Юртимизга баҳор фасли яна ўзининг таровати ила кириб келди. Миллатимиз қадимдан баҳорни кутиб яшайдиган, дини ва анъаналари асосида меҳнаткашликни, хусусан деҳқончиликни ўз ўрнига қўядиган халқлардандир.
Динимиз ҳар бир соҳада ўзининг етук кўрсатмаларини бергани каби, касб қилиш, тирикчилик қилиш борасида ҳам бандаларга олий кўрсатмаларни бергандир. Хусусан, деҳқончилик борасида Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларда атрофлича гапирилган.
Имом Қуртубий «Ал-Жомеъ ли аҳкамил-Қуръан» асарида зикр этишича, «Ҳар ким ерга уруғ сепаётганида истиъозани («Аъузу биллаҳ…») ўқиганидан кейин Воқеа сурасини 63-67-чи оятларини ўқисин. Бу дуо деҳқон учун барака эшиклари очилишига сабаб бўлади, иншааллоҳ. Бундай дуо қилиш экин-тикиннинг қурт-қумурсқа, чигиртка, қурғоқчилик каби бало-офатлардан сақланиши гарови», -дейилган. Имом Қуртубий бу дуони ишончли кишилардан эшитгани ва тажрибадан ўтганини айтади.
Дунёга қанча Пайғамбар ва Расуллар юборилган бўлса, барчалари ҳалол ризқ талаб қилиш учун қайсидир касбнинг соҳиби бўлдилар. Бирлари деҳқончилик, бирлари чўпонлик, бирлари темирчилик, бирлари дурадгорлик билан ҳаёт кечирдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёшликларида қўй боққанлар, кейинчалик тижорат қилганлар, Мадинаи Мунавварадан бир неча мил узоқликдаги Журф деган жойда деҳқончилик қилганлар.
Хуллас, ким бирор касбни қилаётганида мен бу касбни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб қиляпман, зиммамдаги ҳақни адо қиляпман, деб ният қилса, ана шу ишга сарф қилган ҳар дақиқа вақти улкан ибодат даражасига кўтарилади. Қайси иш Аллоҳнинг амрларига мувофиқ қилинса, албатта, унда барака бўлади. Барака эса бозорда сотиладиган, улкан маблағ эвазига топиладиган нарса эмас, балки ҳалол касб, шариатга мувофиқ ишнинг ичига яшириб қўйилган, Аллоҳ кимга берса, ўшанда топиладиган нарсадир.
Ҳалол касб ва деҳқончилик ҳақида аждодларимиз ўз асарларида ҳам зикр қилиб ўтишган:
XI-асрда яшаб ўтган Кайковуснинг «Қобуснома» асарида: «Эй фарзанд, агар деҳқон бўлсанг, барча деҳқондин билимлироқ бўлғил ва ҳар бир экинни эксанг, вақтидин ўтказиб экмағил. Агар вақтидин ўн кун бурун экканинг икки кун вақтидин сўнг экканидан яхшироқдур. Ҳамма вақт ерни тарбият қилғил, деҳқончилик пешасидин (яхшилигидан) баҳраманд бўлгайсан» дейилган.
Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асарида эса шаҳар ва қишлоқ халқини ижтимоий табақаларга ажратиб, деҳқонлар, ҳунармандлар, чорвадорлар, олимлар, табиблар ва бошқалар ҳақида сўзлаб, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтади. Турли касблар, айниқса, деҳқончилик, ҳунармандчилик ва чорвачиликка оид фикрларини баён этади. У деҳқон, ҳунарманд ва чорвадорларни жамиятнинг моддий бойликларини яратувчи сифатида таърифлайди.
XV асарнинг йирик мутафаккири Алишер Навоийнинг меҳнаткаш инсонни улуғловчи, меҳнат тарбияси ҳақидаги фикрлари «Ҳайратул Аброр», «Фарҳод ва Ширин», «Маҳбуб-ул қулуб» асарлари ҳам мавжуд.
Жумладан, Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асарида «Деҳқонлар зикрида» деб аталган алоҳида боб деҳқончилик ва боғдорчилик таърифига бағишланади.
«Деҳқонки дона сочар, ерни ёрмоқ билан ризқ йўлин очар. Агар ростлиқ ва салоҳи бордур, уйи Солиҳ ноқасидин намудордур. Қўши ҳам икки зўр пахлавон, юкига бўйин сунуб олида равон; иш қилурда ҳамдам ва ҳамқадам, деҳқон аларни сурарда андоқки Одам…», дея таърифланади заҳматкаш деҳқон.
Мамлакатлар маъмурлиги, яъни ободлиги ҳам, элнинг хотиржам, тўқ яшаши ҳам айнан унинг меҳнатига боғлиқ. Деҳқоннинг йил бўйи қиладиган ҳаракати элга қут-баракага сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло бу йилги деҳқончиликларга кут-барака ато этсин, меҳнаткаш деҳқонларимизга куч-қувват ато этсин.
Пискент тумани бош имом хатиби Зайнилобиддинхон Қудратов

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги