Бир киши бир даврага келиб қўшилди-ю, лекин шу оннинг ўзидаёқ у ерни тарк этди. Сабаби бу давра фақат ҳасадчилардан таркиб топган эди. Сўнг навбатдаги даврага ташриф буюрди, аммо у жойдан ҳам тезда йироқлашди, негаки бу даврага ғийбат оралаган эди. Кейин эса у зот учинчи даврага борди. Унда ҳам узоқ вақт қолишнинг имкони бўлмади. Ва ниҳоят, у киши тўртинчи йиғинга қадам ранжида айлади ва шу ерда мудом қолиб кетди, чунки, бу анжуманда содиқ дўстлар, дониш аҳлининг вакиллари йиғилган бўлиб, даврада самимийлик мавжуд эди. Буни кузатиб турганлар савол қилишди: «Нега айнан шу жойда қўним топдингиз»? У киши қуйидагича жавоб берди:
Луқмони Ҳаким ўғилларига деди: Эй ўғлим! Қайси жойда илми мажлис, амру маъруф, нахий мункар бўлса, шу ерларга доим ташриф буюр, чунки бунда уч манфаат бор.
1. Агар жохил бўлсанг илм хосил қиласан.
2. Агар олим бўлсанг илминг янада ортади.
3. Энг асосийси шуки айнан шу жойга Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб туради ва шу раҳматга сен ҳам кириб қоласан.
Эй ўғлим! Қайси жойда ғийбат, ёлғончилик ва фисқу-фужур бўлса ўша даврага таклиф қилинсангда борма, чунки бунда уч иллат бор.
1. Агар жохил бўлсанг жохиллигинг янада ортади.
2. Агар олим бўлсанг илминг зиёда бўлмайди аксинча зарарланади.
3. Энг ёмони шуки бу ерга Аллоҳ ғазаб ва лаънат ёғдириб туради ва шу ғазаб ва лаънат ичига сен ҳам қўшилиб қолишингдан жуда қўрқаман.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Ушбу умматда тўртта фитна бўлади. Уларнинг охиргиси фанодир», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадису-шарифда Ислом уммати ичида бўладиган тўртта катта фитна ҳақида сўз кетмоқда. Уламолар ўша тўрт катта фитнани қуйидагича таърифлайдилар:
1. Бунда мусулмонлар бир-бирларининг қонини ўзларига ҳалол ҳисоблайдилар.
2. Бунда мусулмонлар бир-бирларининг қонини ва молини ўзларига ҳалол ҳисоблайдилар.
3. Бунда мусулмонлар бир-бирларининг қонини, молини ва фаржини ўзларига ҳалол ҳисоблайдилар.
4. Дажжолнинг фитнаси бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида эдик. Бас, у зот фитналарни зикр қилдилар. Уларни зикр қилишни кўпайтирдилар. Охири Аҳлос фитнасини зикр қилдилар.
Шунда бир киши:
«Эй Аллоҳнинг расули Аҳлос фитнаси недир?» деди.
«У қочишдир ва талон-тарождир. Сўнгра ас-Сарро фитнаси. Унинг тутини менинг аҳли байтимдан бўлган, ўзини мендан деб даъво қиладиган. Ҳолбуки, мендан бўлмаган бир кишининг қадамлари остидадир. Албатта, фақатгина тақводорларгина менинг дўстларимдир. Сўнгра одамлар бир киши узра худди қавурғага илинган болдир каби сулҳ қилурлар. Сўнгра кўр-кўрона қора фитна бўлади. У ушбу умматдан бирортани қўймай шапалоқ ила шапатилайди. Энди тугади деганда яна чўзилиб кетади. Унда киши мўмин бўлиб тонг отдириб, кофир бўлиб кун ботдиради. Охири оқибат одамлар икки чодирга бўлинадилар. Иймон чодирига, унда нифоқ йўқ ва нифоқ чодирига унда иймон йўқ. Қачон ўшанингиз бўлса, ўша куни ёки эртасига Дажжолга интизор бўлаверинглар», дедилар».
Абу Довуд ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.
Ушбу ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом ўзларидан кейин умматлари ичида чиқадиган катта фитналардан учта фитна ҳақида батафсилроқ ахборот бермоқдалар.
1. Аҳлос фитнасини зикр қилдилар. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули Аҳлос фитнаси недир?» деди.
Пайғамбар алайҳиссалом фитнанинг номини айтганлар аммо тингловчилар бу номдан бирор нарса тушуна олмаганлар шекилли улардан бири бу фитна нималигини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзларидан сўраган.
«У қочишдир ва талон-тарождир».
Аҳлос фитнасида иштирок этганлар адоватлари кучли бўлганидан нафрат қилиб бир-бирларидан қочар эканлар. Кейин ўша фитна давомида кишилар молу мулки талон-тарож қилинар экан.
«Сўнгра ас-Сарро фитнаси».
Бу фитнанинг номини луғавий таржима қилинадиган бўлса «Хурсандлик фитнаси» бўлади. Аммо унинг ўзини Пайғамбар алайҳиссалом қуйидагича баён қиладилар: «Унинг тутини менинг аҳли байтимдан бўлган, ўзини мендан деб даъво қиладиган. Ҳолбуки, мендан бўлмаган бир кишининг қадамлари остидадир».
Демак, бу фитнага ўзининг аҳли байтдан эканлигини даъво қиладиган бир одам бош бўлар экан. Аммо уни Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳли байтларидан ҳисоблаб бўлмас экан.
«Албатта, фақатгина тақводорларгина менинг дўстларимдир».
Ҳалиги фитнабоши насаб жиҳатидан аҳли байтдан бўлса ҳам тақводорлардан бўлмагани учун, фитнабоши бўлгани учун Расулуллоҳ алайҳиссаломга дўст бўла олмайди.
«Сўнгра одамлар бир киши узра худди қавурғага илинган болдир каби сулҳ қилурлар».
Бу жумладан мазкур сулҳ худди эгри нарсага илинган сирпанчоқ нарсага ўхшаш бақосиз бўлишига ишора қилинмоқда.
«Сўнгра кўр-кўрона қора фитна бўлади».
Бу фитнанинг номи ҳадису-шариф матнида «Дуҳаймоо» деб аталган. Энди мазкур фитнанинг тафсилоти келади.
«У ушбу умматдан бирортани қўймай шапалоқ ила шапатилайди».
«Дуҳаймоо» фитнаси кенг кўламли бўлганидан ундан зарар кўрмаган мусулмон банда қолмас экан.
«Энди тугади, деганда яна чўзилиб кетади».
Бу фитна узоқ давом этар экан. Унда киши мўмин бўлиб тонг отдириб, кофир бўлиб кун ботдиради.
«Дуҳаймоо» фитнаси авжига чиққанда иймон ва куфр масалаларида одамларнинг тутриғи қолмас экан. Эрталаб мўмин бўлиб турган одам кечки пайтга бориб кофирга айланиб қолаверар экан.
«Охири оқибат одамлар икки чодирга бўлинадилар. Иймон чодирига, унда нифоқ йўқ ва нифоқ чодирига унда иймон йўқ».
Дунё иккига; мўминлар тўпига ва мунофиқлар тўпига тақсимланар экан.
«Қачон ўшанингиз бўлса, ўша куни ёки эртасига Дажжолга интизор бўлаверинглар», дедилар».
Демак, бу фитна охири замонда бўлар экан.
Аллоҳ таоло барчамизни хотимамизни Ўзини рози қиладиган ҳолдаги бандаларидан қилсин. Хато нуқсонларимизни мағфират қилсин!

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги