Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / ТАВАССУЛ ҲУКМЛАРИ

ТАВАССУЛ ҲУКМЛАРИ

Тавассул – бу Аллоҳга яқинлашиш мақсадида ўртага бирор воситани қўйиб, Унинг даргоҳига васила қилмоқ, демакдир. Васила сифатида гоҳида қилинадиган солиҳ амаллар, Аллоҳ учун бажарилган тоат-ибодатлар Парвардигорнинг даргоҳига яқинлаштирувчи кучли восита бўлса, баъзан эса Аллоҳ наздида юксак мартабага эга бўлган обрў-эътиборли солиҳ бандалар Яратган ҳузурида восита ва васила бўладилар.

Ислом динида ҳар бир амалнинг тартиб-қоидаси бўлганидек, тавассулнинг ҳам ўзига хос қатъий қоидалари мавжуд.

Биринчидан, тавассул қилишда талаб ва эҳтиёж Пайғамбар (алайҳиссалом) ёки қайсидир пирдан сўралмайди. Айниқса, ўтиб кетган авлиёлар, улуғ зотлар қабрига бориб улардан фарзанд, бахту саодат сўраш каби ҳолатлар тўғри эмас. Балки уларнинг ҳаққига дуо қилиш ва уларнинг сабабидан дуолар ижобатини Аллоҳдан сўраш тавассул борасидаги тўғри йўлдир.

Иккинчидан, васила қилинаётган шахс сабабидан дуонинг Аллоҳ томонидан ижобат бўлишига умид қилинади. Шунингдек, васила қилувчи шахс дуонинг қабули Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экани, у тавассулсиз ҳам қабул бўлиши ва тавассул билан ҳам ижобат бўлмаслигини англаб етиши зарур. Лекин шуни унутмаслик керакки, диний кўрсатмаларга мувофиқ тарзда тавассул қилиб, Аллоҳдан бирор нарса сўралганда унинг ижобати осонроқ бўлишини уламолар таъкидлаганлар.

Шунинг учун ҳам ислом динида тавассул қилиш яхши амаллардан саналади ҳамда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бунга оид кўрсатмалар мавжуд. Жумладан, «Моида» сурасининг 35-оятида: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз ҳамда Унинг йўли (тоати)да жидду жаҳд қилингиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз!» – дейилади.

Тавассул борасида сўз юритган уламоларимиз бу оят шахслар ва амалларни васила қилиш мумкинлигини ўз ичига олади, деб таъкидлайдилар. Шариатдаги тавассулда ҳам зеҳнга биринчи келадигани шахс ва амални ўртага қўйишдир. Бунда тирик ва ўликни ажратиш фикри фақат руҳларнинг йўқ бўлиб кетишига эътиқод қилувчилардан чиқиши мумкин.

Оят умумийлиги шахсларни ҳам қамраб олиши қуруқ фикр ёки луғавий маънонинг ўзигина эмас, балки бу динимизнинг мўътабар шахслари, жумладан, Умар (р.а.)дан ҳам ривоят қилинган. У киши ёмғир сўрашда Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг амакилари Аббос (р.а.) билан тавассул қилганлар. Бу Аллоҳ таолога васила қилишнинг бир кўринишидир1.

Қуръони каримнинг «Нисо» сураси 64-оятида ҳам: «…Агар улар ўзларига зулм қилгач, дарҳол Сизга келишиб, Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун кечирим сўраганда, Аллоҳни кечирувчи ва раҳм-шафқатли эканини билган бўлур эдилар», дейилади. Уламолар бу оят ҳам Расулуллоҳ (алайҳис-салом)ни мағфират сўраш учун ҳаётликларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам васила қилишнинг жоизлигига далил, деб ҳисоблаганлар.

Жумладан, Ибн Касир ушбу оят тафсирида салафи солиҳлардан бўлган Утбийдан қуйидаги ҳикояни нақл қилади: «Пайғамбар (алайҳис-салом) қабрлари ёнида ўтирган эдим, бир аъробий келиб: «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ, Аллоҳ таолонинг «…Агар улар ўзларига зулм қилгач, дарҳол Сизга келишиб, Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун кечирим сўраганда, Аллоҳни кечирувчи ва раҳм-шафқатли эканини билган бўлур эдилар» (Нисо, 64), деганини эшитдим ва гуноҳимга мағфират сўраб, Раббимга шафоатчи бўлишингизни сўраб келдим», дейди.

Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (алайҳис-салом) Фотима бинт Асад (р.а.) вафот этганида унинг қабрига тушиб бундай дуо қилганлар: «Ҳаёт берадиган ва ўлдирадиган Аллоҳдир. Доимо барҳаёт, ўлмайдиган Зот, онам Фотима бинт Асадни мағфират қил, ҳужжатини айтишини насиб қил, кирар жойини кенг қил. Пайғамбаринг ҳаққи ва ўзимдан олдинги пайғамбарлар ҳаққи билан»5. Бу ҳадисда Пайғамбар (алайҳис-салом) томонидан ўтган пайғамбарлар ҳурмати билан очиқ тавассул қилингани кўринади.

Аммо, тавассул қилишда ўртага қўйиб сўралаётган инсон ҳақи бирор сўровимни бергин, дейилганда қасам маъноси бўлмаслиги ва Аллоҳ ўша инсон ҳақи сўровимни бериши лозим деб тушунмаслик керак. Акс, ҳолда гўёки, Аллоҳ васила қилинаётган инсондан қарздор бўлгани учун сўровни беради, деган тушунча келиб чиқади ёки Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш юзага келади. Бундай тавассул натижасида макруҳ амал содир этилади.

Доктор Юсуф Хаттор Муҳаммаднинг «Мавсуатул Юсуфия фий баяни адиллатис суфия» китоби асосида.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]