Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу аъла росулиллаҳ. Аммо баъд…
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Бугунги кунда дунё халқларини ташвишга солиб турган иллат афсуски, бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Бир қанча юртдошларимизнинг бу иллатга чалиниши ва атрофидаги яқинларига ўтиши барчамизни қайғуга солди. Аммо, барчамизда ушбу иллатга чалинмаслик учун кафолат борми? Албатта, йўқ. Бироқ динимизда бунга нисбатан муносабат қандай? Мўмин-мусулмон киши бундай вазиятда қандай йўл тутмоғи ва нима қилмоғи керак?!
Аввало, динимизда бундай иллатга Аллоҳ таолонинг бандаларига юборган синови, деб қаралади. Синовлар эса, баъзан имтиҳон, баъзан қилмишга кўра, уқубат ёки неъмат бўлиб келади. Сўзимизнинг далили Қуръони каримдаги ушбу оятдир:
“Батаҳқиқ, биз сизларни хавфу-хатар, очлик, молларингизга, жонингизга ва экин-тикинларингизга нуқсон етказиш билан имтиҳон қилиб турамиз”. (Бақара сураси, 155-оят).
Шўро сурасидаги яна бир оятда Аллоҳ таоло:
“Сизларга нимаики мусибат етса, ўз қўлингиз билан қилган (қилмиш)ингиз туфайли бўлади, Аллоҳ кўпини афв қилур”, (34-оят) деб марҳамат қилган.
Шундай экан, буни Аллоҳнинг бир синови ёки қайсидир қилган гуноҳларимиз, хато ва нуқсонларимизнинг оқибати, деб билмоғимиз керак.
Мамлакатимизда оз бўлсада ортиб бораётган бу иллатга нисбатан бепарво бўлишга бирортамизнинг ҳаққимиз йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир муборак ҳадисларида: “Вабо тарқалган жойга кирманг, агар шу жойда бўлсангиз чиқманг”, деганлар. Яъни, бу иллат бор жойдан, шу иллатга дучор бўлганкишиларданҳам ўзингизни эҳтиёт қилинг, маъноси бор. Ҳаммамизга яхши маълумки, бундай иллатга чалинмаслик ва юқтирмаслик учун аввало динимиз кўрсатмаларига ва ишбошиларимизнинг тавсияларига сўзсиз амал қилмоғимиз даркор.
“Поклик иймоннинг ярмидир”
Ислом дини поклик ва озодалик динидир. Ислом ўн тўрт асрдан буён мусулмон аҳлини жисмонан, маънан пок бўлишга чақиради. Ҳадиси шарифда: “Поклик иймоннинг ярмидир”, дейилади. Ислом дини поклик масаласига шунчалик катта аҳамият берадики, ҳатто ғарблик олимлар: “Мусулмонларнинг саломатлигини ярми уларнинг таҳорати (поклиги)да, ярми эса рўза ибодатида”, деб эътироф этганлар. Бугун оммавий ахборот воситаларида ва масканларда бу иллатга чалинмаслик учун аввало поклик, шахсий озодалик қоидаларига қатъий амал қилиш даркорлиги ҳақида бот-бот таъкидланмоқда. Шу билан бирга, халқимиздан зарурат бўлмаса ўз уйларидан ташқарига чиқмасликлари сўралмоқда. Бундан ўн тўрт аср олдин пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган бир ҳадислари бугунги кунимиз учун нақадар аҳамиятли эканига эътибор қаратсак…
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен: Эй Аллоҳнинг расули! Нажот нимада? деб сўрадим.
У Зот: Тилингни тий, уйингни лозим тут ва хатоларингга йиғла”, дедилар.
Бугун шу синов кунларида шукрки, ҳукуматимиз томонидан халқимизнинг саломатлиги, осойишталиги йўлида барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Махсус қарорлар, фармонлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси учун барча мутасаддилар сафарбар этилган. Ҳар бир фуқаронинг тинчлиги, соғлиги учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Аммо, “қарс икки қўлдан чиқади”, деганларидек, бу неъматларга эришиш учун барчамиз бирдек ҳаракат қилмоғимиз лозим бўлади.
“Эшитган ҳар бир гапини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”
“Уйингни лозим тут”
Бироқ, шунга қарамай баъзи бир одамлар халқ орасида бўлмағур миш-мишларни тарқатиб, одамларда ваҳима ва таҳлика пайдо қилишга ҳам улгурдилар. Тўқима гаплар тарқатиб, одамларни васвасага учратиб, саросимага ҳам қўйдилар. Буни юртимизга иллат кириб келганининг дастлабки кунларида бозорлардаги сокин турган нарх-навонинг бирданига ошиши, одамлар тўда-тўда бўлиб қоп-қоп маҳсулотларни уйларига ташиш учун беҳаловат бўлиб қолганларида кузатдик. Гўё юртимизга вирус эмас, очарчилик кириб келгандай. Бундай сарсончиликлар ана шундай ноўрин тарқатилган миш-мишлар натижаси бўлди. Ваҳоланки, пайғамбаримиз ҳадисларида: “Эшитган ҳар бир гапини кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилган эдилар.
Юқоридаги қисқа, аммо пурмаъно ҳадиснинг давомида “уйингни лозим тут”, дейилмоқда. Бу борада бугун қарор ва тавсиялар ҳам қабул қилинди. Ўзимизни, айниқса, кексаларимиз ва болаларимизни авайлаш учун кўрилган бу чорага қандай амал қилмоқдамиз? Фитналарга, иллатга чалиниш ва бошқа турли ташвишларга қолмаслик учун киши ўз уйини лозим тутиши энг зарур чорадир.
“Хатоларингга йиғла”
Ниҳоят, энг асосийси ҳадиснинг сўнггида келган “хатоларингга йиғла” деган панддир. Инсон хатодан холи эмас. Аммо, бугунгача биз қандай ишларни қилдик ва қилмоқдамиз? Бугун инсон ақл бовар қилмас гуноҳларга, жиноятларга журъат қилаётгани барчани ташвишга солади. Ҳар куни интернет орқали келаётган хабарларга назар солар эканмиз, “ўзи биз киммиз, нималар қиляпмиз, ҳазрати инсон зурриётларидан шундай ишлар содир бўлиши мумкинми?” деган саволлар туғилади. Инсон ҳеч нарсадан тап тортмай қотиллик қилмоқда, одам одамни сўймоқда, инсон ўз боласини сотмоқда, арақхўрлик оқибатида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қабоҳат содир бўлмоқда, шарму-ҳаёнинг кўтарилгани шу даражага бордики, эркагу-аёл қилган ҳаром-хариш ишларидан фахрланиб юрадиган бўлди, ака укани ҳаққини билмаса, опа-сингиллар бир-бирини ҳаддини билмаса, қариялар уйи эса, мусулмон ота-оналар билан тўлган бўлса, болалар уйида тирик етимлар кўзларида мунг билан атрофга жавдираса, одамлар пулни, нафсни деб бир-бирининг кўзини ўйса, ҳали оғзидан она сути кетмаган гўдак жиноятга қўл урса, мактаб ёшидаги қизлар “она” бўлиб турса… бундай рўйхатни ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Ҳадисларда келади : “Қайси бир инсон бир гуноҳни пинҳона қилар экан, унинг уқубати ўзига бўлади. Аммо қайси бир инсон бир гуноҳни ошкора қилсаю, буни одамлар кўриб турсалар ва қайтармасалар уқубати барчага бўлади”. Доно халқимизда эса, “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу-қуруқ баробор ёнади”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Шунинг учун ҳозирги кунларда барчамиз астойдил истиғфор (астағфируллоҳ) айтмоғимиз, хатоларимиздан йиғламоғимиз керак. Бугун тарқалаётган вабо ҳам кетар, яқин кунларда хотиржамлигимиз ҳам қайтар, иншааллоҳ, аммо, биз ўзимизни ислоҳ қилмасак, хатоларимиздан тўғри хулоса чиқармасак, унутилаётган қадриятларимизни қоим қилмасак, энг катта тузалмас “вабо” ўзимиз бўлиб қоламиз. Аллоҳ шундан асрасин… Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бир қавм ўзларини ислоҳ қилмаганича Аллоҳ уларни ислоҳ қилмайди”, деб марҳамат қилган. (Раъд сураси, 11-оят). Хулоса эса ўзимизга.
Фурсатдан фойдаланиб вилоятимиздаги барча масжид имом-хатибларига қуйидагиларни тавсия қиламиз:
Вилоят масжидларидаги барча имом-хатиб ва ноибларимиз шу кунларда халқимиз бошида турган мусибатларни тезда кўтарилиши умиди билан муборак Қуръони каримни узлуксиз хатм қилишни йўлга қўйсинлар.
Вилоятимиз аҳлига ҳукуматимизнинг, тиббиёт ходимларининг барча кўрсатма ва топшириқларига сўзсиз итоат қилиш лозимлиги динимиз ҳукмлари асосида етказиб борилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бу борада қабул қилган Фатвосидан келиб чиқиб, ОАВ, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда синов кунларида мўмин-мусулмонларимиз қандай йўл тутишлари, сабру-матонатлари эвазига қандай ажру-савобларга эга бўлишларини оят ва ҳадислар асосида кенг ёритиб борсинлар.
Имом-хатибларимиз “Мўмин мўминга биродардир, унга зулм ҳам қилмайди, уни ўз ҳолига ташлаб ҳам қўймайди” ҳадисини шиор қилган ҳолда бозорларимизда касб қилаётган савдо аҳлига чинакам мурувват ва ҳиммат ҳақида, бой-бадавлат кишиларга эса, ҳақиқий саховатнинг ўрни ва мақомини динимизда буюрилганидек қилишга тарғибот қилсинлар.
Бағрикенг, олижаноб, матонатли, ўтмишида не-не синовлардан муваффақият ила ўта олган халқимизга эса, мана шундай синов кунларида сабр, қаноат ва бардош ила иймонда мустаҳкам турмоқларини, динимиз кўрсатмаларига ва инсонни олий қадрият сифатида улуғловчи ҳукуматимизнинг тавсия ва қарорларига сабот билан амал қилишларини тавсия қиламиз. Бундай дамларда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, биргаликда ҳаракат қиладиган бўлсак, иншааллоҳ тез кунларда бу иллат чекинади ва биз уни албатта енгамиз.
Аллоҳ таоло бу иллатни халқимиз бошидан тезда кўтарсин, тинчлигимиз, хотиржамлигимиз бардавом бўлсин, халқимиз осойишталиги, саломатлиги йўлида туну-кун беминнат хизмат қилаётган мутасаддилар, айниқса, жонини хатарга қўйиб, фидоийлик қилаётган тиббиёт аҳлига кўпдан-кўп хайру-баракалар ато этсин!
Хайрулла ТУРМАТОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги