилар. Баъзилари эса: “Нарсалар эътиқодга боғлиқ, агар нарсани жавҳар деб эътиқод қилсак, жавҳардир. Агар қадимий деб эътиқод қилсак, қадимийдир ва агар янги пайдо бўлган деб жазм қилсак, янги пайдо бўлгандир”, дейдилар.

Фақатгина бир тоифа эмас, балки барча илмни нотўғри фаҳмлайдиганлар суфастоийлар бўлаверади).

ثم أسباب العلم للخلق ثلاثة الحواس الخمس و خبر الصادق و العقل و الحواس هى السمع و البصر و الشمّ و الذوق و اللمس و بكل حاسّة منها توقف على ما وضعت هى له

Сўнгра, илмнинг сабаблари халқ учун учтадир: бешта (соғлом) ҳис-туйғулар, тўғри хабар ва ақл. Бас, ҳис қилувчи (аъзолар бештадир): эшитиш, кўриш, ҳидлаш, тотиш ва ушлаш-силаш. Улардан ҳар бир ҳосса ўзи учун қўйилган нарсагагина воқиф бўлур.

(Яъни, Аллоҳ таоло улардан ҳар бирини махсус нарсаларни идрок қилиш учун яратган. Эшитиш овозлар учун, тотиш таъмлар учундир. Бирови билган нарсани бошқаси идрок қила олмайди. Лекин бу хусусият қиёмат куни ўзгариши мумкин. Масалан, қўл гапириб, эгаси қилган ишлардан хабар беради).

و خبر الصادق على نوعين أحدهما الخبر المتواتر الثابت على السنة قوم لا يتصور تواطئهم على الكذب و هو موجب للعلم الضرورى كالعلم بالملوك الخالية فى الأزمنة الماضية و البلدان النائية

Тўғри хабар икки навъга (бўлинади). Икковидан бири мутавотир хабардир. У (бирор) қавмнинг тилларида уларнинг ёлғон (сўзлаш)га келишиб олишлари тасаввур қилинмайдиган мустаҳкам хабардир. У мозий замонларда ўтган подшоҳлар ва узоқ шаҳарларни билиш каби (ўз-ўзидан) зарурий илм (билим) учун сабабдир.

والثانى خبر الرسول المؤيّة بالمعجزة يوجب العلم الاستدلالى و العلم الثابت به يضاهى العلم الثابت بالضرورة فى التيقن والثابت

Иккинчиси, мўъжиза ила қувватланган Пайғамбар хабаридир. У (яъни, Пайғамбар хабари) истидлолий (далил талаб қиладиган) илмни вожиб қилади. У билан барқарор бўлган илм аниқлик ва мустаҳкамликда заруратан пайдо бўлган илмга ўхшаш бўлади (шунга қиёс қилинади).

 و اما العقل فهو سبب العلم ايضا وما تثبت منه بالبديهة فهو ضرورى كالعلم بان كل شئ أعظم من جزئه وما تثبت بالاستدلال فهو اكتسابى

Аммо ақл, бас, у илм учун яна (бир бошқа) сабабдир. Ундан (яъни, ақл ила пайдо бўлган илмдан) бадоҳатан (бирданига юз берадиган, ўйланиб, изланиб турмасдан тафаккурга тезда келадиган билиш) бўладиган нарса ҳам (худди) ҳар бир нарса ўз бўлагидан каттароқ эканлигини билиш каби зарурийдир. Далил талаб қилиш билан пайдо бўлган нарса, бас, у иктисобийдир (яъни, касб қилиб, изланиб топилгувсидир).

و الإلهام ليس من اسباب معرفة صحة الشىء عند اهل الحق

Илҳом ҳақиқат аҳли наздида (бирор) нарсанинг саҳиҳлигини таниш сабабларидан эмас.

(Илҳом бу файз тариқасида қалбга келадиган маънодир, қарашдир. Авлиёуллоҳларнинг қалбига келган нарсалар ҳам илҳом деб аталади. У шаръан далил сифатида олинмайди. Масалан, кимдир бировни ўғри деб кўрсатиб, бу менга илҳом орқали кашф бўлди, деса, унинг сўзи билан ўша кимсани ўғри деб тутилмайди. Ёки менга илҳом орқали маълум бўлдики, эртага рамазон рўзаси бошланади, деса унинг сўзи билангина рўза бошланиб кетмайди).

و العالم بحميع أجزائه مُحدَث إذ هو أعيان و أعراض و الأعيان ما له قيام بذاته وهو إما متركب [و هو الجسم او غير متركب] وهو الجزء الذى لا يتجزى و هو الجوهر و الأعراض ما لا قيام له بذاته و يحدث فى الاجسام والجواهر كالألوان والأكوان والطعوم الروايح

Олам жами бўлаклари билан пайдо бўлгандир. Чунки, у ъайнлар ва ъаразлар(дан иборат)дир. Бас, аъён ўз зоти ила (яъни, ўзича) тура оладиган нарса(лар)дир. У ёки мураккаб (таркиб топадиган бўлур), у (ҳар хил нарсалардан таркиб топадигани) жисмдир. Ёки таркиб топмайдиган (бўлур). У бўлакларга бўлинмайдиган (энг кичик заррасимон) бўлакдир. У жавҳардир. Аразлар (эса) ўз зотида тура олмайдиган нарсадир ва (у) ранглар, борлиқлар, таъмлар, ҳидлар каби жисмларда ва жавҳарларда пайдо бўлади.

(Фалсафада ъраз – аъроз сўзини аксиденция, симптом; жавҳар сўзини эса модда, материя билан ифодаланади, ъайн – аъён эса аксиденциянинг аксидир.

Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ “борлиқлар” деганда жамъланиш, ажралиш, ҳаракат ва сукунатни тушунганлар).

 و المحدث للعالم هو الله تعالى الواحد القديم الحي القادر[العليم] السميع البصير الشائي المريد

Олам учун пайдо қилгувчи у ягона, (аввалу охир бўлмиш) қадим, (ҳамиша) тирик, (ҳар нарсага) қодир, (барча нарсани) билгувчи, (ҳамма овозларни) эшитгувчи, (барчани) кўргувчи, (ўзи хоҳлаганини) хоҳлагувчи ва (истаганини) ирода қилгувчи Аллоҳ таолодир!

 ليس بعرض و لا جوهر و لا جسم و لا مصوّر و لا محدود و لا معدود و لا متبعض و لا متجزى و لا متركب و لا متناهى لا يوصف بالمائيّة و لا بالكيفية و لا يتمكن فى مكان و لا يجرى عليه زمان و لا يُشبهه شىء و لا يُخرج عن علمه و قدرته شىء

(У Аллоҳ) араз эмас, жавҳар эмас, жисм эмас, тасаввур қилинган эмас, чегараланган эмас, саналадиган эмас, баъзи (ҳам) эмас, бўлакланган ҳам эмас, (улардан) таркиб топган (ҳам) эмас, ниҳояланган (яъни, ниҳояси бор ҳам дейилган) эмас. Нималиги ва қандайлиги сифат (қилиб) гапирилмайди, (бирор) маконда макони бор дейилмайди. Унга замон(лар-у вақтлар) ўтмайди. Унга бирор нарса ўхшамайди. Илми ва қудратидан ҳеч нарса чиқиб кетмайди.

(Яъни, Аллоҳ таоло бирорта сурат ва шаклга эга эмас. Бу нарсалар инсон, ҳайвонот ва жисмларга хос нарсалардир.

Яъни, умумийликнинг баъзиси эмас. Бу ерда муаллиф Аллоҳ таолони қўл, оёқ, юрак сифатида бўлакларга бўлиб тасаввур қилишни рад қилмоқда.).

و له صفات ازلية قايمة بذاته و هى لا هو و لا غيره و هى العلم و القدرة و الحيوة و القوة و السمع و البصر و الإرادة و المشية و الفعل و التخليق و الترزيق

Унинг учун ўз зотида қоим бўлмиш азалий сифатлар бор. Улар У эмас, Ундан ўзга (ҳам) эмас. Улар (яъни, ўша сифатлар) илм (билишлик), қудрат (қодирлик), ҳаёт (тириклик), қувват, самъ (эшитиш), басар (кўриш), ирода, машиат (хоҳиш), бажариш, яратиш ва ризқ беришдир.

(Сўфи Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор ушбу гапни назмга солиб: “Субутийдир анинг саккиз сифоти. Сифот зотий эмас, на ғайри зотий”, деб ифодалаганлар. Яъни, Аллоҳ таолонинг сифатлари зотининг ўзгинаси эмас ва зотидан айри ҳам эмасдир).

 و الكلام و هو متكلم بكلام هو صفة ازلية ليس من جنس الحروف و الاصوات و هى منافية للسكوت و الآفة و الله تعالى متكلم بها آمر ناهى مخبر

Калом ва у Унинг учун азалий сифат бўлган калом (гап-сўзлар) билан гапиргувчидир, (ўша гап-сўзлар) ҳарф ва овозлар жинсидан эмас. У (калом) сукут қилиш, ва (ҳар хил дудуқланиш, гунг бўлиб қолиш сингари) офатларни рад қиладиган сифатдир. Аллоҳ таоло гапиргувчидир, ўша (сифати) билан амр қилгувчи, қайтаргувчи, хабар бергувчидир.

 و القران كلام الله تعالى غير مخلوق و هو مكتوب فى مصافحنا محفوظ بقلوبنا مقرؤ بألسنتنا مسموع بأذاننا غير حالّ فيها

Қуръон Аллоҳ таолонинг яратилмаган каломидир. У бизнинг мусҳафларимизда ёзилган, қалбларимизда сақланган, тилларимиз ила ўқилган, қулоқларимиз ила эшитилган (ҳамда) уларга сингиб кетмагандир.

(Яъни, Қуръон Аллоҳнинг зотида қоим бўлган қадим сифати бўлиб, мусҳафларга қалбларга, тилларга, қулоқларга сингиб кетмайди).

 و التكوين صفة الله تعالى ازلية و هو تكوين للعالم و لكل جزو منه لوقت وجوده و هو غير المكوَّن عندنا

Таквин (бор қилиш, яратиш) Аллоҳ таолонинг азалий сифатидир. У (яъни, таквин) олам учун ва унинг бўлакларидан ҳар бир бўлак учун ижод қилиш вақтида Унинг яратишидир ва бизнинг наздимизда (таквин сифати) яралмишдан бошқадир.

(Мўътазилийлар Аллоҳнинг таквин сифатини мукавван билан, яъни яралмиш билан бирга деб тасаввур қиладилар ва бу иккиси айни нарса, дейдилар).

[carousel-horizontal-posts-content-slider]