Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Қўшничилик ҳақлари

Қўшничилик ҳақлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аввало Аллоҳга азамати-қудратига муносиб чексиз ҳамдлар, росулимиз – ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз саловатлар бўлсин.

Саодатли ҳаёт кечиришимиз учун дастурул амал бўлган Қуръони Каримнинг 107-сураси “Мааъуун” деб номланиб, бу сўз қуйидаги маъноларни англатади:

1-маъноси: Рўзғор буюмлари ва кичик ёрдамлар. Кундалик ҳаётда одамлар бир-биридан вақтинчалик сўраб турадиган майда-чуйда рўзғор буюмлари (масалан: болта, пичоқ, қозон, туз, сув, игна кабилар). “Мааъуун” сурасида бу каби арзимас нарсаларни бошқалардан қизғанадиган, кичик ёрдамни ҳам эп кўрмайдиган ҳасис кишилар қораланади.

2-маъноси: Баъзи муфассирлар (масалан, ҳазрат Али ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумо) фикрига кўра, бу сўз “закот” маъносини ҳам англатади. Чунки закот ҳам мол-мулкнинг озгина қисмини ажратиб, муҳтожларга бериладиган мажбурий ёрдамдир.Умумий маънода бу сўз «озгина яхшилик», «кичик бўлсада, одамларга фойдаси тегадиган ёрдам ёки буюм» деган тушунчани ифодалайди.

Сурадан олинадиган асосий хулосалар:Иймон ва ахлоқ ажралмасдир: Ҳақиқий диндорлик фақат расмий ибодатлардан иборат эмас, у албатта етимга раҳм қилиш ва муҳтожларга ёрдам бериш билан исботланиши лозим. Ихлос ўта муҳим бўлиб, ҳар қандай яхши амал ва ибодат одамлар кўриши учун эмас, фақатгина Аллоҳнинг розилиги учун қилиниши шарт.

Шу ўринда қўшниларга яхшилик қилишнинг аҳамияти жуда катта экани боис, бу ҳақда росулуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан имом Табароний ривоят келтирган машҳур саҳиҳ ҳадисга тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик. Бу муборак ҳадисда қўшничилик ҳақлари аниқ – равшан зикр этилган: “Қўшнининг ҳаққи: агар касал бўлса, зиёрат қиласан, вафот этса (қабристонгача) кузатасан, қарз сўраса берасан, айби очилиб қолса, беркитасан, яхшилик етса муборакбод этасан, мусибат етса, ҳамдардлик билдирасан, биноингни биноси устидан баланд кўтармайсан, шамолни тўсиб қўймайсан, унга қозоннинг ҳиди билан озор етказмайсан, лекин овқатингдан сузиб берсанг, зарари йўқ”.

Ҳулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир мусилмон зиммасида қўшни ҳаққига риоя қилиш ётади. Ҳозирда йиллар давомида бир манзилда истиқомат қилаётган аксар инсонлар қўшнилари ҳақларини адо этиш қолиб, ҳатто бир-бирларини танимасликлари аянчли ҳол. Лоқайдликни четга суриб, ота-боболаримиз кўрсатиб келган меҳр-оҳибат, эътибор кўрсатишни эсга олайлик! Қуръон ва ҳадислар фақатгина чирой учун китоб жавонларимизни безаб турмасин! Оятлар ва суннатларга амал қилиб яшасак, жамиятимиз равнақи, ислоҳига эришамиз, дамакки, ҳар бир хонадон, ҳар бир оилада илоҳий таълимотларимизга риоя қилиб, унда соғлом муҳитни яратсак, зурриёдларимиз ҳақлар ва ҳадлар борасида комил аҳлоқ – одобга эга бўладилар.Муносиб ўрнак бўлиш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Нурафшон шаҳар отинойиси Игамбердиева Хурсаной

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[carousel-horizontal-posts-content-slider]