Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фарзандларингиз орасида адолат қилинг

Фарзандларингиз орасида адолат қилинг

Ҳадис шарҳи

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Отам менга совға берди. Амро бинти Равоҳа: “То бунга (совғага) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни гувоҳ қилмагунингизча рози бўлмайман”, деди. Отам Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига борди ва: “Мен Амра бинти Равоҳадан бўлган ўғлимга совға бердим. Ё Расулуллоҳ, Амра сизни гувоҳ қилишимни буюрди”, деди. Набий алайҳиссалом: “Бошқа фарзандларингга шу каби бердингми?!” деб сўрадилар. Отам: “Йўқ”, деди. Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ таолога тақво қилинглар ҳамда фарзандларингиз орасида адолат қилинглар”, дедилар.
Ровий айтади: “Отам келиб ҳадясини қайтариб олди”».

Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Табароний раҳимаҳумаллоҳ Шаъбийдан қилган ривоятларида бундай келади: «Бир куни Нўъмон ибн Башир Куфада хутба қилиб бундай деди: “Отам Башир ибн Саъд Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига борди ва: “Амра бинти Равоҳа ўғил фарзанд туғиб берди. Мен унга “Нўъмон” деб исм қўйдим. Амра то молимдан энг яхшисини ўғлимга ҳадя қилгунимча болага қарамаслигини айтди. Шунингдек, менга: “Бунга Расулуллоҳ алайҳиссаломни гувоҳ қилинг”, деди».

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида эса қуйидагичадир: “Онам отамдан молидан баъзи бир ҳадяларни менга беришини талаб қилди. Отам бу ишни бир йил чўзиб юрди. Кейин берди. Онам: “То бунга Набий алайҳиссаломни гувоҳ қилмагунингизча, рози бўлмайман”, деди. Айтади: “Отам мени кўтариб Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига олиб борди…” Ривоятларга қараганда, ҳадисдаги ҳадя хизматкор, яъни қул бўлгани аёнлашади.

Уламолар ривоятларни жамлаб бундай дейишади: «Амра фақат ўғлига тааллуқли бўладиган бирор нарса бермагунича болага қарашдан бош тортган. Башир Амрага таскин бериш учун ўғлига боғ ҳадя қилмоқчи бўлди. Бу ишни пайсалга солиб юриб, охири беришдан воз кечди. Амра қайта талаб қилди. Башир бир ёки икки йил ўғлига ҳадя беришни чўзиб юрди. Сўнгра боғ ўрнига ғулом совға қилишни истаб қолди. Амра рози бўлди. Фақат Баширнинг бу совғани ҳам қайтариб олишидан қўрқиб, ҳадяни тасдиқлатиш, тағин қайтариб олмаслигини кафолатлаб олиш учун Расулуллоҳ алайҳиссаломни гувоҳ қилишни истади. Шунингдек, Баширнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ҳадяга гувоҳ бўлишларини сўраши бир марта бўлган.

Хулоса қилиб айтганда Нўъмон розияллоҳу анҳу гоҳида қиссанинг бир қисмини, гоҳида эса бошқа қисмини ҳикоя қилиб берган. У отасининг барча ривоятларини эшитди, лекин фақат шуниси билан чекланди.

Башир Набий алайҳиссаломдан гувоҳликларини сўраганда, у зот алайҳиссалом: “Бу ўғлингдан бошқа яна болаларинг борми?” деб сўрадилар. Башир: “Ҳа”, деди. Набий алайҳиссалом: “Бошқа фарзандларингга ҳам шу болангга берган сингари бердингми?” деб сўрадилар. У: “Йўқ”, деди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ таолога тақво қилинглар ҳамда фарзандларингиз яхшилик қилишда сизга адолатли бўлишларини истаганигиз каби, совға беришда улар ўртасида адолат қилинглар”, дедилар».

Имом Аҳмад Шаъбий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом Баширга бундай дедилар: “Болаларингнинг сендаги ҳақи уларнинг орасида адолат қилишингдир. Мени адолатсизликка гувоҳ қилма. Болаларингнинг барчалари бирдай сенга яхшилик қилишларини хоҳламайсанми?” дедилар. Башир: “Албатта, хоҳлайман”, деди. Набий алайҳиссалом: “У ҳолда бундай қилма”, дедилар. Башир қайтиб кетди.

Гарчи қиссада совға ва лафзларда ихтилоф бўлса-да, уларнинг бари бир нарсага, яъни, совға улашишда болаларни тенг кўришни талаб қилиш бор».

Уламолар совға улашишда болаларни тенг кўриш ҳукми борасида ихтилоф қилишди. Имом Товус, Саврий, Аҳмад ва Исҳоқ раҳимаҳумуллоҳ: “Болаларга совға улашишда тенглик қилиш вожиб”, дейдилар. Моликийлар ҳам шу фикрда. Улардаги машҳур қавл шуки, бундай тарзда берилган ҳадя ботилдир. Улар Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таолога тақво қилинглар ҳамда фарзандларингиз орасида адолат қилинглар” сўзларини ҳужжат қилиб, буйруқни вожиб дейишади. Шунингдек, адолатсизлик ака-ука, опа-сингиллар орасида нафрат уйғотади, бу эса силаи раҳмнинг узилишига олиб келади.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: “Болаларнинг бирини бошқасидан ортиқ кўриш мумкин эмас. Фақат шуни оқлайдиган бирор сабаб бўлса, зарари йўқ. Масалан, бола ногирон бўлса ёки шунга ўхшаш сабабга кўра жоиз”, деган.

Жумҳур уламолар, жумладан, ҳанафийлар совға улашишда болаларни тенг кўриш вожиб эмас, балки мустаҳабдир, дейдилар. Отанинг баъзи болаларини ортиқ кўриши макруҳ бўлса-да, жоиздир. Уларни тенг кўриш ёки ҳадяни қайтариб олишга шошилиш мустаҳабдир.

Жумҳур уламолар ушбу фикрларига Имом Муслимнинг ривоятидаги Набий алайҳиссаломнинг: “Бунга мендан бошқани гувоҳ қил”, деган сўзларини далил қилиб: “Бу ерда гувоҳ келтиришга рухсат бор. Рухсат эса ҳаром ишга берилмайди”, дейдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг гувоҳликка ўтишдан бош тортишлари имомликлари учун бўлиши мумкин. Гўё у зот алайҳиссалом: “Мен гувоҳлик бермайман, чунки гувоҳликка ўтиш имомнинг ваколатидаги нарса эмас. Имомнинг вазифаси ҳукм чиқариш”, демоқдалар. Ёки у зот алайҳиссаломнинг гувоҳ бўлмаганлари эҳтиёткорлик туфайли эди.

Бундан маълум бўладики фарзандларга ҳадя беришда баробар кўрмаслик хилофул авлодир (жоиз бир ишнинг хилофини қилиш афзаллиги учун Жумҳур уламолар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Абу Бакр ва Умар розийаллоҳу анҳумонинг амаллари болалар орасида адолат қилиш вожиб эмаслигини кўрсатганини ҳам далил қиладилар.

Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафоти олдидан онамизга: “Мен сенга совға бергандим. Агар уни олганингда эди, у сеники бўларди. Бугун эса у меросхўрларникидир”», деди. Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ Умар розияллоҳу анҳу ўғли Осимга бошқа фарзандларига бермаган алоҳида ҳадя берганини ривоят қилган. Икки халифанинг бу амали буйруқнинг мустаҳаб эканига очиқ далилдир.

Жумҳур уламолар совға улашишда болаларни тенг кўриш борасида ихтилоф қилганлари каби отанинг бир ўғлини ака-укаларидан ортиқ қилиб берган совғасини қайтариб олиши ҳукми борасида ҳам ихтилоф қилишди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадяни қайтариб олиши вожиб. Боиси Набий алайҳиссаломнинг: Уни қайтар”, деганлари вожибга далолат қилади”, дейди. Бошқа уламолар Набий алайҳиссаломнинг буйруқларини мустаҳабликка ва ишнинг афзалини баён қилишга йўйишади.

Манбалар асосида
Қибрай тумани бош имом-хатиби
Миродил МИРЖАЛИЛОВтайёрлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]