Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Кийиниш борасидаги исроф

Кийиниш борасидаги исроф

Аллоҳ таъоло бизу-сиз бандаларига мол-дунёни яхши мақсадларга сарфлаб, икки дунё саодатига эришиш учун берди. Уни оқилона тасарруф этиш бандани муроду мақсадлари сари етаклайди. Исроф қилиш эса ақлсизлик белгиси бўлиб, инсонни хору-зорликка олиб боради. Ибн Аббос розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Модомики, сенда икки нарса: исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни йе, хоҳлаганингни кий”, – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло инсон кийим-кечак билан авратини беркитсин, ўзини тузатсин деб унга либосни ато этди. Аммо барча нарсада исрофга йўл қўйган инсон кийим-бошини фаҳр ва ғурур воситаси, баъзилар эса ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олишди. Қадр-қийматини ҳам кийим-кечак билан ўлчай бошлашди.

Баъзилар кийимни тор ва юпқа кийиб, тарбиясиз аёллар либосини айнан авратини бўрттириб кўрсатиш учунгина кия бошлашди. Бу эса юксак инсоний шарафни ерга уришдир. Афсуслар бўлсинки, диний маърифатимизнинг етишмаслиги, ўзгаларга тақлид қилишимиз ва бошқа бир қанча сабабларга кўра, кийим борасида ҳам исрофгарчиликка йўл қўймоқдамиз. Азалдан мунис ва мўътабар она момоларимиз эскирган кийимларимизни тозалаб, йиртилган кийимларимизни ямаб тикиб берганлар. Исроф бўлмасин деб ҳар хил ортиб қолган газламалардан турли кўринишдаги чиройли дастурхонлар тикканлар. Бугунги хотин-қизларимизда ўшалардек маҳорат, тежамкорлик, ипу-игна билан ишлаш қобилияти бормикан?

Бус-бутун, ҳали кийишга яроқли кийимларимизни, пойабзалларимизни “Урфдан қолган” деган сабаблар билан чиқариб ташлаймиз. Керагидан ортиқ кийимларни кўпайтирамиз. Кийим учун хаддан ташқари кўп миқдорда ҳаражат қиламиз.

Аёлларимиз ҳар бир тўйга, маросимга ва муносабатга алоҳида янги кийим кийишга жон жаҳдлари билан ҳаракат қиладилар. Инсоннинг ҳурматини кийимга қараб ўрнига қўядилар, деган хаёлда юрадилар. Исроф якка шахслар учун ҳам, оилалар учун ҳам, жамиятлар учун ҳам ўта зарарли. Исрофнинг зарари бу дунё билан чегараланиб қолмай, охиратга ҳам ўтиши бор. Исрофгарчиликка қарши биргаликда курашишимиз лозим. Якка ҳолда, оила даврасида ва жамият билан бирга кенг тушунтиришлар олиб бориб халқимизнинг маърифий тушунчасини юқори савияга кўтарсак, иншааллоҳ яхши бўлади.

Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди

имом-хатиби Холбоев Х

[carousel-horizontal-posts-content-slider]