Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Ислом дини инсонни доимо ҳақиқатга, пок эътиқодга ва Аллоҳ таолога таваккал қилишга чақиради. Мўмин инсон ҳаётида турли қийинчиликлар, муаммолар ва синовларга дуч келиши табиий. Аммо бундай вазиятларда нажотни фолбинлардан, сеҳргарлардан ёки ғайбдан хабар беришни даъво қилувчилардан эмас, балки Аллоҳ таолодан излаш лозим.
Кўпинча аёллар оилавий муаммолар, фарзандларининг тақдири, турмуш ўртоғи билан муносабатлар, ризқ-рўз, бахт ва келажак ҳақида билиш мақсадида фолбинларга мурожаат қиладилар. Айримлари буни шунчаки қизиқиш, кўнгилхушлик ёки маслаҳат олиш деб ҳисоблайдилар. Аммо бу ишнинг диний жиҳатдан нақадар хавфли эканини ҳамма ҳам чуқур англаб етмайди.
Ғайбни фақат Аллоҳ билади!
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Айтинг: Осмонлару ердаги бирор кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)» (Намл сураси, 65-оят). Ушбу оятдан маълум бўладики, келажакда нима бўлишини, инсоннинг тақдирида қандай воқеалар кутаётганини мустақил равишда билиш фақат Аллоҳ таолога хосдир. Фолбинлар эса турли усуллар, жумладан, қўлга қараш, қаҳва қуйқасига қараш, карта очиш, юлдузларга қараб башорат қилиш ёки турли нарсалар орқали инсон келажаги ҳақида хабар беришга уринадилар. Мусулмон киши бундай даъволарга ишонмаслиги керак.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким бир фолбиннинг олдига бориб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг қирқ кечалик намози қабул қилинмайди» (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис фолбинларга боришнинг нақадар жиддий гуноҳ эканини кўрсатади. Албатта, бу намоз ўқиш мажбурияти бекор бўлади дегани эмас. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам беш вақт намозини адо этиши шарт. Ҳадисдаги огоҳлантириш намоз савоби ва қабул бўлишига тааллуқлидир. Аҳмаднинг лафзида: “Ким аррофга ёки коҳинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди”, дейилган.
Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазосидир. Унинг айтганига ишонадими – йўқми, бунинг фарқи йўқ. Аммо ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, куфрга кетган бўлади. Бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!
Демак, фолбиннинг гапларини ҳақ деб тасдиқлаш, эътиқод учун янада катта хавф туғдирар экан.
Нима учун, айниқса, аёллар эҳтиёт бўлишлари керак?
Аёл киши табиатан оиласи, фарзандлари ва яқинларининг келажаги ҳақида кўп қайғуради. Баъзан турмушидаги келишмовчиликлар, фарзандининг касаллиги, турмуш ўртоғининг муносабати ёки оилавий ташвишлар борасида, илмсизлиги сабабли фолбинга мурожаат қилади. Фолбинлар эса инсоннинг ана шу заиф нуқталаридан фойдаланиб: “Сизга кўз теккан, оилангизда сеҳр бор, эрингиз бошқа бировга кўнгил қўйган, фарзандингизнинг келажагида муаммо бор”, каби сўзлар билан уларни қўрқитадилар, ишонтирадилар ва турли хил маросим ва амалларни таклиф қиладилар. Натижада, у аёлнинг қалбида гумон, қўрқув, васваса ва оиласига нисбатан ишончсизлик пайдо бўлади. Ва шу сабаб, баъзан оилаларнинг бузилишигача етиб борилишига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳеч қайси бир масаланинг ечими фолбинда эмас. Оиладаги барча муаммоларни оқилона суҳбат, сабр, маслаҳат ва зарур бўлса, мутахассис ёрдами билан ҳал қилиш керак.
Шундай ҳолатларга тушиб қолган мўмина аёл аслида қандай йўл тутиши лозим?
Энг аввало, ёрдамини Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб, Унга таваккал қилиш, дуо ва зикрларни кўпайтириш, фарз, вожиб амалларни ўрнида қўйиб, уларга кўплаб нафл ибодатларни қўшиб бажариш лозим бўлади.
Қарор қабул қилишда ишончли, илмли ва тақводор инсонлардан маслаҳат сўраб, масалани ҳалол ва шаръий йўллар билан ҳал қилиш мақсадга мувофиқдир.
Хулоса
Азиз опа-сингиллар!
Биз фарзандларимизга ҳалолликни, покликни, сабрни ва Аллоҳга таваккал қилишни ўргатар эканмиз, аввало, ўзимиз бу қадриятларга амал қилайлик. Зеро, инсон қалби фақатгина Аллоҳга бўлган мустаҳкам иймон ва таваккулдан хотиржамлик топади.
Аллоҳ таоло барчамизни ширк, хурофот, сеҳр-жоду ва ботил эътиқодлардан асрасин. Қалбларимизни соф иймон, оилаларимизни меҳр-оқибат, хонадонларимизни барака билан тўлдирсин. Омин!
Зангиота туман бош имом – хатибининг хотин-қизлар
масалалари бўйича ўринбосари Дилбар Ҳамдамова

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги