Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Оила жамиятнинг бўғини ва асосидир

Оила жамиятнинг бўғини ва асосидир

Осуда ва тинч жамиятдагина мустаҳкам оила қурилади. Жамият эса минглаб оилалардан ташкил топади. Илк жамият, илк оила азолари Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз бўлганлар. Динимиз оила тотувлиги ва салоҳиятига жиддий этибор қаратган. Ислом дини оила шаънини қанчалик ҳимоя қилиши Қуръони Каримда ҳам бош мавзу эканини англаш, жумладан Нисо сурасидан икки оят ва уларнинг тафсири билан танишиш кифоядир.

«Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркалар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусияларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёлар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғайбга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (Яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи) лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, Аввало уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса) уларни ўринларида (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқача йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир»

«Агар улар (эр-хотин) нинг оралари бузулиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборинг. Агар(эр-хотин) ислоҳни ҳоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир»(34-35-оятлар).

Нисо сурасидаги оятларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло солиҳа аёлларни сифатлар экан:

«(Аёлар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғайбга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (Яъни эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир», деб эр-хотин ўртасидаги сирни сақлаш муҳимлигига ишора қилмоқда.

Дарҳақиқат, қиз бола гувоҳлар ҳузурида «Бағишладим», деб ёки ишора билан розилигини билдирса, йигит кишининг «Қабул қилдим», дейиши билан икковлари ўртасидаги муносабат инсоний алоқалар ичида энг муқаддаси бўлмиш эр-хотин алоқасига айланади.

Жамоатчилик гувоҳлигида ўрнатилган алоқа, албатта муқаддас бўлади. Ижоб ва қабулдан сўнг эр-хотинга айланганлар ўртасида сақланиши лозим бўлган сир ҳам вужудга келади. Кўп ҳолларда ўртадаги сирнинг ошкор этилиши бу жуфтлик орасига совуқчилик тушишига эл орасида ушбу оиланинг обрўси кетиши, натижада унинг бузилишига сабаб бўлади.

Бугун ҳар бир маҳалла идорасида яраштирув ҳайъати тузилган. Минг афсуслар бўлсин, бу ҳайъатларнинг можароли ташвишлари кўпайиб бормоқда. Эр-хотин ёки қайнона келин ўртасида кўтарилгн жанжалнинг оиладан ташқарига чиқиши доимо ушбу оиланинг фойдасига эмас, зарарига хизмат қилади. Ва яна айтамизки, арзимас нарсалар ўртасида ўзаро тортишувлар оқибатида ҳатто Аллоҳ таолонинг буюк Аршини ҳам ларзага келтирувчи «Талоқ» сўзига ёшларимизнинг тиллари осонгина айтилиши жамият масъулларини жиддий ҳавотирга солмоғи керак.

Фараз қилайлик, оилалардан бирида ўзаро келишмовчиликлар содир бўла бошлади. Нима қилиш керак? Ўғлимиз дарров «Талоқ» деб айтсинми? Йўқ. Қуръони Карим ўша оятида «Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, Аввало уларга насиҳат қилинг» деяпти.

Мана шу ўринда аёллар эътироз билдиришлари мумкин «Нима учун фақат биз, аёлларга насиҳат қилиниши керак? Ахир ҳар доим ҳам айб бизда бўлавермайдику!» Қуръон эса уларга қуйидагича жавоб беради: “хулосага шошилманглар, бу ерда аввало ваъз-насиҳат зарбаси эркакга етади. Чунки насиҳат қилувчи эркак айтганларига ўзи амал қилмаса, унинг гаплари хотинига тъсир этармиди? Масалан, Аллоҳ таолога итоат этмаётган эр хотинидан ўзига нисбатан итоат талаб қилиши кулгили эмасми?!

Бу услуб фойда бермаса, энди навбат талоққами? Йўқ. «уларни ўринларида (алоқасиз) тарк этинг» (Нисо сураси, 34-оят).

Бу ҳолда аёлларга қаттиқ таъсир қиладиган ҳассос бир услуб – бирга ётмаслик, гаплашмаслик чоралари қўлланилади. Ушбу усулда ҳам тарбияланувчи аёлга қараганда тарбия қилувчи эрдан кўп нарса талаб этилади. Чунки ҳижрон таъсир кўрсатиши учун унинг ўтида аввал ўзи куймоғи керак. Бу усул эрлардан кучли ирода ва сабр-тоқатни талаб қилади.

Юқоридаги кўрсатмаларнинг ҳаммасига амал қилиб кўрилди. Яхши натижа беравермагач, энди эрнинг тили «Талоқ» сўзи билан намланишига рухсат бериладими? Йўқ. «уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг» дейилмоқда.

Бу ўз қадрини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учун қўлланиладиган ўзига хос тарбия усулидир.

Шуни таъкидлаш лозимки, яхши мусулмон хотинини асло урмайди. Чунки ҳадиси шарифда: «Сизларнинг энг яшингиз хотинларингизга яхши муомала қиладиганингиздир», дейилган.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам ўз хотинларида ва ходимларидан ҳеч бирини урмаганлар», дейилади.

Ушбу маъноларни ҳар бир мусулмон аёл ва эркак яхши тушуниб олмоғи ҳамда ҳаётга тадбиқ қилмоғи керак. Аёллар эрларига итоатсизлик кўрсатиб, уларга қарши бош кўтармасинлар, ҳаддиларидан ошмай, эрларини фавқулотда чора кўришга мажбур қилмасинлар. Эрлар эса хотинларига яхши муомалада бўлсинлар. Мабодо аёллардан баъзи бир хатолар ўтса, сабр қилиб кечиримли бўлсинлар. Ана ўшанда улар мусулмонларнинг яхшиларидан бўладилар. Ушбу чораларни қўллаш билан оилавий муаммолар ҳал бўлиб қолса, «уларга қарши бошқача йўл ахтарманг». Яъни, кечиримли бўлиб, яна камчиликлар излашга киришманг. Масалан: “Сен ўзинг ярамас хотинсан лекин болаларинг учун кечирдим”, каби гаплар яхшилик келтирмайди.

Баъзида бу чораларнинг ҳеч бири наф бермаслиги мумкин. Шундай ҳолатда талоқ айтса бўладими ёки маҳаллага чиқиш керакми? Шошманг: «Эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборинг» (Нисо сураси, 35-оят).

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бундай ҳолда ҳам эр ўзи рози бўлган қариндошини, хотин ҳам ўзи рози бўлган қариндошини ҳакамликка таъйин қилади. Ҳакамлар иложи борича қариндошлардан бўлмоғи яхши. Лекин иложи бўлмаган тақдирда бегоналар жалб қилиниши мумкин.

Албатта, ушбу икки ҳакам мусулмон, эркак, одил, мукаллаф, диний аҳкомлардан хабардор, никоҳ талоқ масалаларини тушунадиган бўлиши шарт. Уларнинг қариндошларидан бўлиши – эр-хотинни яхши билишлари, улар оиласини сақлаб қолиш борасида бегоналардан кўра кўпроқ қайғуришлари, сир-асрорларини яширишлари юзасидандир. Бу чора ҳам Исломда иложи борича оилани бузмасликка уриниш кучли эканини кўрсатиб турибди.

Азиз юртдошлар! Қаранг, бизнинг динимизда оилани асраб қолиш сирларини сақлаб, унинг шаънини сақлаб қолиш йўлида қанчалар жон куйдирилмоқда. Насиҳат, ҳижрон, уриш каби чоралардан ўтиб ишга қариндошлардан ҳакамлар аралашувигача етиб келди-ю, лекин на талоққа на бирор сирни кўчага олиб чиқишга рухсат бўлмади. Албатта, эр-хотин ўртасидаги муносабат тобора кескинлашиб, ҳакамлар ҳам орани ислоҳ қила олмагач, уларнинг ўзаро ҳаётлари жуда мураккаблашиб кетгач энди маҳалладаги яраштирув ҳайъати томон йўл очилади.

Аллоҳ таоло эр-хотин бир-бирига қандай муносабатда бўлишини Қуръони Каримда қуйидагича тушинтириб қўйди:

«Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсизлар»(Бақара сураси, 187-оят).

Узун оятда келган ушбу қисқагина жумла билан Аллоҳ таоло олам-олам маъноларни баён қилган. Қуръони Каримнинг бошқаларни ожиз қолдирувчи ҳақиқий илоҳий Китоб эканига имон келтириш учун ёлғиз шу муборак жумлани тафаккур қилиб кўриш етарлидир.

Одатда либос – кийим бир неча муҳим мақсадлар учун ишлатилади. Агар кийим бўлмаса ўша мақсадларга эришилмайди ва инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам қолмайди. Келинг, ўша кийимдан кўзланган мақсадлар ва эр-хотин орасидаги муносабатнинг унга ўхшатилиши ҳақида мушоҳада қилиб кўрайлик.

Биринчидан, либос – кийим уни кийган кишининг айбини яшириб туради. Қуръони Карим эр-хотинни бир-бирига “либос” деб таърифлагач, улар ҳам бир-бирларининг айбларини беркитиб туришлари керак. Эр-хотин бир-бирларини айбларини очиши ўзаро муносабатларни бузувчи энг катта омилдир.

Иккинчидан, либос уни кийган шахсни зийнатлаб кўрсатувчидир. Шундай экан Қуръони Каримда ўзаро “либос” деб аталган эр-хотин ҳам бир-бирларини зийнатлашга ҳаракат қилишлари керак.

Учинчидан, либос ўз эгасини ёзда иссиқдан, қишда совуқдан сақлайди. Бас, шундай экан, эр-хотин ҳам бир-бирларини ҳаётнинг иссиқ-совуқларидан асрашлари лозим бўлади.

Тўртинчидан, либос уни кийган шахснинг вужидига энг яқин нарсадир. Либос билан уни кийган киши орасида ҳеч нарса бўлмайди. Қуръони Карим эр-хотинни бир-бирига “либос” деб билар экан, улар ҳам ўзаро энг яқин шахслар бўлиши ва ораларига ҳеч қандай бегона кирмаслиги керак. Зеро, эр-хоти бир-бирига тан маҳрамдир.

Бешинчидан, либос уни кийган шахсга турли нохуш нарсалар, ҳатто чанг ҳам юқмаслигига ҳизмат қилади. Бир-бирига либос ҳисобланувчи умр йўлдошлари ҳам бир-бирига турли ёқимсиз нарсалар, ҳатто гард юқтирмасликка ҳаракат қилишлари лозим. Оилаларимиз тинчлиги ҳақида қайғурар эканмиз, ушбу маъноларни ҳаётга тадбиқ қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз, бахту саодатимиз эканини унутмаслигимиз зарур.

Оилаларни ислоҳ қилиш йўлида нима қилмоғимиз керак? Аввало, никоҳ алоқаси инсоний алоқалар ичида энг муқаддаси эканини, никоҳ Қуръон ва Суннатда бош мавзулардан бири сифатида таъкидланганини ва бунинг ҳикмат ва сабабларини ёшларимиз онгига сингдиришимиз лозим. Инсон наслининг муҳофазаси учун зино ҳаром қилинди, никоҳга эса буюрилди. Шунинг учун фарзанд оила қуриш ёшига етганида, ота-онаси уни оилали қилиб қўйишга шошилмоғи керак.

Оила аҳиллари икки дунё дарвозасининг калити бўлмиш пурҳикмат ояти карима билан якунлаймиз:

Яъни, «…Улар билан тотув турмуш кечиринг» (Нисо сураси, 19-оят).

Қўшбоев Фатҳиддин Фахриддин ўғли

«Пайғамбар-ота» жоме масжиди имом хатиби