Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Дуо бўлмаганда эди

Дуо бўлмаганда эди

Агар дуоларимиз бўлмаганда Аллоҳ таоло бизга эътибор қаратармиди?! Биз Яратганга қанчалар яқинмиз?! Энг охирги марта қачон Унга чин қалбдан дуо билан мурожаат қилдик?! Аллоҳ таоло ҳақида доим тафаккурдамизми?! Ёки фақат қийинчилик онлари “Аллоҳ, Худо” деймизми?!

Бу саволларга жавобимиз қандай бўлишидан қатъий назар, унутмаслигимиз керакки, бизнинг ягона ва мутлоқ нажоткоримиз Аллоҳ таолодир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Албатта, осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳники эканини ва сизларга Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқлигини билмадингми?” (Бақара сураси 107-оят).

Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло бандаларига қанчалар яқин, уларнинг дуоларини қабул қилувчи эканини баён қилади: “Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар” (Бақара сураси 186-оят). 

Дуо Яратгувчимиз ва бизларни боғловчи мустаҳкам робита ҳисобланади. Аллоҳ таолога дуо билан юзланар эканмиз, Унинг қудрати олдида нақадар ожиз ва кучсиз эканимизни ҳис этамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Сен: “Агар дуо-илтижоларингиз бўлмаса, Роббим сизларга ҳеч қиймат бермас. Бас, батаҳқиқ, сиз ёлғонга чиқардингиз. Энди сизларга (азоб) лозим бўлур”, деб айт.” (Фурқон сураси 77-оят). Бу оятдан оладиган хулосамиз шуки, дуо энг муҳим ибодатлардан биридир. Инсон Яратганга фақат қийинчилик, хасталик, синов, мушкулот вақтида эмас, балки соғ-омонлигида, хурсандчилик, енгиллик вақтида ҳам берган неъматларига шукр қилиб дуо қилмоғи лозим. Дуо қилишда ҳам худди бошқа ибодатлар сингари сабрли ва матонатли бўлиш керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у чин дилдан қўрқувчилардан бошқаларга жуда катта ишдир” (Бақара сураси 45-оят). Кўриниб турибдики, насоз ва сабр билан Аллоҳ таолодан ёрдам сўраш Унинг амрлари биридир. Лекин Анбиё сурасининг 37-оятида айтилганидек, инсон сабрсиздир. Ҳар бир ишда у тезроқ натижага эришишни, дуолари дарров ижобат бўлишини истайди. Сўраганига эришмагач эса дуо қилишни тўхтатиб қўяди. Шу сабабли ҳам дуо қилишда сабрли бўлиш ва қатъиятлилик муҳим саналади. Солиҳ инсонлар биладики, улар Аллоҳ таолога дуо қилганларида, Яратган уларни албатта эшитади ва дуоларига жавоб беради. Улар бўлаётган воқеликлар эса Аллоҳнинг фазли карами билан фақат хайрликка бўлаётганини тан олади. Унутмаслик керакки, Аллоҳ таоло ҳатто биз тилга чиқазмаган, хаёлдан ўтказган дуоларимизни ҳам ижобат қилади. Ижобат қилиш дегани дуонинг айнан амалга ошиши дегани эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Инсон яхшиликка дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилур. Инсон шошқалоқ бўлгандир” (Исро сураси 11-оят). Бу оятдан келиб чиқадики, инсон англамаган ҳолда ўзига зарар келтириши мумкин бўлган нарсаларни сўраб ҳам дуо қилавериши мумкин. Чунки у ўзи учун нима яхшию, нима ёмонлигини билмайди. Сўрагани амалга ошмагач эса, Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилмади деб ўйлайди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло унинг дуосини унга манфаатли бўлган тарзда ижобат қилган бўлади. Чунки айнан ўша тарз унинг учун энг хайрлиси эканини Яратгандан бошқа ким ҳам яхши билиши мумкин?! Зеро, Аллоҳ таолонинг биргина “Бўл” деган амри билан, унинг кучу қудрати намоён бўлади: “Оламларнинг Роббиси Аллоҳ хоҳламаса, сизлар хоҳлай олмассизлар” (Таквир сураси 29-оят).

Аллоҳ таоло барчаларимизни хайрли дуо қилгувчи ва дуолари ижобат бўлгувчи бандаларидан қилсин.

Қибрай тумани “Ўткир” жоме масжиди

имом-хатиби Саиджахонов Абдулаҳад

[carousel-horizontal-posts-content-slider]