Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / ҒИЙБАТ – УЛКАН ЖИНОЯТ

ҒИЙБАТ – УЛКАН ЖИНОЯТ

Бугун жамиятда маънавий жиноятлардан бири ғийбат урчиб кетди. Икки аёл жамланса, дарҳол “У ундай экан, бу бундай экан”, “Эшитдингизми, фалончининг қизи ажрашиб келибди?” деган ғийбатлар бошланади. Динимиз таълимотига кўра, ғийбат улкан жиноят ва катта гуноҳдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларни яна бундай огоҳлантиради: “Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир(Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ғийбатнинг нақадар жирканч иллат эканини Раббимиз жуда гўзал таърифлаган: “…бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?!”

Бу маънавий жиноят оилалар орасига парокандалик туширади, акани укадан, опани сингилдан, қариншдошни уруғидан айиради.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир”, дейишди. Пайғамбаримиз:“Биродарингизни унга ёқмайдиган сифати билан эслашингиздир”,дедилар.Улар: “Агар биродаримизда сиз айтган сифат бўлса-чи?”деб сўрадилар. Набий алайҳиссалом: “Агар унда сиз айтган сифат бўлса, ғийбат қилган бўласиз. Агар сиз айтган сифат бўлмаса, у ҳолда бўҳтон қилган бўласиз”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисда: “Ё Расулуллоҳ,  мусулмонларнинг қайси бири афзал?” Расулуллоҳ алайҳиссалом жавоб бердилар: “Мусулмонлар уларнинг тилидан ҳам, қўлидан ҳам саломат бўлгани”.

Биз тилимиз ёки қўлимиздан саломатмизми? Ҳатто бу дунёдан ўтганларни ҳам бемалол ғийбат қилаверамиз. Тириклардан кечирим сўрашимиз мумкиндир, ўтганлардан-чи? Бу дунё ўткинчи, ҳисоб кунида ҳар бир гуноҳнинг жазоси муқаррар.

Аёллармиз орасида ғийбатнинг кучайиб боришида ойнаи жаҳонда тинимсиз узатилаётган турк ёхуд ғарб сериалларининг салбий таъсири ҳам йўқ эмас. Энг ачнарлиси, бизнинг шарқона одоб-ахлоқ қоидалармизга, миллий менталитемизга ёт бўлган ғарб тушунчалари бугун ҳаётимизга сингиб боряпти. Бунинг оқибатида бугун ёш келинчак ўз қайнонаси ортидан ғийбат қилиб ўтирса-ю,лекин унинг онаси“лом-мим” демай уни эшитиб ўтирса?

Ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом бундай марҳамат қиладилар: “Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусилмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйидан шарманда бўлган ҳолатда чиқаради”,  деганлар.

Аллоҳ таоло ғийбатчиларни бу дунёда хам, оҳиратда хам жазосиз қўймайди.

Айрим аёллар телефонда соатлаб кимнидир ғийбат қилишдан чарчамаётгани, оиласининг сир-асрорларию кеча нима овқат егани,  дугонасининг қандай машина олгани… қўйинг-чи, майда-чуйда лағв сўзлар билан умрини кўкка совуряпти.

Бундай ҳолатларга дарҳол чек қўйишимиз динимиз амридир. Кимни ғийбат қилган бўлсак, бу иссиқ жон танамизда эканидаёқ ундан кечирим сўраб, рози-ризолашиб олиш керак.

Нигора ИМОМОВА,

Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]