Махлуқотлари орасида одам қилиб яратиб, “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман” (Ғофир сураси, 60-оят) дея таълим берган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.
“Дуо ибодатнинг мағзидир” дея таълим бериш билан чекланиб қолмасдан, ҳаётлари давомида намуна бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин.
Азиз юртдошлар, афсуски инсониятни ташвишга солиб турган касаллик юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Мана мамлакатимиздаги барча соҳа вакиллари шу касалликни юртимиздан тезроқ даф қилиш учун бел боғлаган, кечани-кеча, кундузни-кундуз демасдан хизматдалар. Кимдир даволаш ишларида, кимдир ўрнатилаётган тартибларни назоратида ва яна кимдир моддий ёрдам бериш билан банд. Аммо касби ёки соҳаси сабабли касалликка қарши курашишда иштирок эта олмаётган юртдошларимиз бўлса (ташкилот ишчиси, ташкилот карантин сабабли вақтинча ишни тўхтатган ёки бозорда ишлайдиганлиримиз, бозор вақтинча ёпилган) ўксинмасинлар. Уларнинг халқимиз учун биринчи ёрдамлари карантин қоидаларига амал қилиш орқали бўлса, муборак рамазон ойи муносабати билан Аллоҳга кўпроқ дуо қилиш билан бўлади.
Азизлар, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ғофир сураси, 60-оятида “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман” деб хитоб қилаяпти.
Эътибор беринга хитоб умумий, ёш бўлсин қари бўлсин, эркак бўлсин аёл бўлсин, ким бўлишидан қатъий назар дуо қилаверсин. Оятда, дуонинг вақти ва макони ҳам белгилаб қўйилмаган. Эрта тонгдами, намоздан кейинми, ёки томорқада ишлаяпсизми, дастурхон бошида ўтирибсизми, қаерда бўлишимиздан қатъий назар, қалбан Аллоҳдан сўрайверайверинг. Аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг “Дил ба Ёру даст ба кор ” (Қалбинг Аллоҳда қўлинг меҳнатда) деган ҳикматларини унутманг.
Азизлар, муборак ойни ғанимат билиб дуода барчамиз бардавом бўлайлик, фарзандларимизга ҳам мустақил ўзлари дуо қилишларини ўргатайлик. Дуо лафзларини ўзимиз ўргатиб туриб бўлсада дуо қилдирайлик. Болалар бегуноҳ, беғубор, уларнинг дуоси ижобат бўлишига шубҳа йўқ!
Сўзимиз охирида дуо қилувчининг муҳим қоидаларидан бирига тўхталиб ўтамиз. Инсон дуонинг ижобати (қабул бўлиши)да асло умидсизликка бориб қолмаслиги керак.
“Хислатли ҳикматлар шарҳи” асарида қуйидаги ҳикмат келтирилган : “Дуодаги илтижоларга қарамай, бериш муддатининг кечга сурилиши умидсизлигингга сабаб бўлмасин. У Зот сенга Ўзи ихтиёр қилган нарсасини Ўзи ирода қилган вақтда ижобат қилиш кафолатини берган. Сен ихтиёр қилган нарсани сен ирода қилган вақтда эмас”.
Шундай экан дуода бардавом бўлайлик, Аллоҳ меҳрибон Зотдир.
«Фирдавс» жоме масжиди имом-хатиби Ж. Муҳаммадиев

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги