Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / БАХТЛИ ҲАЁТ СИРИ

БАХТЛИ ҲАЁТ СИРИ

Ҳар бир инсон яшар экан бахтли бўлишга интилади. Бу йўлда кўп меҳнат қилади. Яхши яшаш, яхши кийиниш, яхши ейиш ва яна бир қанча яхши нарсаларга эришиш учун тинмай ҳаракатда бўлади. Кўпчилик мана шу нарсаларга эришишни “Бахт” деб билади. Аслида-чи, “Бахт ўзи нима? Айни дамда “Бахт” тушунчасини қандай англамоғимиз лозим?!”


Аллоҳ таоло бизларни нима учун яратган? Қандай қилиб шу кунларда бутун дунёга хавф солаётган юқумли касаллик Коронавирус (Cовид-19) балосидан қутилишимиз ва бахтли ҳаётимизга қайтишимиз мумкин?


Келинг, аввало, Аллоҳ таоло бизларни нима учун яратганини бир тафаккур қилайлик!!! Жавобни Ўзининг каломи Қуръони каримдан қидирсак! Аслида инсон ўзлигини ва нима учун яратилганини англаши энг улкан бахт эмасми?! Ҳа, дарҳақиқат, бу асл саодатдир. Аллоҳ таоло каломида марҳамат қилиб айтади: “Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси 56-оят). Ушбу қисқагина оятда улкан ҳақиқат ўз ифодасини топган. Келинг, шу ўринда, “Ибодат” сўзининг луғавий ва истилоҳий маъносини ўрганиб чиқайлик-чи, қандай натижага эришар эканмиз. “Ибодат” сўзи араб тилида “Бўйсиниш, ўзини паст тутиш, итоат этиш ва амрни бажариш” маъноларини англатади. Уламолар истилоҳида эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун қилинадиган ҳар бир иш ибодатдир.


Аллоҳ таоло ўзига иймон келтирганларни итоатга буюриб, Каломида шундай марҳамат қилган: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси 59-оят).
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон унинг (вабонинг) бирор ерда борлигини эшитсангиз у томон борманг. Қачон сиз турган ерда воқеъ бўлса, у ердан чиқманг”, деганлар.
Азизлар, ҳар ишда юқоридаги оятларга амал қиладиган бўлсак, энг аввало, Аллоҳга, сўнг Унинг расулига ва ишбошилар (хусусан, давлатимиз томонидан чиқарилаётган фармон ва қарорлар, ЎМИнинг фатволари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсиялари) га итоат қилишимиз лозим ва лобут бўлади.
Аллоҳ таоло бошқа ояти Каримада эса: “Албатта, сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер”, деб марҳамат қилган (Бақара сураси 155-оят). Ушбу оятда ҳам эътибор қаратадиган нозик жиҳат шуки, Аллоҳ таоло “Жонга – турли хасталиклар (юқумли касалликлар), яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими ёхуд касаллиги билан нуқсон етказиш орқали синаймиз”, деб эслатма бермоқда.


Азиз ватандошлар!!! Мана шундай оғир-синовли кунларда барчамиз вазиятни тўғри баҳолаб, уйда қолиб, зарурат бўлмаса кўчага чиқмасдан, эшитган, ўқиган ва билганларимизга амал қилиб, Аллоҳ бизга берган неъматларига шукр этсак, синовларига сабр қилсак, амрларига лаббай деб жавоб берсак, исён қилмасак, дунёда ҳам бахтли ҳаёт кечирамиз ва яна охиратда ҳам, иншааллоҳ, саодатманд бўламиз!!!

Бекобод тумани “Очамайли” жоме масжиди
имом-хатиби Достон Ҳасанов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]