Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сафар ойи-хосиятли ой

Сафар ойи-хосиятли ой

Ҳар йили сафар ойи келиши билан одамлар орасида турли шумланишлар, асоси йўқ ҳар хил ирим- сиримлар кўпайиб кетади. Гўёки сафар ойида никоҳ тўйи ёки унаштирувни қилиб бўлмас эмиш, агар шундай қилинса, келин –куёв бахтсиз бўлармиш ёхуд  уларнинг бошига кутилмаган бало келармиш. Ёки ушбу ойда сафар қилиб бўлмас  эмиш, агар шундай қилинса, сафар қилувчи албатта қандайдир фалокатга учрар эмиш. Баъзи жойларда сафар ойи билан боғлиқ бундан бошқа ирим-сиримлар ҳам бор. Лекин кўп марта қайта-қайта таъкидлаганимиздек бу гап – сўзлар, иримларда ҳеч қандай асос йўқ. Ушбу ойнинг сафарга ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки ой номи сафар эмас, “Софар”дир, яъни сод ҳарфи билан ёзилади.

Исломдан олдинги жоҳилият даврида сафар ойидан қаттиқ ҳавфсираш одати ҳам бор эди. Улар сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди деб ҳисоблашган. “Никоҳ ақди қилиб бўлмайди”, “Аёли билан бирга оилавий ҳаётни бошлаб бўлмайди”, “Сафарга чиқиш мумкин эмас” каби бир қанча хурофотлар асосида бу ойдан ҳеч бир сабабсиз қўрқардилар. Уларнинг фикрича, бу ой хосиятсиз бўлиб, унда турли ёмон мавжудотлар ер юзи бўйлаб тарқалар ва мазкур ишларни қилган инсонларга зарар етказар эмиш. Барча нотўғри эътиқодлар қатори динимиз бу каби хурофотдан иборат фикрларни ҳам тўғрилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту васаллам бу борада бир қанча ҳадисларни айтганлар:  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, сафар йўқ”,- деганлар (имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).

Ҳақиқатда касаллик Аллоҳнинг изнисиз юқмайди. Мўмин одам ҳар қандай ёмонликдан, ҳоҳ у молига, ҳоҳ жонига ёки оиласига бўлсин, эҳтиётини қилади. Агар бирор мусибат етса, уни Аллоҳдан деб билади, шу ишни қилганлигим сабабли шундай бўлди демайди. Бир касални кўргани борганда ўзи ҳам шу касалга чалинса, шу одамни кўргани боргандим, менга ундан юқди дейиш шумланишдир. Аллоҳ шуни хоҳлаган экан, шундай бўлди, дейиш мўминлик сифатидир. Баъзилар бойқуш бахтсизлик келтиради дейишади. У ҳақда халқ ичида турли афсоналар юради. Бу гумроҳликдир. Чунки у ҳам бир қуш. Ўлжа ахтариб ҳар қандай хонадонга қўниши мумкин. Бойқуш тун қуши ва кечаси ов қилади, унинг кечаси келиб сайраши ёки дарахтларга қўниши оддий ҳолдир. Сафар ойидан ҳам шумланувчилар жуда кўп. сафар ойида тўй қилиб бўлмайди дейдилар. Ёшларни суннатга мувофиқ кам ҳаражат билан қовуштириб қўйиш хайрли иш, хайрли ишни эса кечиктириш керак эмас. Қайси ойда, қайси кунда бўлмасин, уларнинг тўйларини қилиб, ёшларни хурсанд қилиш суннатдир.

Жоҳилият даври аҳлининг сафар ойидан ҳавфсирашига тамоман зид равишда бу ой Исломда “Софарул хойр”, яъни “Сафар яхшилиги” деб номланди. Жоҳилиятдаги одамларнинг: “Сафар ойида иш бошлаб бўлмайди”, деган хурофотининг акси ўлароқ Исломда кўпгина ишлар айнан сафар ойида бошланди. Масалан, Масжиди Набавийнинг қурилиши биринчи хижрий сананинг айнан сафар ойида бўлди. Мусулмонлар ҳудди бошқа ойлардаги каби бу ойда бемалол сафарга чиқишди. Пайғамбар алайҳиссалом сафар ойида сафарга чиқиб, Ҳайбарни фатҳ қилдилар. Жоҳилият давридагиларнинг сафар ойида никоҳланиб бўлмайди деган сафсатасига қарши ўлароқ мусулмонлар бу ойда никоҳлар ўтказишди. “Тухфатул Мухтож фии шарҳил Минхож” китобида ва бошқа манбааларда имом Зухрийнинг ривоятлари асосида келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар ойида қизлари Фотимаи Захрони Али (р.а)га никоҳлаб бердилар. Ўшанда ҳижратнинг иккинчи йили эди.  Демак, сафар ойидан бесабаб қўрқиш динимизда йўқ экан.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, халқимиз ичида баъзида бидъат-хурофот ва ирим-сиримларга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг ҳам фикрини чалғитиб, соф ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди.

 

Паркент тумани “Кунгай” жоме
масжиди имом-хатиби Н.Шароп