Динимиз нима дейди?
Исломнинг дастлабки давридан ҳаром ва ҳалол бир-биридан ажратилди. Аллоҳ ва расули томонидан улар ўртасидаги фарқ баён этилди. Бироқ шариатнинг ўта муҳим бу икки омили ўртасида шубҳали нарсалар бор. Биз умматга айнан шубҳали нарсаларни ажратиб олиш қийин кечади. Ҳақиқат шуки, уларга қилинадиган муносабат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига биноан бўлмоғи энг афзал ҳамда эҳтиёткорона йўлдир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳмат қилганлар: “Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир. Улар орасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун ўзини пок тутибди. Ким шубҳали нарсаларга тушса, худди қўриқхона атрофида чўпонлик қилиб, унга ўтиб кетай деган чўпонга ўхшайди. Огоҳ бўлинг! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳнинг ердаги қўриқхонаси – ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Шариатда ҳалол ва ҳаром нозик, мураккаб масала ҳисобланади. Қилни қирқ ёрган фақиҳлар ушбу масалани ҳам энг нозик нуқталаригача ҳал этишди. Улар бу масалага бағишланган машҳур фиқҳий қоида: – الضرورات تبيح المحظورات – “Заруратлар ман этилганларни ҳам жоиз қилади”ни ишлаб чиқишди.
“Заруратлар ман этилганларни ҳам жоиз қилади” – ҳожат, эҳтиёж ва машаққатларни қамраб олиб, одамларга енгиллик ва осонлик туғдирилиши учун шариатга киритилган аҳамиятли фиқҳий қоидалардан биридир. Ушбу қоида бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотган эмас. Чунки ҳозир ҳожатлар ҳар қачонгидан кўра кўпайган, табиий эҳтиёжлар ортган даврдир. Ана шу қоиданинг моҳиятини тўлиқ англамасдан уни нотўғри талқин қилиш ҳоллари кузатилмоқда. Масалан, замонавий фотосуратлар ва видеолавҳалар оммалашиб кетди. Лекин аксарият инсонлар улардан тўғри фойдаланмаяпти. Айримлар эса бу воситаларни фаҳш ишларни тарқатишда фойдаланишмоқда.
Мақолада мақсадлар эмас, балки оқибатлар ҳақида тўхталмоқчимиз.
Даюслик. Аммор ибн Ёсир розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, даюс ким?” деб сўрашган эди, у зот алайҳиссалом: “Аҳлининг ҳузурига ким кираётганига парво қилмайдиган кимса”, деб жавоб бердилар» (Имом Табароний ривояти). Маълумки, ижтимоий тармоқлар жамоатнинг эътиборида. Яъни, таниш, нотаниш, бегоналар тармоғи. Демак, тармоққа жойлаштирилган суратларни истаган киши кўриши мумкин. Бундан келиб чиқадики оила аъзоларининг суратларини ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиш даюслик белгисидир. Аллоҳ таоло қиёмат куни даюсга раҳмат назари ила боқмайди.
Назарланиш. Аллоҳ
таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитоб қилади:
«Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени
кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва албатта, у жиннидур, дерлар» (Қалам сураси, 51-оят). Оятдаги “Кўз билан
тойдириш”нинг икки хил маъноси бор. Бири адоват ва душманлик назари билан
ҳақ йўлдан тойдириш, адаштириш. Иккинчиси, назар орқали жисмоний зарар етказиш,
йиқитиш, ҳалок қилиш.
Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларда мушриклар Қурайш
қабиласида кўзи бор бир кишини олиб келиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ёмон
кўз билан қаратиб зарар етказмоқчи бўлишган.
“Кўзли” одамлар Бани Асад қабиласида бўлар экан. Агар улардан бири семиз туяни кўрганда ёмон кўз билан қараб: “Ҳой қиз, идишни олиб бориб манавининг гўштидан олиб кел”, деса, туя тезда касал бўлиб йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўлар экан.
Демак, тармоқларга жойлаштирилган суратдаги шахсларга кўз тегиши, ундан баъзи кишилар зарарланиб хаста бўлиши мумкин.
Мақтанчоқлик. Қуръони каримда Аллоҳ таоло мақтанчоқ ва мутакаббир кимсани ёқтирмаслигини бундай баён қилади: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон, 18-оят). Кибр – улкан гуноҳ. Мўмин-мусулмон кибрланишга мутлақо йўл қўймаслиги, ўзини ҳамиша хокисор, камтар тутиши лозим. Ҳаётни Аллоҳга чин бандалик қилиш билан безаши керак. Мақтанчоқлик ҳамда кибр бир-бирига жуда яқин, таъбир жоиз бўлса, эгизак тушунчалар ҳисобланади. Агар бирор киши мақтанчоқ бўлса, демак, унда кибр бор, шунингдек, кибрли кимса, албатта, мақтанчоқ бўлади.
Кўнгил синдириш. Халқимизда“Беш қўл баробар эмас” деган мақол бор. Синовли дунёда Аллоҳ таоло кимнидир мол-дунё, кимнидир фақирлик, кимнидир фарзандсизлик ва яна кимнидир бетоблик билан синайди. Умри қийинчиликда ўтаётганлар ҳам йўқ эмас. Ижитмой тармоқларда турли макон, турли кўринишларда ўзларини намойиш этаётганлар кимларнидир кўнглини синдираётганини унутмасликлари лозим.
Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ берсин!
Миродил МИРЖАЛИЛОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги