Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Исломда юқумли касалликлар муолажаси

Исломда юқумли касалликлар муолажаси

Бугун дунёнинг бир ҳудудида пайдо бўлиб, қисқа вақт мобайнида 200 га яқин давлатга тарқалиб улгурган оммавий касаллик – коронавируснинг хавфи ортиб бораётгани кузатилмоқда. Барча давлатлар эҳтиёт чорасини кўриб, ўз халқи, давлатини бу балодан сақлаб қолишга жуда катта аҳамият қаратмоқда.

Тарихда бу каби хавфли ва юқумли иллатлар кузатилган бўлиб, улар ўз даврида қандай муолажа қилингани тўғрисида манбаларда маълумотлар келтирилган. Бугун тиббиёт, илм-фан техника ривожланган даврда ҳам тўсатдан пайдо бўлган бу иллат олдида бутун дунё ожиз қолмоқда.

Ислом – инсониятнинг ҳаёти, соғлигини сақлаш ва уни ҳимоя қилишга катта эътибор қаратган дин. Инсон ўзи ва ҳаётини ҳалок қилувчи ишлардан сақлашга буюрилган. Халқнинг бошига келган оммавий юқумли касалликлар Ислом тарихида “Вабо” ва “Тоъун” деб номланган. Бу иллатдан шифо топиш ва сақланиш борасида муқаддас динимиз таълимотида турли кўрсатмалар берилган. Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳ асарларида “Тоъун ва вабо” касалликлари ҳақида қуйидаги ҳадислар келтирилган:

Асома ибн Зайддан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоъун ҳақида бундай деганлар: “Тоъун – азоб ва касалликдир. Бу касалликни Аллоҳ таоло Бани Исроил қавмидан бўлган баъзи тоифаларга ва сизлардан олдинги қавмларга юборган. Сизлар уни бирон жойда тарқалгани ҳақида эшитсангиз, у ерга (зинҳор) кирманг. Агар кирсангиз, у ердан (ҳеч қачон) чиқиб кетманг”, дедилар.

Шунингдек, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Бемор киши соғлом кишининг олдига келмасин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло инсонни Ер юзидаги барча махлуқотлар орасида энг улуғ ва мукаррами қилиб яратган. Жисм ва руҳдан иборат инсон ҳаётда ҳар хил имтиҳонлар билан синалади. Унга сабр қилган кишига улуғ ажрлар берилиши ваъда қилинган. Бақара сурасининг 155-оятида: «Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер»,  деб марҳамат қилинган.

Мазкур оят ва ҳадислар мусулмон кишига юқумли касалликлар тарқалганда қандай йўл тутишни, шу билан бирга, атроф-муҳитни, уй-жойларни, кийим-бошни озода сақлаш, шахсий гигиена талабларига қатъий риоя қилишни ўргатади.

Араб тилида “тоъун” ва “вабо” сўзлари бир хил маънога эга бўлиб, оммага салбий таъсири, тез тарқалиб кетиш хавфи билан фарқланади. Уламолар бу икки ҳолатда қуйидаги тавсияларни беришади:

  • зиён келтирувчи сабаблардан эҳтиёт бўлиш ва ундан узоқлашиш;

– тоъун ва вабо бор жойларга умуман кирмаслик, бу касаллик ҳаво-томчи орқали юқиши сабабли унга яқин бормаслик;

  •  касалликка чалинганлар билан бирга бўлмаслик ва уларга яқинлашмаслик;

– нафсини поклаш, Аллоҳга таваккал қилиш, мусибатга сабр қилиш ва рози бўлиш;

– покизаликка эътибор қаратиш, ўзини ва теварак-атрофни озода тутиш;

– касаллик тарқалиб кетишининг олдини олишга бор имкони билан киришиш;

  •  касаллик пайдо бўлган ҳудудга кириш-чиқишни тўхташи. Чунки беморлар билан мулоқотда бўлиш касаллик тарқалишига олиб келади;
  •  тоъун-вабо касаллиги ҳамма даврларда учраб турса-да, улар бир-биридан касалликнинг хусусияти билан фарқланади. Бу касалликнинг илк муолажаси “тошқотиш саломатлиги”,  яъни уйдан чиқмаслик бўлган. Бу муолажани ўн тўрт аср олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида таълим берганлар. Бугун ҳам айнан бу усулдан фойдаланиш муҳим.

Ислом дини жамиятда юқумли, хавфли касалликлар аниқланганда қуйидаги амалларни бажаришни буюради:

  •  касалликни бартараф этиш учун табиблар ижтиҳод қилиши лозим;

– уни бошқаларга юқтирмасликка жиддий эътибор қаратиш;

– касалликни қасддан бошқага юқтириш Исломда ҳаром, шаръан ножоиздир;

– соғлом кишилар вақтинча беморлар билан ҳар қандай алоқани узишлари лозим. Бу борада жуда мулойимлик билан беморлар кўнглига азият бермаслик шарт;

  •  лозим топилса, жамоатдан ажратиш ва яшаш манзилини ўзгартиришга ҳам рухсат берилади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда айнан биздан талаб этилаётган вазифалар ҳам шулардан иборат. Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Фуқароларимиздан ўз соғлигини, ҳаётини сақлаш талаб этиляпти. Бу талаб ва тавсиялар тарихда синалган илмий-ҳаётий тажрибаларга асосланган бўлиб, “тошқотиш саломатлиги” тажрибасига тўғри келади. Яъни, уйда қолиш, тозаликка эътибор бериш, ўз соғлигига жиддий эътибор қаратиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, инсонлар ўртасидаги ўзаро мулоқотни камайтириш, меҳр-мурувватли бўлиш, ўзаро ёрдамни кўпайтириш, уйда фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиш, таътил давридан мақсадли фойдаланиш, масофадан ишлаш каби қулайликлардан иборат.

Ш. УМАРОВ

[carousel-horizontal-posts-content-slider]