Ёшлар — миллат бойлиги, мамлакат эртасининг ҳал қилувчи кучи. Уларни ҳар томонлама баркамол ва соғлом инсонлар этиб вояга етказишга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётир. Айниқса, юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Чунки маънавияти юксак инсон ўзига ишонади, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилади, халқимизнинг тарихини эъзозлайди, шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлиш, унинг тараққиёти учун ҳисса қўшишга интилади. Фарзандларда бундай фазилатларни шакллантиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг, маҳалладаги меҳрли муҳитнинг таъсири катта.
Шиддат билан ривожланаётган бугунги замонда ёшларимизнинг маънавиятига салбий таъсир ўтказадиган, тўғри йўлдан адаштириб, ғаразли мақсадлар сари етаклайдиган кучлар урчиб бораётгани масалага янада теранроқ нигоҳ ташлаш, масъулиятни кучайтиришни тақозо этади.
Юртимизда баркамол авлодни тарбиялашга доир давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича миллий тажриба тўпланган, бу борада халқаро меъёрларга мос мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Бундан ташқари, фарзандни тарбиялаш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, катталарни эъзозлашдаги ўзига хос муносабатлар миллий қадриятларимизни безаб туради. Ота-оналар фарзанди учун нафақат моддий таъминотчи, балки билим, ахлоқ-одоб, интизом каби маънавий бойлик туҳфа этишлари уларнинг ёрқин келажагига хизмат қилишини унутмаслик керак.
Инсоннинг маънавий даражасини белгилайдиган мезонлар кўп, шулардан бири унинг ота-онасига, кекса авлод вакилларига муносабатидир. Қолаверса, тарихан таркиб топган ва фаол жамоат назорати ўрнатилган маҳаллаларда жамоатчилик фикри адолат ва маънавий мезонлар асосида тартибга солиб турилади. Шу маънода, бугун биз имом-хатиблар маҳалла фаоллари, ёшлар билан ҳар қачонгидан кўра кўпроқ ишлашимиз керак.
Негаки, глобал муаммолар ва таҳдидлар кучайган айни пайтда болаларни асрашда ҳар қачонгидан ҳам ҳамжиҳат ҳаракат қилишни даврнинг ўзи тақозо қилаётир. Энг катта таҳдид интернет тармоғи орқали юз бераётгани сир эмас. Болаларни тобора қамраб олаётган интернет сайтларининг ҳаммаси ҳам фойдали эмас.
Халқаро экспертлар томонидан дунё миқёсида 38 фоиз бола зўравонлик руҳидаги сайтларни, 26 фоиз бола миллатчилик тарғиб этилган веб-саҳифаларни мунтазам кузатиши аниқланган. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, интернетдан фойдаланадиган болаларнинг 90 фоизи ахлоқсиз сурат ва видеоларга дуч келиши, 60 фоизи бу турдаги ахборотни мақсадли излаганианиқланган. “Оммавий маданият” иллатлари айнан интернет орқали болаларнинг онги ва қалбига таҳдид солмоқда.
Яқиндаги кузатишларимизда ёшларга “оммавий маданият” тарғиб этаётган “луғат”га дуч келдик. Унга кўра, исрофгарчилик – бойлик белгиси; ёшлик – тез ўтиб кетувчи ва лаззатланиб қолинадиган фурсат; вафо, садоқат – эскилик сарқитлари; яхши ота–бола қўлига катта пул берувчи позитив ҳамкор, ёмон ота – боласини ўқишга ундовчи негатив ҳамкор; оила – шахс эркинлигини бўғувчи занжир; хиёнат — озод севги ғалабаси; худбинлик — ўзи учун яшаш, оила, фарзанд, ота-она ҳақида қайғурмаслик экан. Бир қарашда арзимасдек туюладиган бундай фикрлар ёш авлод тарбиясига салбий таъсир этмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Ёпирилиб келаётган, миллий менталитетимизга мутлақо ёт бундай иллатларга қарши ҳар бир оилада соғлом маънавий муҳит ҳукм суриши, ёшларда фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш кўникмаси шаклланиши учун интилишимиз жоиз.
Мухтасар айтган, маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Тарбия ё ҳаёт – ё мамот, ё саодат – ё фалокат, ё нажот – ё ҳалокат масаласидир”, деган сўзлари бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнга фақат сўзда эмас, ҳар ким амалда ўзининг ҳиссасини қўшса, кўзланган мақсадга осон эришилади.
Шокиржон ИМОМИДДИНОВ,
Қуйи Чирчиқ тумани бош имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги