Салом бериш динимиз Ислом буюрган гўзал ишлардан саналади. Чунки у инсонлар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатни зиёда қилади ва улар ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳам Ислом салом беришни мусулмоннинг мусулмон зиммасидаги ҳақларидан этиб белгилаб қўйди. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи Зотдир» (Нисо сураси, 86-оят).
Саломлашиш динимиздаги муҳим амаллардан бири бўлгани сабабли мазкур мақолада салом бериш борасида амал қилиш лозим бўлган бир қанча одобларни эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз:
- Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улов минган пиёдага, юриб кетаётган ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради”, дедилар”.
- Абу Саъд Мутаваллий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсон бир жамоага йўлиққан вақтида уларнинг баъзисига алоҳида (қолганларга салом бермаган ҳолда) салом бериши макруҳдир. Чунки саломдан асл мақсад ўзаро дўстлик ва меҳрибонликдир. Бир тоифага алоҳида салом бериш эса бошқаларга озор беради. Гоҳида бу ўзаро адоватга ҳам сабаб бўлиши мумкин”.
- Имом Мовардий айтадилар: “Киши бозор ёки шу каби инсонлар йўли кесишадиган жойларда юрган пайтида баъзиларгагина салом беради. Чунки агар у ҳар учраган инсонга салом бераверадиган бўлса муҳим ишларидан чалғиб қолади. Саломдан икки нарса мақсад қилинади – муҳаббат қозониш ёки ёмонликдан сақланиш”.
- Абу Саъд Мутаваллий роҳимаҳуллоҳ яна айтадилар: “Агар бир кишига бир жамоа инсонлар салом берадиган бўлса ва у: “Ваалайкум ассалом!” – дея уларнинг барчасига алик олишни ният қилса фарз бўлган алик олишни зиммасидан соқит қилган бўлади”.
- Мусулмон киши ўз уйига кирганида ҳеч ким бўлмаса ҳам салом бериши мустаҳаб амал саналади.
- Мусулмон инсон бир жамоа билан ўтирган бўлса ва у ердан кетмоқчи бўлса, уларга салом бериши суннатдир. Имом Абу Довуд ва Термизийлар ўзларининг “Сунан“ китобларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилишган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз бир мажлис (жамоа)га йўлиқса салом берсин. Агар ўтиргиси келса ўтирсин. Сўнг туриб кетмоқчи бўлса салом берсин. Биринчи (салом бериш) охиргисидан кўра авлороқ эмас (яъни иккиси ҳам баробар қилиниши лозим)”, дедилар”.
- Аллома Ибн Суннийнинг китобларида саҳоба Абдурраҳмон ибн Шибл розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят келтирилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким саломга жавоб берса, бу у учундир. Ким салом бермаса, у биздан эмас”.
- Салом берганида алик олмаган кишига мулойимлик билан қуйидаги сўзларни айтиш мустаҳаб бўлади: “Саломга алик олиш вожиб амал. Сиз зиммангиздаги фарзни соқит қилиш учун саломимга алик олиб қўйишингиз керак”.
Аллоҳ таоло барчамизга ушбу одобларга амал қилишни насиб қилсин!
Ангрен шаҳар «Қорабоғ» жоме масжиди
имом-хатиби Бобохонов Яҳёхон тайёрлади

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги