Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Мана, азизлар, нафақат сизу биз, балки бутун дунё хавотирли кунларни бошдан кечирмоқда. Тахликали онларда инсондан талаб этиладигани нима? Ақлимизни йиғиб оладиган вақт келмадими?!
Айни дамда жаҳон халқлари, шу жумладан, миллатимиз ҳам оғир ва синовли кунларнинг оғушида яшамоқда. Инсонлардан сўралаётгани эса оддий бўлсада, ўта муҳим бўлган нарсалар: хасталикнинг белгиларини ўзида ёки яқинларида сеза бошлаши билан дарҳол шифокорларга мурожаат қилиш, асло касалликни яширмаслик; жамоат жойларида тиббий ниқобларсиз юрмаслик; заруратсиз уйидан чиқмаслик; гигиена ва тозаликка риоя этиш ва ҳоказо. Бу каби чақириқларни барчамиз оммавий ахборот воситалари орқали бот-бот эшитмоқдамиз, ўқимоқдамиз ёки кўрмоқдамиз. Лекин, афсуслар бўлсинки, шу оддийгина қоидаларга амал қилмай, ўзи ва ўзгаларни хавфга солаётганлар ҳам орамизда учраб турибди. Бундайларни кимдир фикри бузуқликда, яна кимлар хулқи ноқисликда айблаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Таъбир жоиз бўлса, улар ижтимоий тармоқларнинг “юлдузларига” айланиб улгуришди.
Ер юзида истиқомат қилаётган инсонларнинг фикрлаши, дунёқараши, бирон бир ҳолатга муносабати бир хил бўлмаслиги табиий ҳолат. Лекин, азизлар, ақл юритадиган, фикримизни жамлайдиган, мулоҳаза қиладиган вақт келмадимикан?! Аҳволимиз тафаккурталаб эмасми?! Шу пайтгача орзу истакларимиз, ҳою ҳавасларимиз нақадар юксак эди, энди-чи, ҳозирги асосий ташвишимиз нима бўлиб қолди? Нима қилсак ҳолимиз ўнгланади? Шу каби саволлар барчамизни қийнаётгани шубҳасиз.
Кимга қараманг, у ким бўлишидан қатъий назар, тилида бир гап: “Худони балоси келди, Ўзи асрасин”, “Худо тезроқ даф қилсин”, “Худо сақласин”…
Беихтиёр тилдан чиқаётган бу каби сўзлар инсонни тафаккур қилишга ундамайдими?! Сақлагувчига нақадар яқинмиз, унинг буйруқларига амал қиляпмизми ёки қайтариқларидан тийиляпмизми?! Ўзимизни бир сарҳисоб қилайликчи! Бало шунчаки келмагандир! Аллоҳнинг қудрати олдида бутун дунё ожиз эканига яна бир бор гувоҳ бўлмоқдамиз. Ягона нажот, қутулишни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидан умид қилиб, сўрамоқдамиз. Ақлимиз аслида тўғри бўлган нарсани тафаккур қилмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда жуда кўп бор бизларни тадаббур қилишга, фикр юритишга, тафаккур соҳиби бўлишга чақиради.
“Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлардир” (Оли Имрон сураси 190–191-оятлар).
“Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?” (Зорият сураси 20-21-оятлар)
“Албатта, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сувга ўхшайди. Бас, одамлар ва чорвалар ейдиган ер набототи у билан аралашиб, ер безагини олганда ва зийнатлаганда ҳамда унинг аҳли, энди бунга эришдик, деб ўйлаганда, кечаси ёки кундузи унга Бизнинг амримиз келадир. Биз уни худди куни кеча яшнаб турмагандек қуритиб қўямиз. Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз” (Юнус сураси 24 -оят).
“Аллоҳ сизларга осмонлардаги ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зохирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?” ( Луқмон сураси 20-оят)
“У ерни чўзиб, унда баланд тоғлар ва анҳорлар қилган, ҳар хил мевалардан жуфт-жуфт қилган зотдир. У кечани кундузга ўратадир. Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Раъд сураси 3-оят).
Аллоҳ таолонинг оятларидан англашиладики, бизларга беҳисоб, бетакрор неъматлар ато этилди. Биз эса улар ҳақида тафаккур қилмадик, уларнинг шукрини адо этмадик. Ҳолбуки, Яратган томонидан “Тафаккур қиладиган кишилар учун оят-аломатлар бор”, “Шоядки тафаккур қилсаларингиз”, дея фикрлашга, ақл юргизишга ундалганмиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Бир соатлик тафаккур бир йиллик нафл ибодатдан яхшироқдир”, деганлар ( Ибн Можа).
Салафи солиҳлар тафаккурнинг аҳамияти ҳақида қуйидагича баён қилишган:
Ҳасан Басрий: “Бир соатлик тафаккур бир кечани ибодат билан ухламай ўтказгандан хайрлироқ”.
Фузайл айтадики: “Фикр сенга яхши ва ёмон амалларингни кўрсатиб турадиган кўзгудир”.
Луқмон ёлғиз ўзи узоқ ўтирар эди. Хизматкори унинг олдидан ўтаётиб: “Эй Луқмон! Ёлғиз ўзинг узундан узоқ ўтирасан. Бундан кўра одамлар билан ўтирсанг яхшимасми?” дер эди. “Узоқ вақт ёлғиз қолиш фикрлашга қулай, узоқ фикрлаш эса, жаннат йўлининг кўрсаткичидир”, дерди Луқмон.
Ҳасан Басрий: “Кимнинг сўзи ҳикмат бўлмаса, у лаҳв(беҳуда)дир, кимнинг сукути тафаккур бўлмаса, у хато, кимнинг назари ибрат олиш бўлмаса, у лаҳв(бефойда амал)дир”, деган.
Тафаккур Аллоҳ таоло бу дунёда бандаларига берган беҳисоб неъматларнинг олийсидир. Зеро, айнан у инсонни бошқа мавжудотлардан ажратиб туради. Аллоҳ таоло: “Ер (юзи)да ноҳақлик билан кибрланиб юрувчилар (онги)ни оятларимиз (идроки)дан четлатиб қўяжакмиз” (Аъроф сураси 146-оят), дея марҳамат қилиб, бандаларини огоҳлонтирмоқда.
Тафаккур қилиш вақти келди!
Аллоҳ таоло тафаккур қилишдан тўсиб қўймасидан олдин мулоҳаза қилайлик! Ўзига қайтайлик, ибодатларимизда, итоатимизда собитқадам бўлайлик! Сонсиз-саноқсиз гуноҳларимиз учун мағфират сўрайлик! Хатою нуқсонларимизни қайта такрорламасликка ҳаракат қилайлик! Шунда Аллоҳ таоло мадад бериб, бу балоларни кетказади, иншааллоҳ!
Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме масжиди
имом-хатиби Абдулаҳад Саиджахонов

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги