Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ижобатига Аллоҳ кафил бўлган дуо

Ижобатига Аллоҳ кафил бўлган дуо

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
«Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди. Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир. (Яна дедиларки:) “Эй Раббимиз, агар унутсак ёки хато қил­сак, бизни жавобгар этма! Эй Раббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортилган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй Раббимиз, тоқа­тимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда бизларга раҳм қил! Сен бизнинг Хожамизсан. Бас, бизларга кофирлар қавми устидан ғолиблик ато эт”» (Бақара сураси, 286-оят).

“Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нар­сани таклиф этмайди”. Бу Аллоҳ таолонинг лутфи ва раҳматидан. Ушбу ояти карима саҳобаи киромлар­­да Парвардигорнинг: “Ичин­гиздаги нарсани ошкора қилсангиз ёки яширсангиз ҳам, Аллоҳ сизни бу билан ҳисоб-китоб қилур” (Бақа­ра сураси, 284) оятидан анг­лашилган қўрқувни барта­раф этди. Яъни, Аллоҳ таоло ўзини-ўзи тўх­татишга қо­дир бўлган (ўғри­лик, зино, маст қилувчи ичимликлар­ни ичиш каби) нарсалар учун бандани азоблайди. Аммо нафс вас­васаси каби банда ожиз бўл­ган ҳолатлар бун­дан мус­тас­но. Шарти вас­ва­санинг ёмон эканини эъти­роф этишдир.

Қуръони каримнинг кўп­гина оятларида инсоният енгил нарсаларга буюрилиб, машаққатли нарсалар унинг зиммасига юкланмайди. Масалан: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғир­ликни хоҳламайди” (Ба­қара сураси, 185-оят). Яна: “Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизлар­га бирор ҳараж (қийинчи­лик) қилмади” (Ҳаж сураси, 78-оят).

Аллоҳ таоло ва Расули бу­юрган фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб каби амаллар­­ни бажариш бандага қийин­­чи­лик туғдирмайди. Шунинг­­дек, Аллоҳ ва Расули қай­тар­­ган ҳаром, макруҳ каби амал­лардан тийилиш ҳам машаққат эмас. Олимлардан бири: “Гуноҳдан тийилиш, ха­тога тавба қилиш ва уни туза­тишдан кўра енгилроқ­дир”, деган.

Аллоҳ таолонинг буюр­ганларини бажармаслик ва қайтарганларидан қайтмас­лик машаққатли бўлиб, ин­сон ҳаётига ва жа­миятга за­рарлидир.

Оятда ёмонлик сўзига “орттиргани” лафзи қўшиб айтилишидан мурод ёмон­лик машаққатлардан иборат эканини баён этишдир. Ма­салан, ўғри ўғрилик учун пайт пойлайди, режа тузади, пистирма қўяди ва ҳоказо. Аммо яхшилик кўп ҳаракат талаб этмайди. Сабаби, Пар­вардигор уни инсон табиа­ти­га солган. Қалб ҳам яхши­ликни бажариш илинжида. Шунинг учун уни амалга оширишда тайёргарлик ва тадбирга эҳтиёж йўқ. Садақа қилмоқчи бўлса, беради-қўя­ди. Ҳар яхшилик ортидан банданинг нафси покланади, Яратувчиси олдида ўзининг заифлигини ҳис этади. Аллоҳ таолога бутун вужуди билан боғланади. Унинг наздида ҳисоб-китоб қилинишини ёдда тутади. Шунинг учун яхшилик қилишдан тўхта­майди.

Аллоҳ таоло бандаларини қуйидаги дуога тарғиб этиб, унинг ижобатига кафил бўл­моқда: “Эй Раббимиз, агар унутсак ва хато қилсак, биз­ни жавобгар этма!” Яъни: “Агар фарзни тарк этсак ёки унутиб ҳаром ишни қилиб қўйсак ё хато қилсак, бизни иқобга олмагин”. Имом Бай­ҳақий, Имом Табароний ва Имом Ҳоким раҳимаҳумуллоҳ Абу Зар, Ибн Аббос ва Савбон ро­зийаллоҳу анҳумдан ри­воят қилади: «Набий алайҳис­салом: “Аллоҳ таоло мен­га умматимдаги хато­лик, унутиш, мажбурлик­да қи­линган нарсаларни ке­чириб юборди”, дедилар».

“Эй Раббимиз, биздан олдин ўтганларнинг зим­масига ортилган машаққат­ни бизнинг зиммамизга ортма!” Яъни: “Биздан ол­дин ўтган умматларга мол­нинг закотини тўртдан би­­рини бериш, кийимга на­жо­сат тегса, ўша ерини ке­сиб ташлаш билан поклаш каби машаққатли амалларни, гарчи тоқатимиз етса ҳам, бизга юклама”.

Набий алайҳиссаломнинг рисолатларида енгиллик, осонлик, кенглик ва оддий­лик бор. Сабаби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам умматларнинг барчаси­га раҳмат пайғамбаридир. Имом Хотиб раҳимаҳуллоҳ Жобир розийаллоҳу анҳу­нинг Набий алайҳиссалом­дан қилган ривоятида: “Мен осон дин – ҳанифийлик билан юборилдим”, деганла­рини кел­тирган.

“Эй Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама!” Яъни: “Тоқатимиз етмайдиган так­лиф, мусибат ва балолар, шунингдек, енгиб ўтишга кучимиз етмайдиган фит­наларга мубтало этма”.

“Бизларни афв эт”. Сен билан бизнинг орамизда Ўзинг билган қусурларимиз ва хатоларимизни афв эт.

“Ва кечир”. Бизни ва биз билан бандаларинг орасида­ги нарсаларни мағфират қил. Айбларимиз ва қабиҳ амал­ларимизни ошкор этма.

“Ҳамда бизларга раҳм қил”. Тавфиқинг билан гу­ноҳга ботишдан узоқ­лаштир.

Ушбу оятлардан аён бў­ла­­дики, унутган ёки хато қи­л­­ганида жазоланмаслик бан­да­нинг афв этилганини бил­диради. Қийинчилик, ма­шаққат ва оғирликни юкла­маслик мағфиратни вожиб қилади. Тоқат етмайдиган нарсани юкламаслик эса Ал­лоҳ таолонинг раҳматидан даракдир.
“Сен бизнинг Хожамиз­сан”. Подшоҳимиз ва барча иш­ла­римизнинг Мавлоси, Қут­қарувчимизсан. Сенга та­ваккал қиламиз, Ўзинг ёр­дам берувчисан. Куч-қудрат фақат Сендан.

“Бизларга кофирлар қав­ми устидан ғолиблик ато эт!” Яъни, ди­нинг, ваҳдо­ниятинг ва Пай­ғамбаринг рисолатини рад этганлар устидан нусрат бер. Сендан ўзгага ибодат қилган, бан­даларинг орасидан Сенга ширк келтирганлардан биз­ни ғолиб айла. Дунёда ҳам, охиратда ҳам бизга яхши оқи­бат ато этгин.

Муоз ибн Жабал розий­аллоҳу анҳу ушбу ояти кари­мани ўқиб бўлгач, албатта: “Омин”, деб айтар эди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ тао­ло ушбу оятдаги дуони ижо­бат этишга кафиллик бер­ган. Бунга ушбу ҳадис: «Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ таоло: “Ҳа (кафиллик бераман)”, деди» деганлари далилдир (Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадис­да эса Набий алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло: “Шундай қилга­ним бўлсин”, деди» деганлар.

Ибн Мардавайҳ Ибн Аб­бос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам Бақара сурасининг охи­рини ва Оятул Курсийни ўқисалар, табассум қилар­дилар ва: “Бу иккиси Раҳмоннинг Арш ос­тидаги хази­наларидандир”, дер эдилар».

Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]