Дуо қилиш мусулмон киши учун жуда муҳим амалдир. Шу эътибордан мўмин киши дунёвий ва ухровий барча ишларида Аллоҳ таолога дуо қилиб эҳтиёжларини сўраб ҳаёт кечиради. Зеро, дуо қилиш ибодатдир. Аллоҳ таоло бандаларни дуо қилишга буюрган.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Дуо ибодатдир”, дедилар ва “Раббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар[1]” (оятини) ўқидилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Дуо қилишда бандалик изҳор қилади. Ўзини Аллоҳга муҳтожлигини намоён қилади. Ким дуо қилмаса, ўзини беҳожат санаган бўлади ва кибр қилган бўлади. Бу иш эса Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳдан сўрамаса Аллоҳ унга ғазаб қилади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: “Аллоҳ таолога дуодан кўра мукаррамроқ бирор нарса йўқ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Банда Аллоҳга дуо қиларкан, дуоси ижобат бўлса ҳам, ижобат бўлмаса ҳам, бандага савоб ва яхшиликлар бўлаверади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, дуо тушган (мусибатлар) дан ҳам ва тушмаган (мусибатлар)дан ҳам фойда беради. Эй Аллоҳнинг бандалари! Дуони ўзингизга лозим тутинглар”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Инсон дуо қиладиган бўлса, ушбу дуоси сабабли унга шу мусибат келмаслиги мумкин ёки унга шу мусибат келиши тақдирда ёзилган бўлса-да, дуоси сабабли, бу мусибатга Аллоҳ уни сабр қилдириб қўяди ва унинг эвазига кўп ажрлар ато қилади.
Хулоса шуки, дуо қилиш қилишда банда учун фақат яхшиликлар бўлади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирор мусулмон Аллоҳга дуо қилса, бу дуода гуноҳ ва қариндошликни узиш бўлмаса, Аллоҳ унга уч нарсадан бирини беради. Ё дуосини (ижобатини) унга тезлаштириб қўяди ёки уни охиратда унга захира қилиб қўяди ёки дуоси баробарида ундан ёмонликни кетказиб қўяди”, дедилар. Улар: “Ундай бўлса (дуони) кўпайтирамиз”, дейишди. У зот: “Аллоҳ кўпайтирувчироқдир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Шокиржон МАДАМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
[1] Ғофир сураси, 60-оят.

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги