Ривоят қилишларича, Басра амалдорларидан бири ўз боғига кирганда, ногаҳон боғбоннинг гўзал хотинига кўзи тушибди. Боғбонни бир юмуш билан юбориб, аёлга шундай дебди:
– Дарвозани беркитиб кел!
Аёл унга жавобан шундай дебди:
– Ҳамма жойни беркитдим, фақат бир нарсани беркитолмадим. У сира тўсилмайди.
– Беркитиб бўлмас нарса нима экан?
– Оллоҳдан ҳеч нарсани беркитиб бўлмайди.
Амалдор бу жавобни эшитиб, қилмишидан пушаймон бўлди ва аёлдан кечирим сўради.
Авлиё Хотим ал-Асом бундай дейди:
– Мен тўрттадан ташқари барча дунёвий билимлардан воз кечдим.
– Тўрт дунёвий билимлар қайсилар?
Авлиё Хотим ал-Асом қуйидагиларни санабдилар:
1. Билганим шуки, менинг ризқим қанча белгиланган бўлса, шунчаси насиб қилади, оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас. Шунга кўра, улушимни кўпайтираман, деб овора бўлиб ўтирмайман.
- Яратган эгам олдидаги қарзимни ўзимдан бошқа ҳеч ким узолмайди. Умр бўйи ўша қарзни узиш билан бандман.
- Мени доимо бир нарса (ўлим) таъқиб қилади. Ундан қочиб қутилиб бўлмайди. Доимо уни кутиб олиш ҳаракатидаман.
- Аллоҳ томонидан доимо кузатувдаман ва рухсат этилмаган ишни қилишдан уяламан.
Ҳозирги кунда ҳамма жойда: кўчада, ишхона, жамоат жойлари, автомабилларда ва хатто масжидларда кузатув камералари бор. Ҳар бир ишимиз кузатувда.
Ножўя харакатларимизни бандасининг кузатувидан ўчириш имкониятимиз бор, Яратганнинг кузатувидан қандай ўчирамиз?!
Пискент тумани бош имом-хатиби
Зайнилобиддинхон Қудратов

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги