Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / УЛУҒ АВЛИЁГА УЛУҒ ЭҲТИРОМ

УЛУҒ АВЛИЁГА УЛУҒ ЭҲТИРОМ

Муносабат

Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 21 апрелда қабул қилинган «Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги асоси бўлади.

Чунончи, фармонга асосан Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этилаётгани буюк алломага юксак эҳтиромнинг амалдаги ифодасидир.

Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд! Бу мўътабар ном асрлар оша ислом оламида “Шайх Нақшбанд”, “Хўжаи Бузург”, “Шоҳ Нақшбанд” номлари билан маълум ва машҳур. У зот асос солган Нақшбандия тариқати эса ҳануз кўплаб мухлисларга эга.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳижрий 718, милодий 1318 йили Бухоро вилоятининг Қасри Ҳиндувон қишлоғида таваллуд топди. Ўша вақтда шаҳардан четроқда бўлган бу қишлоқда ҳинд қабилалари истиқомат қилган. Кейинчалик Баҳоуддин Нақшбанд баракотларидан бу қишлоқ Қасри Орифон деб юритилган.

Отасининг исми Муҳаммад Жалолиддин бўлиб, тўқувчи ҳамда матога ўйма нақш солувчи (нақшбанд) бўлган, ҳажга борганида Мадинада вафот этиб, ўша ерда дафн қилинган. Волидасининг исми Орифа бўлиб, солиҳа, илмли аёл бўлган.

Баҳоуддин Нақшбанд тақдирида бобосининг алоҳида хизматлари бор. У сўфийлар билан яқин алоқада эди. Шу сабабли набирасида ҳам илоҳиётга катта қизиқиш уйғонди. Баҳоуддиннинг биринчи устози Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий эди. Кекса шайх ёш Баҳоуддинни тарбиялашни шогирдларидан бири – Амир Саййид Кулолга топширди. У тариқат бобида билганларини ўргатиб бўлгандан кейин шогирдига ижозат беради. Шундан кейин Баҳоуддин илм истаб, яссавия тариқати шайхларининг машҳур вакилларидан бўлмиш Қусам Шайх олдига, Нахшаб – ҳозирги Қарши шаҳрига бориб, уч ой таълим олади. Унинг бу пирига ихлоси баланд бўлган, айни чоғда Қусам Шайх ҳам уни ўз ўғлидек кўриб, муридига чексиз ҳурмати туфайли умрининг охиригача Бухорода яшаб, шу ерда вафот этади.

Баҳоуддин Нақшбанднинг бутун умри Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқларда сўфийлик қилиш билан ўтган. У икки марта пиёда ҳаж зиёратига бориб келган. Ғарибона ҳаёт кечирган, фақат ўз меҳнати – кимхобга нақш (гул) солиш билан кун кўрган.

Нақшбандия тариқати таълимотининг асосий хусусиятларидан бири – амри маъруф ва наҳий мункарга қаттиқ риоя қилиш, дин уламоларига ҳурмат кўрсатиб, бидъат амаллардан сақланишдир. Шу жиҳатдан бўлса керак, хожагон мактаби турли бидъатлардан, ботинийлик ва ҳуруфийлик каби ботил таълимотлар таъсиридан холи.

“Биз Аллоҳнинг лутфи билан (маънан) нимага эришган бўлсак, Қуръони карим оятлари ва ҳазрат Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳадисларига амал қилганимиздандир. Бу амалдан бирор натижага эришмоқ учун тақво қилиб, шариат қоидаларига қатъият билан риоя қилмоқ, аҳли сунна вал жамоа асосларига амал қилмоқ ҳамда бидъатлардан қочмоқ керак”, дейди Баҳоуддин Нақшбанд.

Улуғ авлиёнинг шу гаплари бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган.

Дониёр домла ИКРОМОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]